Китоблар инсонларга ўхшайди

14:05 20 Июнь 2025 Жамият
104 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоронинг тарихий қисмида жойлашган «Устоз — шогирд» болалар амалий санъат марказида етти ёшли Нодирбек Муродовнинг сув бўёқдан фойдаланган ҳолда «Абрў баҳор» санъати асосида асар яратаётгани АҚШлик 87 ёшли сайёҳни батамом ҳайратга қўйди. У «Баҳор булутлари» маъносини берувчи шу усулни диққат билан кузатгач, қўлига мўйқаламни тутиб завқланганча ижод қилишга киришди.

— Жажжи шогирдимизнинг ўзидан саксон ёш улуғ инсонга маҳорат сабоғи ўтаётганини кўриш жуда мароқли эди, — дейди марказ раҳбари, таниқли миниатюрачи рассом Давлат Тошев. — Бу ерда у каби истеъдодли ўғил-қизлар кўп.

Ҳозир Давлат Тошевнинг қадимий қўлёзма китобларни реставрация қилиш борасидаги тажрибаси ҳақида тўхталмоқчимиз. Яқинда у Германиядаги Берлин Ислом санъати музейида бўлиб, бир неча кун давомида қадимий китобларни таъмирлаш ишларида иштирок этди. Бу ерда ислом маданиятининг VIII — XIX асрга оид дурдона осори атиқаларини кўриш мумкин.

— Фаолиятим давомида Нидерландиянинг Лейден университети, Швейцариянинг Санкт–Галлен, Туркиянинг Мармара университети кутубхоналарида сақланаётган шарқ қадимий қўлёзма китобларини таъмирлаш ишларида ҳам иштирок этганман, — дейди суҳбатдошимиз. — Биласизми, китобат маданияти кишидан чуқур билим, изланиш, дид, сабр-тоқатни талаб қилади. Хорижда қадимий қўлёзма асарларни асраб-авайлаш борасида жуда катта тажриба тўпланган. Улар замонавий асбоб-ускуналар воситасида атрофлича ўрганилади. Асар дунё юзини кўрган давр, унинг аҳамияти, қайси мактабга тааллуқлиги ва ҳатто китобга қўнган чанг-ғуборгача таҳлил этилади. Мен шу жараёнларда қатнашган бир инсон сифатида шундай хулосага келдим: Китоблар инсонларга ўхшайди. Уларнинг ҳам худди биз каби саломатлигида муаммолар юзага келади. Бемор шифокор хизматига муҳтож бўлганидек, кўҳна китоблар ҳам инсон меҳрига, қаровига эҳтиёж сезади. Шу боисдан ҳам қадимий асарларни таъмирлаб, умрига умр қўшаётганимдан хурсандман.

Мутахассисларнинг эътироф этишича, ўтмишда бир китоб тайёрлаш учун 15 нафардан зиёд киши билими, тажрибаси, кўз нурини сарфлаган. Қоғоз тайёрловчи, муқовасоз, хаттот, мусаввир каби ўз касбининг фидойилари меҳнати эвазига нодир қўлёзма китоблар дунёга келган.

— Қай бир давлатдаги кутубхонада бўлмай беихтиёр кўзларимга ёш келади, — дейди Давлат ака. — Негаки, у ерда Бухоро, Самарқанд каби кўҳна шаҳарларимизда яратилган, замона зайли билан юртимиздан олиб кетилган китоблар кўп. Мен бу асарларнинг европалик олиму тадқиқотчилар томонидан ҳали-ҳануз ўрганилаётгани гувоҳи бўлдим. Шу жараёнда китобларни таъмирлаш борасида кўп нарсани ўргандим.

Асосий иш қуроли қоғоз, табиий ранглар ва мўйқалам бўлган мусаввирнинг таъкидлашича, кейинги йилларда юртимизда қадимий қўлёзма асарларни асраб-авайлаш, уларнинг умрини узайтириш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, юртимиз музей ва кутубхоналарида ота-боболаримиздан мерос кўплаб қўлёзма асарлар сақланмоқда. Уларни келгуси авлодга зиён-заҳматсиз етказиш бурчимиз саналади. Бу мақсадга ўз касбини, юртини жондан азиз биладиган китоб таъмирловчиларисиз амалга эришиш мушкул.

«Устоз- шогирд» болалар амалий санъат марказида ўғил-қизларга нафақат миниатюра санъати, ипак матога нақш тушириш, наққошлик сир-асрорлари, балки қадимий китобларни таъмирлаш усуллари ҳам бепул ўргатилмоқда. Маълумот тариқасида айтиш лозимки, бу ерда айни пайтда 57 нафар иқтидорли ўқувчи сабоқ оляпти. Уларнинг 20 нафари эшитиш ва гапиришда нуқсони бўлган ногирон болалардир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер