Китобпарвар отахон
Абдували ота Холмаҳмудов Зангиота тумани ҳокимига мурожаат билан борди. Бир оқсоқолнинг ҳокимиятга мурожаат билан бориши ҳозирги давр учун оддий ҳол. Бироқ гапнинг даромади арзчи ё тингловчида эмас, мурожаатда.
– Китоб ўқиган одамни халқмиз доим эъзозлаб уйининг тўрига ўтказади, – дейди Абдували ота. – Китоб ўқиган, китоб кўрган дейишади. Бугун ҳам ўзини зиёлиман деган инсон бўш вақтини беҳуда сарфламай, китоб ўқишни одат қилиши керак. Бунинг учун туманимизда марказий кутубхона, яна бошқа китоб дўконлари бор. Аммо узоққа боришга қийналувчи, қолаверса, ёш болалар туман марказидаги кутубхона ё шаҳардаги китоб дўконига боролмаслиги мумкин. Шунинг учун туман ҳокимига мурожаат қилдим.
Зангиота тумани ҳокимлиги мурожаатни қаноатлантиришни кўпга чўзмади. Туманнинг “Алимбува” маҳалласида ихчам китоб жавони ўрнатилиб, янги бадиий ва илмий адабиётлар билан таъминланди.
Пештоқига “Кутубхона” ва “Илм” сўзлари ёзилган мазкур маърифат манбаи маҳалладаги етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган барчанинг ихтиёрида. Бу жавондаги ҳар бир китобнинг бурчагида “Омонат” деган битик бор.
Бу қизил жавон атрофи тезда гавжумлашиб борди. Шу ердаги “омонат”лар маҳалладаги деярли ҳар бир хонадонга кириб чиқмоқда.
– Абдували бувамнинг кутубхонасидан китоб олгани ҳар куни келаман, – дейди ўзини Муҳаммадали дея таништирган Зангиота туманидаги 1-мактабнинг 3-“в”синф ўқувчиси. – Бир ўзиммас, ўртоқларим ҳам келади. Ҳали ёшлигимизни айтиб, Абдували бувам телефон тутмаслигимизни насиҳат қилади, кўпроқ китоб ўқишимизни таъкидлайди.
Шу кунларда “маҳалла кутубхонаси” фондини бойитиш чоралари кўрилмоқда, худди шундай кутубхона Зангиота туманининг “Тарнов” маҳалласида ҳам очилиши кутилмоқда.
Отабек ИСРОИЛОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкентда «UzFood 2026» ва «OʻzuPACK 2026» Халқаро кўргазмалари бўлиб ўтмоқда (+фоторепортаж)
- Шайха Носир Ал Новайс: “Мен бу каби ёндашувни аввал кўрмаганман”
- Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида
- “Енгилмас: Токиога йўл” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди
- Тошкентда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад ўтказилмоқда (фоторепортаж)
- Сурхондарёда 3 минг йиллик шаҳар қолдиқлари топилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг