Мақсад – тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш

13:24 20 Май 2020 Иқтисодиёт
1002 0

Коронавирус пандемияси даврида давлатимиз раҳбари раҳнамолигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, глобал иқтисодий инқирозни бартараф этиш борасида тезкор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, бу борада муҳим Фармон ва қарорлар қабул қилинди.

 Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳозирги пандемия билан боғлиқ жараёнларда олиб борилаётган ишларнинг узвий давоми бўлди, десак муболаға эмас.

Микрофирма, кичик корхона, фермер хўжалиги, ҳунармандлар, якка тартибдаги тадбиркорларга имтиёзлар берилиши билан аҳоли иш билан таъминланади ва ўзининг даромад манбаига эга бўлади.

Шу жиҳатдан Фармон билан кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари учун ижтимоий солиқ ставкаси жорий йил 1 майидан 1 июлгача бўлган даврда 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилади. Бунинг натижасида 260 мингдан зиёд корхона 650 миллиард сўм маблағни тежашга эришади. Кичик бизнес вакиллари, якка тартибдаги тадбиркорлар уч ой давомида ер ва мол-мулк солиғидан озод этиляпти. Бу эса 50 мингдан ортиқ тадбиркорнинг 300 миллиард сўмни тежаб қолишида муҳим омил бўлади. Мақсад бир, у ҳам бўлса, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашдир.

Бундан ташқари, тадбиркорларга божхона тўловларини 120 кун муддатгача кечиктириб тўлаш имконияти бериляпти. Бу ҳам импорт қилаётган ишбилармонларга катта ёрдам бўлади.

Шу билан бирга, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 2020 йил 1 июндан бошлаб қўшимча 10 фоизга оширилади. Натижада бюджетдан 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратиляпти.

Шунингдек, Фармонда маҳсулотга нисбатан ички талабни ошириш илгари сурилган. Яъни фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан қўшимча 2 триллион сўм маблағ йўналтириш назарда тутилган. Буларнинг барчасини Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан барча ҳудудларда берилишини таъминланиши қайд этилган.

Бу орқали аҳолига ўз уйида ишлаб чиқаришга шароит яратиб бериш, қолаверса, фуқароларни иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш, ўзининг иш ўрнини ташкил қилишга эришилади. 

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур Фармон кичик бизнес субъектлари, микрофирмалар, фермер хўжаликларини ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Одилжон ИМИНОВ,
Олий Мажлис Сенати
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар
масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер