Ободлик кўнгилларга кўчмоқда

13:19 24 Ноябрь 2022 Жамият
307 0

Фото: Халқ сўзи

Андижон вилоятида «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурлари доирасида рўёбга чиқарилаётган ўзгаришлар чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли ҳаётида чин маънода янги саҳифа очмоқда.

— 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган маҳалламиз Андижон вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бири бўлиб, Қирғизистон Республикаси билан чегарадош, — дейди Пахтаобод тумани «Тинчлик» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шоҳида Солиева. — Тан олиш керак, аввал шароитларимиз яхши эмас эди. Кўчаларимиз охирги марта қачон таъмирланганини эслай олмаймиз. Электр энергияси, табиий газ, тоза ичимлик суви таъминотидаги узилишлар ҳаёт тарзимизни издан чиқариб юборганди. Аҳоли имкон ахтариб, муқобил турлардан фойдаланишга мажбур бўларди. Энди эса бу муаммолар ортда қолмоқда. Маҳалламизда 270 та симёғочни алмаштириш, мавжуд ички йўлларни асфальтлаш, 2 та сув қудуғини таъмирлаш ва янги қудуқни ишга тушириш, 17 км масофага сув қувурини тортиш ишлари бошлаб юборилди.

Бу ерда «Обод қишлоқ» дастурига мувофиқ замонавий ижтимоий объектларни қуриш ва таъмирлаш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. 27-умумтаълим мактаби, қишлоқ врачлик пункти, маҳалла идорасида бунёдкорлик ишлари авжида.

— Мактабимиз 900 ўринли бўлиб, таъмирталаб бўлиб қолганди, — дейди 27-умумтаълим мактаби директори Абдуваҳоб Қодиров. — Қолаверса, ўқувчилар сонининг ортиши туфайли янги ўқув биносига эҳтиёжимиз бор эди. «Обод қишлоқ» дастурига кўра мактабимизда қайта таъмирлаш ва 90 ўринли қўшимча бинони қуришга киришилди. Бунинг учун 5 млрд. сўмлик лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирда бинода пардозлаш ишлари кетяпти. Тез кунларда ўқувчиларимиз ҳар томонлама қулай шароитга эга бўлган синфхоналарда ўқиш, спортнинг ўнлаб тури билан шуғулланишлари мумкин. Ошхона, кутубхона ва фан тўгараклари учун махсус хоналарда барча шароитлар яратиляпти.

Пахтаобод туман ҳокими ўринбосари Зафарбек Фозиловнинг айтишича, жорий йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 9 та йўналиш бўйича 26,11 млрд. сўм маблағ ҳисобига туманнинг 2 та маҳалласида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бажариляпти. Бу маҳаллаларнинг кун сайин чирой очиб, обод манзилларга айланаётгани уларда яшовчи инсонларнинг турмуш тарзи яхшиланиб бораётганида ўз инъикосини топаётир.

 

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?