Келажак билан юзма-юз

18:48 09 Ноябрь 2024 Жамият
455 0

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигидаги «Маърифат улашиб» лойиҳаси жойларда таҳсил олаётган ёшларимиз қалбида эзгулик ва бунёдкорлик туйғуларини уйғотишда муҳим омил бўлмоқда. Кўнглимизда ана шу мақсадларни амалга ошириш учун Фарғона вилоятидаги бир қанча олий ўқув юртларида мулоқотлар ўтказишга мушарраф бўлдик.

Марказий Осиё тиббиёт университети ташкил этилганига уч йил бўлибди. Ушбу даргохда сифатли таълим учун яратилган шароитлар хамманинг ҳавасини келтиради. Бу ерда таълим олаётган талабалар бевосита учрашиш, улар билан бугунги давр талабларига муносабат билдириш ҳамда сухбатлашиш дилимизни равшан қилди, десак ишонаверинг.

Ўқув юрти ҳовлисига қадам қўйганимизда «Ватаним- фахрим, университетим- ғурурим» деган йирик ёзувга кўзимиз тушди. Ёшларга маърифат инсон ҳаётида қанчалик муҳимлигини тушунтириш, Янги Ўзбекистон шароитида ҳаётга янгича қараш зарурати хақида сўз кетди. Эҳтимол, моддий неъмат ҳисобига нималаргадир эришиш мумкиндир, лекин ҳар қандай қудратли куч ўтган вақтни қайтара олмайди. Шундай экан, талабалик даврини ҳеч нарса билан баҳоланмайдиган вактнинг қадрига етиш, уни маъно ва мазмун билан бойитиш лозимлиги уқтирилди. Қизиқ ҳол: талаба «аъло» ва «яхши» баҳоларга ўқиши мумкин, лекин ишлаб чиқаришга борганда мустақил ишлашда қийналиб қоляпти. Нега шундай бўлмоқда? Маълум бўлишича, олий ўкув юртида асосан назарий билимлар билан чекланиб қолишмоқда. Бундай вазиятдан чиқиш йўли борми? Бор. Бугунги замон «Дуал таълим»ни жорий этишни талаб қилмоқда. Талаба бўлажак мутахассис. У ўқиш даврида амалий машғулотларда тайёр мутахассис даражасига кўтарилиши керак.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар муррабийси, профессор Баҳодир Каримовнинг ёшларга китобга муҳаббат руҳини сингдирувчи суҳбати давра аҳлида жонланиш ҳосил қилди. Устознинг ҳар бир қалбда иштиёқ уйғотувчи нутқи кўплаб талабаларда «Ёш китобхон» танловида қатнашиш истагини уйғотди.

Ўзбекистон Президентининг қуйидаги сўзлари суҳбатимизга алоҳида мазмун бахш этди. «Ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан бирга дўст бўлишга, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.»
Олий ўқув юртидаги талабаларнинг қанчалик замонга муносиблиги бу ергача мактабда қандай таълим олишига боғлик, албатта. Шу мақсадда Фарғона шаҳридаги 7-, 26-, 29-ва 32-мактабларда бўлдик. Ушбу мактабларда кейинги йилларда анъана бўлган мусобақа – олий таълимга қабул қилинган ёшлар фоизи кўрсаткичи тобора ошиб бормоқда. Яхши билим олиш, Ватан ва халқ кутган инсонлар бўлиб вояга етишиш ҳар бир ёшнинг дилида жўш ураётган орзу экан. Мактаб биносининг атрофида яратилган боғ, гулзорлар кўнгилларга ором бахш этади.

— Бу суҳбатлардан ёшларимиз жуда яхши мотивация олишди, -дейди 26-мактаб директори Абдумўмин Набиев. –Сизларнинг ташрифларингиз ўқувчиларимизнинг билим олишга иштиёқини ҳар қачонгидан ошириб юборди. Шундай тадбирлар қанча кўпайса, жуда яхши бўлар эди.

Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтидаги учрашувларимиз ҳам жуда мароқли ўтди. Бу ерда талабаларнинг сифатли таълим олишлари учун юксак шароитлар яратилган.

Шу ўқув йили бошида фойдаланишга топширилган янги бино чин маънода Янги Ўзбекистон рамзига айланибди. Кўркам хоналар, ёруғ коридорлар чиннидек озода.

Биз билан бирга келган шоир Дилмурод Дўст талабалар руҳига мос шеърларни ўқиганда тингловчилар юз-кўзлари табассумдан ёришиб кетди. Мушоирани университет талабалари давом эттиришди.

Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номли ижод мактабида бўлганимизда чинакам ижод оламига кириб келгандек бўлдик. «Мактабимизга хуш келибсиз!» деган лутфни етти тилда изҳор этишди. Турли хоналардаги ҳолатларни бизга ўқитувчилар эмас, шу мактаб ўқувчи қизларидан бири бурро тилда гапириб берди. Мажлислар залида бир гуруҳ қизлар ўзлари ёзган шеърларни ёддан ўқишди.

Одатда, мактабларга борганимизда ўзимизнинг ўқувчилик пайтларимиз, яқин ўтмиш манзаралари ёдимизга келар эди. Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабида эса кўз ўнгимизда келажак намоён бўлди.

Мулоқотлар давомида ёшлар руҳида ажиб ўзгаришлар рўй берган бўлиши мумкиндир. Лекин бундай дийдорлашув халқ ичида яқинлик туфайли бизнинг ҳам ҳаётга қарашларимизни ўзгартириб юборди.

Инсон бу дунёда яшашдан мақсад нима, деган савол ўртага ташланди. Ҳаёт мобайнида ўзгаларга яхшилик қилиш, ёши улуғларнинг дуосини олиш, умрдан из қолдириш табиат сарвари бўлмиш инсоннинг матлаби эканлиги айтилди. Суҳбатлар фақат бир томонлама бўлмади. Учрашув қатнашчилари—ёшлар ҳам суҳбатга фаол кўшилдилар.

Адабий қаҳрамонлар ибрати хақида сўз кетди. Нодар Думбадзенинг «Абадият қонуни» романидаги Бачана Рамишвели монологи эсга олинди. Унда асар қаҳрамони шифохона бош шифокорига шундай деган эди: «Касалхонангизда ётиб мен абадият қонунини кашф этдим. Инсоннинг юраги ўзидан тўрт баробар оғир экан. Уни доим кўтариб юриш учун мен сизни, сиз яна кимни, у мени—хуллас, ҳамма бир-бирини қўллаб-қувватлаб туриши керак экан. Абадият қонуни шу!». Демак, талабалар ҳам бир-бирларига хайрихоҳ бўлиб, атрофдагиларга яхшилик қилиши керак, деган хулосага келинди.

Ҳар бир олий ўқув юртида бўлганимизда дарахт ўтқазиш маросимида қатнашдик. Бу билан юртимизда «яшил макон» яратиш ишига ҳисса қўшдик. Пировардида бу дарахтлар яхши манзара ва ҳосил бериши ҳақида истак билдирдик.

Шуҳрат Жабборов
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?