Излаган имкон топар

16:20 24 Сентябр 2025 Жамият
107 0

Нарпайлик Музаффар Сафаров болаликдан 1-гуруҳ ногирони. Туғма иккала оёқларнинг ривожланишдан орқада қолиши туфайли мустақил ҳаракатлана олмайди. Лекин у тақдирга таслим бўлмади. Ногиронлигига қарамай, доим ҳаракатда, изланишда ва ўз устида ишлашдан тўхтамайди. Тумандаги Оқтош миллий ҳунармандчилик коллежида Радиоэлектрон аппаратларни ўрнатиш ва уларга хизмат кўрсатиш йўналишида пухта таълим олиб, шу ҳунарнинг чинакам эгасига айланди. Дастлаб фаолиятини ўзи истиқомат қилаётган Тортувли маҳалласида қўни-қўшниларнинг электр ускуналарини тузатишдан бошлади. Кейинчалик хонадонида сабзавотчилик, чорвачилик ва асаларичиликни ҳам йўлга қўйди. Музаффар Сафаров меҳнатсевар, тиришқоқ, иродали инсон. Ўз меҳнати орқали оиласини моддий жиҳатдан таъминлаб, ўзи эгаллаган ҳунар сирларини ёшларга ҳам ўргатиб келмоқда.

– Ҳаётда ўз ўрнимни топишга кўп қийналдим. Ўзимга ўхшаган муҳтожлар ва ёшларга беминнат шу ҳунарни ўргатишга ҳаракат қиляпман, – дейди у. – Меҳнатига яраша хизмат ҳақини ҳам бераман. Ҳозиргача электр ускуналарни тузатиш ва уларга хизмат кўрсатиш йўналишида йигирмадан ортиқ шогирдлар тайёрладим.

Уста узоқ йиллик тажрибага эга. Шу сабабли, қўшни туманлардан ҳам унга электр ва электрон қурилмаларини тузатиш учун олиб келади. У аҳолининг ҳожатини чиқариш билан бирга, хонадонида 10 дан ортиқ чорва моллари, 5 та асалари оилаларини боқиш, 15 сотих томорқасида сабзавот ва озуқа экинларини етиштириб келмоқда. Унинг хонадони маҳалладаги энг намунали хонадонлардан биридир.

– Кунимиз ўтиб турибди-ку, деган қарашларни ўзгартириш керак, – дейди ўз касбининг устаси М.Сафаров. – Боқимандалик энг ёмон иллат. Тўрт мучаси соғлом бўла туриб, умри бекор ўтаётганларни кўрсам ачинаман. Чунки инсон меҳнати билан элда азиз. Электр қурилмаларни сифатли тузатиш ва уларга хизмат кўрсатиш ҳамда томорқадаги машаққатли меҳнатларим эвазига электр скутер сотиб олдим. Энди буюртма асосида жойларга бориб, фуқароларга хизмат кўрсатяпман.

Музаффар ака ҳунарининг ортидан кам бўлмади. Охирги уч йилда даромадлари ҳисобига туман марказидан янги қурилган намунали уйлардан бирини харид қилди. У маҳаллада ўтказиладиган турли маънавий-маърифий тадбирларда ҳам фаол. Халқ хизмати йўлидаги машаққатли меҳнати муносиб эътироф этилиб, “Жасорат” медалига муносиб кўрилди.

– Имкониятим чекланган бўлса-да, ўзимни соғлом одамлардек ҳис қиламан, – дейди у. – Оёқларим ҳаракатсиз, аммо қўлларим соғлом. Ҳунармандларга яратилган имкониятлардан фойдаланиб, қишлоқда устахона очдим. Мамлакатимизда қўлида ҳунари бор ногиронлиги бўлган шахсларга алоҳида эътибор қаратилаётганидан хурсандман.

Биз нима ҳам дердик, Музаффар Сафаровга ўхшаб ҳаётнинг синовларига мардона туриб, ўз ҳунари ва меҳнати орқали эл дуосини олаётган юртдошларимиз кўпайсин.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?