Хитойлик шифокорлар — Наманганда

22:35 22 Апрель 2020 Жамият
1711 0

Коронавирус инфекциясига қарши курашда ёрдам бериш учун мамлакатимизда бўлиб турган хитойлик шифокорлар гуруҳи бугун Наманганга келди. Улар дастлаб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ташкилланган видеоконференцияда иштирок этдилар. Тадбир олдидан бўлиб ўтган мулоқот чоғида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Дилшод Ҳошимов Намангандаги эпидемиологик вазият ва уни барқарорлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар билан таништирди. Карантин тадбирларининг кўлами, коронавирусга чалинган беморларни соғайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. 43 нафар беморнинг тўлиқ соғайганлиги мамнуният билан қайд этилди.

Шундан сўнг бошқармадаги ахборот-коммуникация технологиялари тармоқлари орқали боғланган шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари ҳамда вилоят даволаш-профилактика муассасалари билан онлайн тарздаги видеомаслаҳатлашув ўтказилди. Норин, Наманган, Чуст туман тиббиёт бирлашмаларидан, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва бошқа муассасалардан тушган саволларга хитойлик мутахассислар батафсил жавоб қайтаришди.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида олиб борилаётган даволаш ишлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Шифохонадаги мутахассислар билан савол-жавоблар чоғида касалликни самарали бартараф этиш юзасидан фикрлашиб олинди.

Видеомастлаҳатлашув чоғида чин юрти вакиллари Хитойда эпидемия даврида кўрилган чоралар, коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқариш борасидаги тадқиқотлар ҳақида гапириб, инфекция тарқалишининг олдини олиш, айниқса, тиббиёт ходимларини ишончли ҳимоялаш бўйича нималарга эътибор қаратилиши лозимлиги хусусида тавсия бердилар.

- Биз Ўзбекистоннинг жуда кўп жойларида бўлдик. Коронавирус инфекциясига қарши таъсирчан чоралар кўрилган. Кўчалар бўм-бўш. Демак, давлат томонидан кўрилаётган чораларни аҳоли қўллаб- қувватлаяпти. Ҳукумат билан халқ ўртасидаги алоқа жуда яхши ўрнатилган. Ҳозирги шароитда биринчи қиладиган ишимиз профилактикани яхши йўлга қўйиш. Вакцина топилмаган бўлса ҳам касаллик тарқалишини шу йўл билан жиловлаш мумкин. Ишонаманки, юртингизда ҳам яқин орада осойишта ҳаётга қайтилади, -дейди доктор Ванг Ван Чун.

Хитойлик шифокорлар сафар дастуридан Поп туманида барпо этилаётган карантин-кузатув пункти ва 160 ўринли шифохона қурилиши билан танишиш ҳам ўрин олган.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.
“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер