Матонатли “Йил Аёли”
Асли касби ҳамшира бўлган Гулмира Жумаева ҳаётнинг оғир синовлари олдида синмади. Оилавий шароит тақозоси билан 2008 йилда меҳнат муҳожири сифатида Россия Федерациясига йўл олди. У ерда йиллар давомида чиқиндиларни қайта ишлаш корхонасида фаолият юритди. Оғир меҳнат, қатъий интизом ва юксак масъулият унинг кундалик ҳаётига айланди. 2016 йилда Ватанга қайтган Гулмира Жумаева хорижда орттирган тажрибасини юртимиз манфаати йўлида сафарбар этди. Бир пайтлар қўлқоп кийиб чиқиндилар орасида юрган аёл бугун Каттақўрғон шаҳридаги “Анваржон бизнес инвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари сифатида танилмоқда.
— Илк йилларда барчасини нолдан бошладим. Ҳеч ким тайёр иш бермади, — дейди Гулмира Жумаева. — Аввалига оз-оздан чиқиндилар қабул қилардим, кейин эса ишимни кенгайтириш ҳақида ўйлай бошладим. Ҳужжатлар, рухсатномалар, ишчи кучини топиш — барчаси катта сабр ва жасорат талаб қилди. Аммо ортга йўл йўқ эди. Бугун ўз корхонам орқали нафақат ўзимни, балки бир неча оилани иш билан таъминлаётганимдан фахрланаман. Энг муҳими, бу иш орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳам ҳисса қўшяпман.

Кичик сармоя унда катта умид уйғотди. Бугун у давлат томонидан тадбиркорлик учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда 5 та масъулияти чекланган жамиятни ташкил этди. Натижада 500 га яқин ёшлар ҳамда хотин-қизлар учун доимий иш ўринлари яратилди. У асос солган чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси юзлаб оилалар учун барқарор даромад манбаига айланди. Юзга яқин техникаси бор. Учта туманга хизмат кўрсатмоқда. Корхонадан кунлик 35–40 тонна маҳсулот чиқмоқда. Сўнгги беш йилда 178 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Айни пайтда корхонада 13 турдаги ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилиб, йирик саноат корхоналарига етказиб берилмоқда. Ишлаб чиқариш қувватларини янада кенгайтириш мақсадида Хитой Халқ Республикасидан 100 минг АҚШ доллари қийматида замонавий асбоб-ускуналар олиб келинди.
Гулмира Жумаеванинг йиллар давомидаги фидокорона меҳнати эътибордан четда қолмади. Экология соҳасидаги хизматлари учун у “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, 2025 йилги “Йил аёли” миллий танловининг Республика босқичида экологик масъулият ва самарали тадбиркорлик фаолияти учун олий мукофот — Гран-прига сазовор бўлди.

Оддий меҳнаткаш сифатида танилган Гулмира Жумаева бугун Ўзбекистонда “Йил аёли” деган юксак эътирофга сазовор бўлди. Унинг ташаббускорлиги, экологик маданиятни юксалтиришга қўшган ҳиссаси ва самарали тадбиркорлик фаолияти давлат миқёсида муносиб баҳоланди. Шу муносабат билан Гулмира Жумаева Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси — автомобил билан тақдирланди.
Унинг машаққат, изланиш ва матонатга тўла ҳаёт йўли шундан далолат берадики, меҳнатга садоқат, қатъият ва тўғри мақсад инсонни энг юксак марраларга олиб чиқади. Гулмира Жумаеванинг ҳаётий тажрибаси нафақат хотин-қизлар, балки жамиятимизда ўз ўрнини топишга интилган ҳар бир инсон учун ҳақиқий ибрат мактабидир.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Ўзбекистон дунёдаги сайёҳлар оқими энг тез ўсаётган етти мамлакатдан бири — БМТ ҳисоботи
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг