Халқ табобати: Табиат ва инсон уйғунлашуви

10:36 08 Май 2020 Жамият
4959 0

Ёшлигимизда нуронийлар “Табиат берган касалликларнинг давоси табиатнинг ўзида” дея уқтирардилар. Табиблар эса касалликларнинг тахминан 70 фоизига даво гиёҳларда, қолган 30 фоизи минерал тошларда, деб айтишади. Асрлар оша қадр-қимматини йўқотмай келаётган бу пурмаъно ҳикмат замирида она табиатнинг ажралмас қисми бўлган инсон йўлиқадиган касалликларга даво атрофимизни ўраб турган борлиқда мужассам, деган ҳаётий ҳақиқат ётибди. Фақат уни илғаб, англаб ўз ўрнида фойдаланиш керак.

Бу борада узоқ тарихга эга халқ табобати энг яқин кўмакчи бўлиб келган. Бироқ ушбу соҳага етарли даражада эътибор қаратилмаслиги оқибатида юртимизда анъанавий даволаш усуллари унутилиб кетаёзган эди. Ана шундай бир пайтда шу йил 10 апрелда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривож­лантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилингани айни муддао бўлди.

Л. Морган, Э. Тейлор, Р. Солески сингари ибти­доий маданият тадқиқотчилари халқ табобатининг шаклланиши Ер юзида инсониятнинг пайдо бўлишига ­бориб тақалишига урғу беради. Чиндан ҳам, даволашнинг бу усули ўта қадимий.

Унинг сирлари авлоддан-авлодга ўтиб, халқнинг неча минг йиллик тажрибалари натижасида сайқалланиб, бизгача етиб келган. Буни зардуштийлик таълимотининг муқаддас китоби “Авесто” ҳам тасдиқлайди. Унинг барча қисмида, хусусан, “Вендидод”да табиблар тайёрлаш, табобат амалиёти, касалликлар таснифи, уларнинг пайдо бўлиш сабаби ва омиллари, ноёб доривор гиёҳлар ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган. Шунинг­дек, табиб маданияти, ахлоқи, унинг касбига фидойилиги каби масалалар баёнига алоҳида саҳифалар ажратилганки, бу заминимиз халқ табобатида ниҳоятда бой тажрибага эга эканлигидан далолат беради.

Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино нафақат қадим анъаналарни давом эттирди, балки даволашнинг янги усулларини яратиб, тиббиёт илмига асос солди. Айниқса, дунё халқларининг севимли асарига, тиббиёт соҳаси ходимлари фаолиятида дастурил­амалга айланган “Тиб қонунлари” аталмиш нодир китобда ёзиб қолдирилган маълумотлар ўз аҳамиятини заррача йўқотмаган, аксинча, қадр-қиммати янада ошган. Улардан янада кенгроқ фойдаланиш ҳаётий заруратдир. Бинобарин, халқ табобати, унинг ўзига хос анъаналари аҳоли саломатлигини таъминлаш, тиббий-санитар ёрдам кўрсатиш, хусусан, сурункали касалликлар профилактикаси, уларни даволашда сифат, хавфсизлик ва самарадорлик борасида амалда кўп синовлардан ўтган. Юртимизда халқ табобати ривожига юксак даражада эътибор қаратилаётганининг боиси ҳам шунда. Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси, “Табобат” академия­си ташкил этилиб, жабҳада олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, у тараққиётга юз тута бошлади.

Бироқ қайси соҳа бўлмасин, вақт ўтиши билан мустаҳкам илмий асос ва замонавий илмга эҳтиёж сезганидек, халқ табобатини ҳам соғлиқни сақлаш тизимига изчил интеграциялаш, ўзаро уйғунлаштириш, малакали мутахассислар тайёрлашни ҳаётнинг ўзи тақозо қилаётган эди. Шу маънода, юқорида номи келтирилган қарорда шу каби масалаларни тизимли ҳал этишнинг аниқ механизми белгилаб берилгани диққатга сазовор.

Ҳужжатга кўра, Республика халқ табобати илмий-амалий маркази ва унинг ҳудудий тузилмалари ташкил этилмоқда. Ўзбек халқ табобатининг тарихий анъаналари ва ўзига хос меросидан фойдаланган ҳолда, касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш, шунингдек, бошқа тиббий хизматлар кўрсатишнинг самарадорлигини таҳлил қилиш ва ўрганиш унинг асосий вазифаси этиб белгиланмоқда. Бунинг учун фитотерапия, акупунктура, аюрведа, гомеопатия, йога, моксотерапия, натуропатия, остеопатия, термал тиб­биёт, хиро-амалиёт, цигун каби халқ табобатининг асосий йўналишларини ривожлантириш, уларни амалиётда кенг қўллаш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш бўйича ўқув-методик адабиётлар тайёрлаш ишларида бош-қош бўлади. Бундан ташқари, доривор ўсимликлар ўстириш, улар асосида хом ашё тайёрлаш, илмий тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш, ноёб шифобахш гиёҳларни маҳаллийлаштириш бўйича ташаббускор бўлади.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Республика халқ табобати илмий-амалий маркази соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш билан ҳам шуғулланади. Унинг ҳудудий марказларида халқ табобати бўйича мутахассисларни тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаган тиббий маълумотга эга бўлмаганларга тегишли йўналишларда фаолият олиб бориш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома берилади. Ҳудудий марказларда илғор илмий изланишлар ва ­тадқиқот ишларини олиб бориш учун барча қулайлик, зарур моддий-техника базага эга замонавий лабораториялар ташкил этилади.

Буларнинг барчаси касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволашда ғоятда муҳим аҳамиятга эга бўлган халқ табобатини ривожлантиришда катта имкониятлар эшигини очади, албатта. Аммо соҳани сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда хорижнинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳар томонлама фойдалидир. Шунинг учун бу жабҳада етакчилик қилаётган Хитой, Япония, Ҳиндистон, Вьетнам, Франция, Россия давлатлари билан ҳамкорлик, жумладан, жойига бориб кенг ўрганиш учун барча шарт-шароит яратиб берилмоқда. Бу борада дардларни даволашда мўъжизаларга қодир бўлган Хитой табобатига кўпроқ мурожаат қилиниши кўзда тутилаётгани қувонарлидир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, Чин юртида 1949 йилдан 2009 йилгача бўлган давр мобайнида аҳолининг умр кўриш даражаси 2 баробардан кўпга узайиб, ўртача яшаш давомийлиги 

35 ёшдан 73 ёшга етган. Табиий савол туғилади: бунинг сири нимада? Инсонпарвар ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар қаторида, халқ табобатининг оммалаштирилиши самараси ҳамдир.

Гап шундаки, ўтган асрнинг 50-йилларида Хитойда беморни даволаш борасида табиблар тажрибаси ва ютуқларига бўлган қизиқиш туфайли халқ табобати даволаш усули ­сифатида қайта тикланди. 1972 йилдан эса унинг анъаналари илмий асосланган фан, таъбир жоиз бўлса, Хитой рамзи, миллат мулки сифатида жамият томонидан тан олинади.

Айтишларича, эрамиздан аввалги 259 — 210 йилларда Хитойда яшаб ўтган император Цинь Шихуан жуда баджаҳл, қайсар ва жоҳил бўлса-да, тиббиётга оид китобларни асраб-авайлаган экан. Ана шу манба қадимий табобатни нафақат қайта тиклаш, балки унинг ютуқларини замонавий тиб­биётга татбиқ этиш ва уларни ўзаро уйғунлаштириш имконини беради. ­Бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасида эришилаётган ютуқлар негизи айни шунда, деб қаралади. Бунинг амалий исботини дунёнинг энг бадавлат ва машҳур кишилари дам олиб, соғлиғини тиклайдиган Гавайи оролларига қиёсланадиган Хайнань ороли мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бундан атиги 30 йил муқаддам — 1990 йилларда бу ерда қадимги балиқчилар қишлоғидан бошқа ҳеч вақо бўлмаган. Хитойликлар бир авлод кўз ўнгида аҳолиси қашшоқ, ерлари ботқоқ бўлган оролни ҳам дам оладиган, ҳам даволанадиган дунёнинг энг машҳур курорт масканларидан бирига ­айлантиришга муваффақ бўлишди. Денгиз бўйида замонавий бандаргоҳлар, кўп қаватли бинолар, шифохоналар, ­курорт ва санаторийлар барпо этилган бу манзил йил давомида сайёҳлар билан гавжум. Инсон саломатлигини тиклаш ва даволашнинг қадимий усули ана шундай имкониятларни тортиқ қилди. Айни пайтда бу ерда соғломлаштириш дастурларига қўшимча равишда инсон организмини ёшартириш устида олиб борилган илмий-­амалий ишлар натижаларига асосланган янги йўналишлар киритилгани қизиқишни янада оши­раётгани бор гап.

Ўзбекистонда халқ табобатини ана шундай юқори даражага олиб чиқиш учун имконият ҳам, салоҳият ҳам етарли. Жонажон Ватанимиз бетакрор табиати, ўзига хос ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эга, Аллоҳнинг назари тушган ноёб манзил ҳисобланади. Энг муҳими, тиб илмининг устуни бўлмиш Абу Али ибн Сино бобомиз қолдирган беназир ­меросга эгамиз. Уларни амалиётда кенг қўллаш кўзда тутилган 2021 — 2025 йилларда Ўзбекистонда халқ табобатини ривожлантириш концепцияси ҳамда унинг мақсадли кўрсаткичларни амалга оширишга доир “Йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда. Мазкур концепция тасдиқланиб, амалга жорий этилиши соҳадаги кўплаб муаммоларни ҳал қилади. Масалан, халқ табобатининг ўзаги бўлган асосий йўналишларни ривожлантириш ва замонавий тиббиётда уларни қўллаш бўйича ўқув-методик қўлланмалар, адабиётлар жуда-жуда кам. Қадимда кенг фойдаланилган ва юқори самарали даволаш усуллари бўйича адабиётлар яратилиши, тар­ғибот ишларининг кучайтирилиши, ўз навбатида, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини жорий этишда қўл келади. Энг катта бойлигимиз бўлган соғлиғимизни мус­таҳкамлашга хизмат қилади.

Илм-фан тараққий этган ҳозирги давримизда тиббиёт ривожи ҳам тезлашиб кетди. Аммо кимёвий препаратлар касалликларни даволашнинг ягона воситаси эмас. Бу усулда тайёрланган дори-дармонлардан кўра, шифобахш табиий гиёҳ ва дамламалар асосида даволашнинг фойдаси юқори эканлиги бутун дунёда тан олинмоқда. Аниқроғи, халқ табобати хавфсизлик ва самарадорлик жиҳатидан амалда ўзини оқламоқда. Шу боис унга мурожаат қилувчилар тобора ортиб боряпти. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Халқ табобати соҳасидаги 2014 — 2023 йилларга мўлжалланган стратегия амалга оширилаётгани ана шу ҳаётий эҳтиёж меваси, десак, муболаға бўлмайди.

Қарорнинг ўзига хос яна бир ­жиҳати шундаки, унда олий таълим муассасалари олдига ҳозирги замон ­талабларига жавоб берадиган юқори салоҳиятли, рақобатдош ва малакали кадрлар тайёрлаш вазифаси қўйилмоқда. Шундан келиб чиқиб, кўп асрлик тарихга эга ­Самарқанд давлат университетида талабалар, изланувчилар, аспирант­ларга ушбу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб бориш, амалий тажрибалар ўтказиш учун зарур барча шарт-шароитлар яратиб бериляпти. Хусусан, СамДУ биология факультети қошида Ҳиндис­тоннинг Деҳли университети билан ҳамкорликда “Абу Али Ибн Сино мероси” илмий лабораторияси ташкил қилингани наботот намуналарининг дориворлик хусусиятларини ўрганиш баробарида, мутахассис ва олимлар билан ҳамкорликда уларни амалиётга жорий қилиш бўйича инновацион ишланмалар яратишда қўл келяпти.

Шу билан бирга, мазкур соҳадаги таълим, илмий жараёнларга инновацион руҳ бериш мақсадида университетимиз билан Америка Қўшма Штатларининг “Vet Vittlts” компанияси ўртасида шартнома имзоланган. Унга биноан бошқа соҳалар қаторида, доривор ўсимликларнинг жониворлар организмига таъсирини биргаликда ўрганиш, ­илмий ишлар олиб бориш кўзда ­тутилган.

Бугун юртимизда халқ табобатини замонавий соғлиқни сақлаш ­тизимига изчил интеграциялаш борасида олиб борилаётган ­бундай кенг кўламли ислоҳотлар қадим даволаш сирларидан воқиф бўлиш, бизга маълум бўлмаган доривор ўсимликларни аниқлаш, улардан аҳоли саломатлиги йўлида самарали фойдаланишдек эзгу ­мақсадга ­қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Бинобарин, инсон ва ­табиат бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ўзаро вобасталикни таъминлаган ҳолда, инсон саломатлигини ­мустаҳкамлаш халқ ­табобатини тараққий эттиришдан кўзланган пировард мақсаддир.

Рустам ХОЛМУРОДОВ,

Самарқанд давлат университети ректори, профессор, сенатор,

Бакриддин ЗАРИПОВ,

университет профессори, академик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер