Маҳалланинг ўз ҳамшираси бор

13:22 15 Январь 2026 Жамият
202 0

Қишлоқ шифокори деганда кўпчиликнинг кўз ўнгида, аввало, йилнинг тўрт фаслида ҳам маҳалла кўчаларини кезиб, уйма-уй юриб хизмат қиладиган патронаж ҳамшираси гавдаланади. Уни ҳамма танийди, ҳамма кутгандай кутади. Чунки у — шифокоргача бўлган биринчи қадам, касалликнинг олдини олувчи, дардни эрта пайқайдиган, аҳоли саломатлигининг энг яқин ҳимоячисидир.

Аҳолини ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш, касалликларни барвақт аниқлаш, сурункали дардлар асоратини олдини олишда патронаж ҳамшираларининг хизмати беқиёс. Улар соғлиқни сақлаш тизимининг “кўринмас майдон”ида меҳнат қилаётган фидойи ходимлардир.

Самарқанд туман соғлиқни сақлаш бўлимига қарашли 1-сон оилавий поликлиника патронаж ҳамшираси Мулкия Ахматова Ўрташиқ маҳалласи аҳолиси учун ана шундай ишончли суянч. Бугунги кунда ушбу бригадага қарийб 3 минг нафар аҳоли бириктирилган. Оилавий шифокор Гулбаҳор Зоҳидова, амалиётчи ҳамшира Сафира Рашидова, патронаж ҳамширалар Нилуфар Шакирова ва Дилдора Абдураҳимовалар билан биргаликда аҳоли саломатлиги йўлида самарали фаолият олиб бормоқда.

— Маҳалла ҳамшираси бўлиб ишлаш катта фидойилик талаб қилади, — дейди Мулкия Ахматова. — Ҳудудимда 56 нафар 5 ёшгача болалар, 16 нафар ҳомиладор аёл, саломатликнинг 3-гуруҳидаги сурункали касалликлар билан диспансер назоратида турган 211 нафар бемор бор. Шунингдек, 4-гуруҳга кирувчи, ўзгалар парваришига муҳтож, якка ёлғиз ва ётоқ режимидаги 5 нафар бемор доимий назоратимда. Баъзан байрам кунлари ҳам уларнинг ҳолидан хабар оламан. Юқумли касалликка чалинган беморларни поликлиникага олиб бораман. Маҳалладаги кексаларнинг аксарияти юқори қон босими билан яшайди. Уларнинг қон босимини мунтазам ўлчаб, маслаҳат бериб тураман. Ҳудудимдаги ҳар бир инсоннинг саломатлиги — мен учун масъулият.

Аслида, бу сўзлар ортида кундалик меҳнат, юзлаб эшик қоқишлар, минглаб мулоқотлар, инсон дардига шерик бўлиш бор. Патронаж ҳамшира — бу нафақат тиббиёт ходими, балки маҳалланинг ишончли маслаҳатчиси, кексаларнинг суянчи, ёш оналарнинг йўл кўрсатувчисидир.

Айни пайтда мазкур 1-сон оилавий поликлиника туманнинг Хўжа Ахрори Вали, Мирзо Улуғбек, Гулбоғ, Кўсаҳо, Чоршанбе, Ўрташиқ, Сулфаккавутак, Хаймари Боло ва Хаймари Поён маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи жами 29 625 нафар аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Маълумки, илгари ушбу поликлиника аҳолиси туманнинг Кўп тармоқли марказий поликлиникасига бириктирилган эди. Жорий йилда эса у мустақил фаолият юритувчи 1-сонли 2-типдаги оилавий поликлиника сифатида қайта ташкил этилди. Бу эса аҳолига яқин, тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтирди.

Бугун поликлиникада 10 та тиббий бригада фаолият юритиб, улар таркибида 10 нафар оилавий шифокор, 10 нафар амалиётчи ҳамшира ва 30 нафар патронаж ҳамшира аҳоли саломатлиги учун масъул. Шунингдек, педиатр, акушер-гинеколог каби тор соҳа мутахассислари, УТТ ва ЭКГ диагностика хизматлари йўлга қўйилган. Муолажа, физиотерапия, эмлаш ва кундузги стационар хоналарида аҳолига кафолатланган пакет доирасида бепул тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Марказлашган лаборатория тизимининг жорий этилгани эса яна бир муҳим янгилик бўлди. Агар илгари 7–8 турдаги таҳлиллар билан чекланилган бўлса, бугун 18 турдаги лаборатор таҳлилларга намуна топшириш имконияти яратилди. Бу эса аҳоли учун ҳам, тиббиёт ходимлари учун ҳам катта енгилликдир.

Соҳани рақамлаштириш, ДМЕД иловаси орқали электрон битимлар тузилиши, аҳолининг бригада ва муассасаларга бириктирилиши, электрон амбулатор карталар шакллантирилиши патронаж ҳамшираларнинг қоғозбозликка сарфлайдиган вақтини камида 30 фоизга қисқартирди. Энг муҳими, бу вақт эндиликда бемор билан юзма-юз мулоқотга, саломатликни мустаҳкамлашга сарфланмоқда.

Маҳалланинг ўз ҳамшираси бор экан — бу катта бойлик. Чунки соғлом жамият аввало ана шу фидойи, камтар, аммо улкан масъулиятни елкасида кўтариб юрган ҳамширалар меҳнати билан барпо бўлади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер