Меҳнат самараси – ҳар бир дастурхонда

10:28 23 Декабрь 2025 Жамият
204 0

Бугун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги энг долзарб масалалардан бирига айланди. Иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва глобал муаммолар нафақат мамлакатимиз, балки ҳар бир хонадоннинг ҳам дастурхонига таъсир кўрсатиши мумкин.

Шундай шароитда Президентимиз фармони билан Янги Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган аграр ислоҳотлар бошланди. Сурхондарё вилоятидаги фермерлар, аграр клaстерлар ва ишбилармонлар маҳаллий заминдан оқилона фойдаланиш орқали аҳолини сифатли ва барқарор озиқ-овқат билан таъминламоқда.

Сўнгги йилларда Сурхондарёда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда фан ютуқлари, инновацион ғоялар ва сув тежовчи технологиялардан оқилона фойдаланиш асосий йўналишга айланди. Натижада, ер майдонлари қисқарганига қарамай, ҳосилдорлик сезиларли даражада ўсди. Масалан, беш йил аввал 74,1 минг гектар пахта майдонидан 201,5 минг тонна ҳосил олинган бўлса, бу йил 62,9 минг гектар ердан 291,1 минг тонна хом ашё терилди.

Ғаллачиликда ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. 2020 йилда 93 минг гектар майдонда бошоқли дон парваришланиб, 619,4 минг тонна ҳосил йиғилган бўлса, бу йил 89,3 минг гектардан 820,7 минг тонна дон йиғилди. Бу кўрсаткичлар қишлоқ хўжалигида замонавий, самарали усуллар жорий қилиниши ўз натижасини берганидан далолат беради. Бундан ташқари, вилоятда 2,3 минг тонна пилла, 2,3 миллион тонна мева-сабзавот, 226,8 минг тонна гўшт, 1 миллион тоннадан зиёд сут, 610,5 миллион дона тухум етиштирилди. Бу рақамлар Сурхондарёни нафақат республикада, балки минтақадаги йирик ва аҳамиятли аграр ҳудудлардан бири сифатида намоён этмоқда.

— Бугун қишлоқ хўжалигида асосий мезон ернинг кўплиги эмас, ундан қай даражада оқилона фойдаланишдир, — дейди Сурхондарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Фарҳоджон Исмоилов. — Сув тежовчи технологиялар, инновацион ёндашувлар, кластер тизими орқали биз ҳосилдорликни кескин оширишга эришяпмиз. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлиги, экспорт ва аҳоли даромадларининг ўсишига хизмат қилмоқда.

Айни пайтда вилоятда олтита пахта-тўқимачилик, 13 та мева-сабзавотчилик, иккита ғаллачилик ва битта шоличиликка ихтисослашган кластер фаолият юритмоқда. Кейинги икки йилда пахтачиликда хориж тажрибаларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йил 3,3 минг гектар, бу йил эса 16,2 минг гектар майдонда Хитой тажрибаси асосида чигит қадалиб, мўл ҳосил олинди.

Сабзавотчиликда ҳам илғор инновация ва фан ютуқлари кенг қўлланилиб, ўтган йил 3,2 минг гектар, жорий йилда беш минг гектар майдонда интенсив сабзавотчилик йўлга қўйилди. Глобал озиқ-овқат танқислиги хавфи кучайиб бораётган бир пайтда Сурхон воҳасида ички бозорни арзон ва табиий маҳсулот билан таъминлаш, шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробар ошириш ва экспортни кенгайтириш учун етарли имконият мавжуд. Шу мақсадда хонадонларда томорқачиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилда 4,3 миллиард сўм маблағ эвазига Термиз туманида “Сурхондарё инновацион томорқа мактаби” ташкил этилди. Бу ерда томорқа эгаларига талаб юқори бўлган экинларни парваришлаш, томчилатиб суғориш, иссиқхона хўжалигини юритиш бўйича чуқур билимлар берилмоқда. Ушбу масканда ўқув биноси, уч гектар иссиқхона ва уч гектар ўқув-тажриба майдони барпо этилди. Тажриба участкасида банан, папая, лимон, шунингдек, Тошкент алегатор, Сурхондарё жайдари, Кенза, Исмалоқ каби кўкатлар етиштирилмоқда.

Ўқув курсларига уста-деҳқонлар, олимлар ва мутахассислар жалб қилиниб, тингловчиларга йилига 3-4 марта ҳосил олиш орқали 1 сотих ердан ўртача 10–15 миллион сўм даромад олиш амалиёти ўргатилмоқда.

— Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган қарор ва фармонлар фермерлар учун янги имкониятлар эшигини очди, — дейди Қумқўрғон туманидаги “Гулистон” кўп тармоқли фермер хўжалиги бошлиғи, “Шуҳрат” медали соҳиби Манноб Нематов. – Илгари асосий эътибор фақат ҳосил олишга қаратилган бўлса, бугун яратилган шарт-шароитлар туфайли маҳсулотни етиштиришдан тортиб, қайта ишлаш ва бозорга чиқаришгача бўлган тўлиқ занжирни йўлга қўйяпмиз. Интенсив технологиялар, сув тежовчи усуллар, имтиёзли молиялаштириш ва давлат қўллаб-қуввати натижасида ҳосилдорлик ҳам, даромад ҳам сезиларли ошди. Энг муҳими, қишлоқда меҳнат қилиб, муносиб даромад топиш мумкинлиги амалда исботланяпти.

Вилоятда хорижий инвестициялар иштирокида йирик лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан, Музработ туманида Хитойнинг “Jiangsu World Machinery Co. Ltd” компанияси таъсисчилигидаги “GF World Termez” МЧЖ томонидан қиймати 80 миллион АҚШ доллари бўлган 5 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси асосида пахта етиштириш ва қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа 2026 йилда тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, натижада 800 та янги иш ўрни яратилади. Йиллик 10 миллиард сўмлик бюджет тушуми, 10 миллион долларлик экспорт ҳажми таъминланади. Шунингдек, мазкур туманда Россиянинг “Лето” компанияси таъсисчилигидаги “Блесс С.Р” қўшма корхонаси томонидан 200 гектар майдонда иссиқхона, агрологистика маркази ва маҳсулот етиштириш йўлга қўйилди. Термиз туманида эса Хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда “Huamian Taifeng Termiz” МЧЖ ташкил этилди. Ушбу 96 миллион долларлик лойиҳа доирасида 3 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш асосида пахта етиштириш, тўлиқ қайта ишлаш, 300 та барқарор иш ўрни яратиш ва йиллик 12 миллион долларлик экспортга эришиш кўзда тутилган.

Янги Ўзбекистонда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар Сурхондарё вилояти мисолида ўзининг аниқ натижасини бермоқда. Бу ислоҳотлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, нархлар барқарорлигини сақлаш, экспортни ошириш ва энг муҳими, қишлоқ аҳолисининг фаровон турмуш кечиришини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Фарҳод ЭСОНОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?