Мис саноати кластери ташкил этилади

22:54 28 Июнь 2021 Кластер
5539 0

Президент Шавкат Мирзиёев 28 июнь куни мис ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ҳамда саноат кластерини ташкил этиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Охирги 5 йилда мамлакатимизда мис ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 1,5 баравар ошиб, 2020 йилда 148 минг тоннага етган. Лекин ундан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлаш ишлари етарли эмас. Хусусан, миснинг қарийб 60 фоизи хомашё сифатида экспорт қилинмоқда.

Халқаро экспертларнинг фикрича, электромобиллар, электротехника ва қайта тикланувчи энергия соҳаларининг ривожланиши эвазига 2030 йилга бориб дунёда мисга бўлган талаб 40 фоизга ошиши кутилмоқда.

Мисдан келадиган даромад бугунги кунда 2,5 миллиард долларни ташкил этаётир. Келгуси 5 йилда мис ишлаб чиқариш ҳажмини 400 минг тоннагача етказиш орқали, бу кўрсаткични турдош тармоқлар билан бирга 7-8 миллиард долларга етказиш мумкин.

Шу мақсадда, 24 июнь куни “Кон-металлургия саноати ва унга боғлиқ соҳаларни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Мис саноати кластери ташкил этилиши белгиланди ва Бош вазир раҳбарлигида Махсус комиссия тузилди.

Йиғилишда ушбу стратегик вазифани амалга ошириш чоралари кўрсатиб ўтилди.

Аввало, рангли ва ноёб металлар учун геология-қидирув ишларини кенгайтириш бўйича 5 йиллик дастур ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Соҳада лойиҳа ва муҳандислик хизматларини ривожлантириш учун етакчи халқаро компанияларни жалб этган ҳолда, замонавий лойиҳа институтини ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

Юртимизда тоғ-кон ускуналари ва жиҳозларини ишлаб чиқаришни ҳамда уларга сервисни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Комбинатларда автотранспорт, рақамлаштириш каби алоҳида фаолият турлари хусусий секторга кооперация ва аутсорсинг асосида берилади.

Ноёб металлар ва қотишмалар бирлашмасида металл қотишмалар тайёрлаш, “Ўзэлтехсаноат” корхоналарида маиший техника, компьютер, аккумулятор батареялар, электромобилларнинг бутловчи қисмлари каби юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Инновацион ривожланиш вазирлигига соҳа корхоналарининг фаолиятини илмий-тадқиқот ва амалий инновация ишлари билан узвий боғлиқликда ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш топширилди. Кластернинг ҳар бир бўғини учун олий маълумотли мухандис-технолог ҳамда ишчи мутахассисларни тайёрлаш, шу мақсадда етакчи хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги айтилди.

Малакали мутахассисларни жамлаб, мис саноати кластерини ташкил этиш бўйича чет эл тажрибасини чуқур ўрганиш, халқаро компанияни жалб қилган ҳолда, геология ва кон-металлургия соҳасини ривожлантиришда стратегик йўналишларни белгилаш бўйича топшириқлар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?