Манзиллар обод, кўнгиллар мунаввар

12:58 08 Ноябрь 2024 Жамият
401 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Андижон вилоятида маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Жалақудуқ туманида ҳам аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган ушбу саъй-ҳаракатлар бугун юртдошларимиз ҳаётида қандай ўзгаришларни юзага келтирмоқда?

— Авваллари яхши кунлар ҳақида ўйласам, “Биз кўрмаган кунларни набираларимиз кўрсин”, дея дуо қилардим, — дейди тумандаги “Бўстон” маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Орифжон Акбаров. — Энди бўлса шундай фаровон турмушда яшаётганимга шукрона келтирмоқдаман. Тасаввур қилинг, эрта тонгда кўчага чиқсам, йўлимиз асфальтланиб қолибди. Ўнгимми ё тушимми, дея ҳайратландим. Ахир бу кунни биз узоқ йиллар давомида кутгандикда. Сабаби кўчаларимиз охирги марта 1990 йилда асфальтланган эди. Орадан ўтган йиллар давомида у таъмирталаб аҳволга тушиб қолганди. Энди бўлса ёзда чанг, қишда лой кўчалар тарихга айланди. Қаранг, қандай кенг ва равон йўлимиз бор!

Дарҳақиқат, Ориф отанинг қувонганича бор. Фаровон турмушнинг асосий белгиларидан бири йўлдир. Оддий мисол, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар манзилга таъриф берар экан, энг аввало, йўлга баҳо беради. Лой кўчалар киши кайфиятини бузибгина қолмасдан, эртанги кунга бўлган ишончини сўндиради. Таъмирланган йўлда юриш эса бугунги кунидан миннатдорлик ҳиссини уйғотади. “Бўстон”ликларнинг ҳаётдан мамнун бўлиб яшашлари учун сабаб бўлган ҳодиса ҳам маҳалладаги 3 та кўча тўлиқ асфальтланиши бўлди. Бу ерда 1 млрд. 650 миллион сўм маблағ ҳисобига 4,4 кмдан иборат ички кўчаларга асфальт ётқизилди. Бу орқали 3200 нафар аҳолининг мушкули осон бўлди.

Ҳаётимизни сувсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ҳатто кундалик фаолиятимизда ҳам унинг ўрни беқиёс. Шу боис ҳудудлардаги ичимлик суви таъминотидаги муаммолар аҳоли турмуш шароитига жиддий таъсир кўрсатади. Афсуски, тумандаги иккита маҳаллада ҳам бу борада фуқароларни қийнаб келаётган масалалар мавжуд эди.

— Кўчамизнинг номи “Оби ҳаёт” бўлсада, аслида ичимлик сувига зор эдик, — дейди “Маданият” МФЙда истиқомат қилувчи Зарнигорхон Қосимова. — 40 йилдирки, сувни маълум масофадан ташиб келдик. Болаларимизнинг, келинларимизнинг ярим кун вақти сув ташишга сарфланарди. Ҳозир ҳар бир хонадонга сув жўмраклари ўрнатилди. Бу билан турмушимиз тубдан ўзгариб кетди. Сабаби, шу туфайли ошхона, ҳаммом қурдик. Аввалгидек, ариқдаги сувда юз-қўлимизни ювишлар энди йўқ.

Ушбу маҳалладаги 110 та хонадонда яшовчи аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 2 млрд. 42 миллион сўмлик лойиҳа ишлари амалга оширилди. Унга мувофиқ 2 км тармоқ тортилиб, 1 та сув қудуғи ишга туширилди. Худди шундай саъй-ҳаракат туманнинг энг олис ҳудуди ҳисобланмиш “Қутлуғ” МФЙда ҳам бажарилди. Бу ерда фойдаланишга топширилган сув минораси бутун маҳалла аҳлининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондирди.

— Маҳалламиздаги ҳар бир хонадонга сув жўмраклари олиб кирилиб, сув ҳисоблаш ускуналари ўрнатилди, — дейди “Тараққиёт” кўчасидаги хонадонда истиқомат қилувчи Дилнозахон Миролимова. — Бу орқали нафақат сувни, балки фойдаланилган тоза ичимлик суви учун тўловни ҳам тежаш мумкин. Ҳисоб-китоб қилиб кўрсам, ҳозир бир ойда аввалгига нисбатан 4-5 баробар кам пул тўлаяпман.

Куз-қиш мавсуми яқинлашгани сари аҳолини электр энергияси таъминотидаги муаммолар ташвишга солади. Бу ўй-хаёл жалақудуқликларни ҳам четлаб ўтмаган, албатта. Ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш орқали бу борадаги масалаларга ҳам ечим топилди. Мисол учун, “Ғозичек” маҳалласида барпо этилаётган 110 киловаттли министанциянинг қуввати 10 минг киловаттга тенг. У орқали нафақат аҳолининг, балки тадбиркорлик субъектларининг ҳам электр энергиясига бўлган талабини тўлиқ қондирилади. Лойиҳа фойдаланишга топширилгач, унга 76 та трансформатор уланади. Натижада 35 минг нафар аҳоли ва 50 дан ортиқ тадбиркорларнинг мавзуга доир муаммосига ҳожат қолмайди.

— Ўтган йилги қиш мавсумида трансформаторга ҳеч ёлчимадик, — дейди меҳнат фахрийси Муродил Жўраев. — Эскилиги боис сал шамол бўлса ҳам ишламай қолаверарди. Аҳоли сони кўпайиб кетганлиги учун қуввати ҳам етмаётганди. Бу йил қай бир кўчага разм солманг, янги трансформаторга кўзингиз тушади. Энди хонадонимизда чироқ ўчмас экан, деб хурсанд бўляпмиз!

Қисқа муддатда амалга оширилаётган бу ўзгаришлар жалақудуқликларнинг эртанги кунга бўлган ишончини ошириб, бугунги кунидан мамнун яшашларига сабаб бўлмоқда.

— Шу йилнинг август ойида бошланган бунёдкорлик ишлари натижасида қайсидир маҳаллада сув таъминоти яхшиланган бўлса, бошқасида электр энергиясига доир муаммолар бартараф этилди, — дейди туманнинг Охунбобоев шаҳрида яшовчи Фахриддин Аҳмадалиев. — Лой ва шағал кўчалар ўрнига асфальт йўллар барпо этилди. Бу ўзгаришларни кўрган ҳамюртларимиз ўз хонадонига ҳам янги ҳаётни олиб кирмоқда. Сабаби, биз хоҳлаймизми-йўқми, уй ичидаги турмушимиз маҳалламиз инфратузилмасига боғлиқ. Шунинг учун Президентимизнинг ҳудудларни комплекс ривожлантиришга доир қарори халқимиз турмуш шароитини тубдан яхшилашга бўлган эътибор ифодасидир, дейман.

Жалақудуқ туманида қарор ижросини таъминлаш доирасида 5,1 млрд. сўм маблағ ҳисобига 7 та объект инфратузилмасини ривожлантириш белгиланган. Айни пайтга қадар кўзланган вазифаларнинг 90 фоизи ҳаётга татбиқ этилди. Бунинг натижасида обод бўлган манзиллар қиёфасини жалақудуқликларнинг очиқ чеҳрасию ўткир нигоҳида ва бахтиёр табассумида ҳам кўриш мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?