Наманганда бир гуруҳ болаларга ногиронлик аравачаси ва байрам совғалари топширилди

14:45 01 Июнь 2023 Жамият
771 0

Фото: «Халқ сўзи»

Бутун дунё бўйлаб ҳар йилнинг 1 июни “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида байрам қилинади. Санани нишонлашга  бундан 98 йил аввал, Женевада болалар фаровонлигига бағишланган Бутунжаҳон конференциясида қарор қилинган эди. Бу кун юртимизда ҳам тантана, турли маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлар билан ўзига ҳос мазмунда ўтказилади.

Вилоят ҳокимлиги ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Наманганда ҳам Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан қатор учрашув, йўқлов ва хайрия ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, 20 дан ортиқ ногиронлиги бўлган ўғил-қизларга махсус аравачалар, эсдалик совғалари, ўйинчоқлар, озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат байрам туҳфалари тақдим этилди. Улардан бири Тўрақўрғон туман Ахси қишлоғида яшовчи Зилола Ваҳобова 1-гуруҳ ногирони, ҳаракатланишида муаммолари борлиги сабабли уйда қолиб келаётган эди. Унга ногиронлик аравачаси берилди. Жисмоний камчилигига қарамай анчагина иқтидорли бўлган бу қиз  чеварчилик ва қўл меҳнати орқали ўйинчоқлар ясаб, тумандаги мактабгача таълим муассасаларига етказиб беряпти, даромади ҳисобидан ота-онасига ёрдам кўрсатмоқда.

- Юртимизда ҳар бир инсон муносиб қадр топаётганини яна бир бор ҳис қилдим,- дейди Зилола. – Айниқса, биз сингари жисмоний имконияти чекланганларга кўрсатилаётган алоҳида эътибордан ниҳоятда ҳурсандмиз.  

Бугун эрта тонгдан вилоятнинг барча ҳудудларида байрам қувончлари  янграмоқда. Мактабгача таълим муассасаларида сана айниқса, ўзига ҳос мазмунга бой дастурлар билан нишонланяпти. Меҳнат жамоалари, тадбиркорлик тузилмалари вакиллари, маҳаллалардаги саҳоватли инсонлар кўп фарзандли хонадонларга совғалар билан кириб бориб йўқловлар уюштиришмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?