Мирза Салимбек ким эди?
Бухоро амирининг буйруғи билан Тошкентга – Туркистон генерал – губернатори ҳузурига сафар қилган Мирзо Салимбекни зиёфатга таклиф қилишди. Генераллар ва ишбилармонлардан иборат йигирма чоғли киши даврасида губернатор меҳмонга юзланиб, дунёнинг кўп жойларини сайр этгани, кўп ўқиганини айтди.
“Рус, Фаранг, Турк, Эрон вилоятларида саноат ва ҳунармандчилик ашёларидан кўп ажойиб нарсаларни кўрдим, – дея давом этди губернатор. – Сўрасам, айтар эдиларки, булар Бухоройи шариф буюмларидир. Сўнг ҳайрон қолганимни кўриб, жавоб бердиларки, Бухоройи шарифнинг аксар ашёлари келар эди, бизнинг ашёларимиз тижорат орқали Бухорога борар эди. Суриштирсам, айтдиларки, Бухоронинг катталиги Самарқанд билан баробардир. Қани айт- чи, қандай қилиб, бу қадар мўл маҳсулот кўпчилик вилоятларга Бухородан жўнатилур ва кўпгина давлатлардан келтирилган моллар Бухорога юборилиб, савдо қилинур?
Мирза Салимбек саволга жавобан губернаторга “Кўрган ва эшитганларимнинг ҳаммаси хотирамда бор, деяпсан. Уларни қайси аъзоинг билан мушоҳада қиласан?” дея сўради. “Юрагим билан. Зеро, инсоннинг дониши юракка боғлиқдир”, дея жавоб берди мезбон.
Шунда Салимбек “Эгаллаган илмингга етти аъзоинг қатнашган. Бежизга дунёни етти иқлим, деб аташмайди. Инсоннинг бутун аъзоси етти иқлимга қиёсдир. У бош, қорин, орқа, юрак, қўл ва оёқ, кўз бўлиб, дунё ҳам шу хилда тузилган. Бухоройи шариф дунёнинг юрагидир. Ҳамма жойларнинг ашёлари Бухоройи шарифга келиб, илм ва ҳикматдек Бухоройи шарифдан бутун мамлакатларга тарқалади”, – дея жавоб қайтарди.
Мирза Салимбек сўзини тугатар-тугатмас губернатор ўрнидан туриб кетди. Даврада “Офарин” деган сўзлар янгради. Мезбон уйи токчасидан бир қути олиб, ундаги тилла соатни Мирза Салимбекка туҳфа қилди.
– Ўшанда бу фидойи юртдошимиз Самарқанддан Бухорогача симсиз телеграфни олиб келиш учун музокара ўтказгани борган эди, – деб ёзиб қолдирган бухоролик зукко мозийшунос, тарих фанлари доктори, профессор Фарҳод Қосимов. – У ниҳоятда маданиятли, маърифатпарвар инсон бўлган. Муҳаммад Наршахий бошлаб берган анъанани давом эттирган Аҳмад Дониш, Мирзо Абдул Азим Сомий, Шарифжон Махдум Зиё каби мозийшунослар қаторида Бухоро ва шарқ мамлакатлари тарихига оид асарлар ёзган.
Биз юқорида баён этган воқеани ҳам Мирзо Салимбек ўзининг “Кашкули Салимий” китобида ҳикоя қилган.
Қаҳрамонимиз 1850 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Йигирмага кирганида Нарпай ва Зиёвуддин беглигида мирзолик вазифасида ишлаган. Кейин эса амирнинг махсус топшириғи билан ўн йилдан зиёд вақт мобайнида Тошкентда яшаган. 1885 йилда Петербургга юборилган элчилар таркибида Россияга сафар қилган. Кейин эса Бухоро миршаби, Яккабоғ, Нурота, Бойсун бекликлари ҳокими лавозимида ишлаган.
Амирлик қулагач, Мирзо Салимбек шўро тузуми томонидан қамоққа олинади. Мол-мулки мусодара этилади. Аммо Бухоро Халқ Республикаси ҳукумати уни ҳибсдан озод этади. Негаки, Мирзо Салимбекдек илму маърифатли, донишманд кишилар жамият учун жуда керак эди. Шундан сўнг у Бухоро давлат кутубхонасида ишлайди. Бухорода илк музейни ташкил этишда жонбозлик кўрсатади. Илмий тадқиқот ишлари олиб боради.
– Асарлари орасида “Таърихи Салимий” алоҳида ажралиб туради, – дея ёзади Фарҳод Қосимов. – Асарда Ўрта Осиё, Туркистон, айниқса, шариф шаҳарнинг Чингизхон босқини давридан Бухоро Республикасининг тузилишигача бўлган катта тарихий давр илмий тарзда ёритилган. Тошкентда тош босма усулда чоп этилган бу китоб қимматли маълумотларга бой. Муаррих ўзбек ва тожик тилларида ижод қилган. Мирзо Салимбек 1930 йилда Бухоро шаҳрида вафот этган.
Истам ИБРОҲИМОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг