Ижод — қудратли куч

09:04 08 Август 2025 Маданият
178 0

Ажойиб замонларни бошдан кечирмоқдамиз. Ўзимизга боқсанг — қувонасан, оламга боқсанг — куюнасан. Даҳшатли таҳликалар сени қийнайди... Ватанимизда дунёнинг бошқа халқлари ҳавас қилса арзийдиган манзаралар намоён. Янги Ўзбекистон бунёд бўлмоқда, мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ислоҳотлар иқтисодиётдагина эмас, ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳасида олиб борилмоқда. Шуниси қувончли! Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг буюк ислоҳотчи экани оламда тан олинмоқда. Оммавий ахборот воситаларида “Ўзбекистондаги “иқтисодий парвоз” (экономический бум!) ҳақида ёзадиган бўлиб қолишди. “Марказий Осиё йўлбарси” деб ҳам аташмоқда. Барчаси Шавкат Миромоновичнинг бемисл қувваи ҳофизаси, ажойиб ташкилотчилик салоҳияти туфайли юз бермоқда.

Буюк тарихчимиз Шарафуддин Али Яздий ўз “Зафарнома” асарида Амир Темурнинг Ватан ҳаётида эл оғирини енгиллатиш учун боғ қилиш, обод этиш ёки йўл солишга кичиккина бўлса ҳам, имкон туғилса, ўшандан дарҳол фойдаланиши ҳақида шундай сўзларни келтирган эди: “Соҳибқирон ҳар ердаким, иморатга қобил ер кўрса эрди, ул ерда албатта бир иморат солур эрди”. Бу билган одамга, албатта, катта ибрат, тарихий тажриба. Ҳар қандай имкондан фойдаланиш лозим.

Президентимиз ҳам ўзининг ҳаётбахш даъватлари билан халқи­мизнинг томирларида ухлаб ётган шижоатни уйғотишга бел боғлаган. Унинг йўл-йўриқлари, доно маслаҳатлари юртдошларимизни муваффақиятларга чорламоқда, илҳомлантирмоқда. Шавкат Миромонович улуғ шоир Абдулҳамид Чўлпоннинг “Халқ” номли шеърида ёзган: “Бутун кучни халқ ичидан олайлик, Қучоқ очиб халқ ичига борайлик” деган шиддатли сўзларини дастуриламал билиб, бир кун Хоразмда бўлади, бошқа кун Андижонда, кейин Қорақалпоғистонда, Бухорода, Жиззахда... ислоҳотлар билан танишади, қучоқ очиб халқ ичига боради, одамлар билан учрашади, барчасини руҳлантиради, уларнинг дардларини тинглайди, тинглаб бутун кучни халқ ичидан олади. У билади: “Халқ эртага эмас, балки бугун яхши яшашни истайди!”

Бундай фидойилик изсиз кетмайди: Президентнинг узоқни кўра билиш салоҳияти, зукколиги туфайли юртга инвестициялар оқиб келмоқда, қишлоқлар обод бўлмоқда, шаҳарлар кўркамлашиб кенгаймоқда, янги шаҳарлар бунёд бўлмоқда (масалан, Янги Тошкент), муҳташам бинолар қад кўтармоқда, янгидан-янги корхоналар иш бошламоқда. Биргина маҳобатли Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мажмуасининг қурилиши қанчалар ҳайратланарли!

Бир мисол айтай: Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Андижон вилоятини ривожлантириш бўйича янги режалар билан танишди. Давлат раҳбарининг Матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон ҳозир Германия, Италия ва Япония робот технологиялари инвесторларини жалб этмоқда, мақсад — Андижонда юқоридаги мамлакатлар робот технологиялари асосида замонавий клиника бунёд этишдан иборат. Бунинг учун 40 млн. доллар ажратилади. Умуман, жорий йилда 3,1 млрд. доллар сармоя жалб этилади, 1,5 млрд. долларлик маҳсулот экспорт қилинади. 305 минг киши иш билан таъминланади, 32 мингдан ортиқ оилалар камбағалликдан чиқарилади. Бу ҳазилакам иш эмас!

Мамлакатда одамларнинг даромади ошиб бормоқда, бу иқтисодиётимизнинг катта ривожланиш йўлига кирганидан далолат.

Спортнинг барча соҳасида улкан ютуқлар қўлга киритилмоқда. Ўзбек бокси жаҳонда биринчи! Бир нарсага эътибор бердим: ёш спортчиларимиз, боксчиларимиз ҳам халқаро мусобақаларда биринчиликни қўлдан бермай келмоқда... Шахмат, дзюдо ва бошқа соҳаларда ҳам ўзбек ўҚил-қизлари чемпионлик унвонларига эга чиқмоқда. Аскарларимиз-чи? Америкада ўтказилган халқаро ҳарбий мусобақада мезбон ҳарбийларни ҳам ортда қолдириб Қолиб бўлганига нима дейсиз? Футболчиларимиз илк марта 2026 йилда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритганига-чи? Ҳаммаси қувонарли воқеалар!

Дарҳақиқат, биз эртасига ишонч билан қараган халқмиз, мақсадимиз улуғ. Шунинг учун ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳасида биров ҳавас қилса арзийдиган, мақтансак ярашадиган зафарларимиз, муваффақиятларимиз Худога шукр, кўп.

Президентимиз маънавият ва маърифат соҳасига ҳам доим ғамхўрлик қилиб келади, бу тизимлар ҳамиша у кишининг назар-эътиборида. Китоб мутолааси борасидаги қарор жуда кўп ёшларимизни китобларга қарашга, ўқишга ундаб келмоқда. Ёшлар миннатдор! Ахир китобни маза қилиб ўқисанг, завқ олсанг... эвазига яна енгил машина билан ҳам мукофотлансанг!.. Бу қайси мамлакатда бор?

Лекин... Лекин, очиғини айтиш керак, кишини ўйлантириб қўядиган ташвишлар, ҳолатлар ҳам йўқ эмас...

Замон жуда мураккаб, тобора таранглашиш ҳаракатида... Бундай даврда ҳар кимнинг ўз олдидаги масъулияти кучайган ҳолда юртимиз эртаси, болалар, фарзандлар тақдири учун жавобгарлик ҳисси ўн чандон ортишига шубҳа йўқ. Аслида, барчамиз жамиятимиз учун масъулмиз.

Маънавий турмушимизда ташқи олам таъсири тобора ортиб бораётганини кўриб турибмиз. Интернет, телефон-телеграм дегандай, мана энди сунъий зако (интеллект) ҳам чиқди. Яна янгилари пайдо бўлиши, бу жараённинг янада чуқурлашиб бориши табиий ҳол. Ҳозир ҳар бир хонадонга кирсангиз, камида беш-олтита телефон мавжудлигини кўрасиз. Набирадан бобогача ҳар ким ўз телефони билан машғул. Кўча-кўйда юрганда ҳам, овқатланаётганда ҳам, гаплашганда ҳам одамлар телефонга тикилиб ўтиришади. Қайси куни идоралардан бирига раҳбар ҳузурига кирдиму ҳайрон бўлиб чиқдим. Мен билан суҳбатлашар экан, раҳбарнинг бир кўзи ва бир қўли олдида турган телефондан узилмади... Хаёли ўшанга чалғиб турди.

Айрим Ғарб мамлакатларида, телефон ишлаб чиқариладиган юртларда, ўқувчиларнинг мактабларга фақат телефонсиз киришлари қатъий қилиб қўйила бошланди. Бу яхши чора, деб қаралиши керак.

Аслини олганда, интернет, телеграм, e-mail инсонга катта наф келтиради, фойдаси кўп, буни тан олмоқ керак. Дунёдан бохабар бўлади киши. АҚШда сафарда бўлган вақтларимда одамларнинг руҳан ёлғиз эканликларини кўрдим. Уларнинг бирдан-бир дўсти, яқин сирдоши — компьютер (интернет). Биров билан инсоний суҳбат қуриш иштиёқи уларда деярли йўқ даражада, асосан, интернет орқали гаплашишади. Бу, афсуски, инсонни худбинга айлантириб, ёлғизлатиб қўяди.

Интернетдаги воқеалар атайлаб одамнинг эс-ҳушини ўғирлайдиган даражада намойиш қилинади. Ахлоқсизлик, уятсизлик, шарм-ҳаёнинг пайҳон бўлишини кўрсатади. Бу нарса, айниқса, ёшлар учун хавфли. Ёшликдан маънавий қашшоқликка дучор бўлган мурғак онг-тафаккурлар заха тортади...

Ота-онага ҳурмат, оқибат, эзгулик, меҳрибонлик, одамийлик каби урф-одатларимизга зарба беради, қадриятларимиз асосини аста-аста емириб боради. Бунга йўл қўйиб бўлмайди.

Нохуш жиҳати, интернетдаги бундай ҳолатлар ижтимоий ҳаётимизга, турмуш тарзимизга кўчиб ўтиб, телевидение, адабиёт ва кино асарларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу кишида ташвиш туғдиради.

Ташқи таъсирлар — худди олисдан эсган бўрондай чегара билмайди, юртга бостириб келаверади. Ғоявий хуружлар энг биринчи галда маънавиятимизга, руҳимизга таъсир қилади, ҳушёр ақлларни чалғитади. Биз ана шундан эҳтиёт бўлишимиз керак. Бунга қандай чора топиш бизларни ўйлантириши зарур.

Бу ерда бизга, албатта, адабиёт ва унинг катта қуроли бўлган китоб ёрдамга келади. Китоб — хаёл, китоб — олам, китоб — борлиқ...

Тарихда адабиёт ҳамиша халқни руҳлантиргувчи, унинг қувончу дардларини ифода этгувчи, халқ кўкрагини кўтаргувчи буюк куч бўлиб келган. Масалан, XIX аср — француз, инглиз ва рус адабиётлари учун улкан парвоз даври бўлди. Адабиёт ўша миллатларнинг теран маънавий ҳаёти кўзгусига айланди, халқнинг ёнига кирди, кўнглидан жой олди, дардларига малҳам бўлди.

Адабиёт — катта куч. У табиатан барчага тегишли — лирикка ҳам, физикка ҳам. Чунки адабиёт — кўнгил фани, кўнгил эса ҳаммада мавжуд...

Ҳайратланарли ҳодиса: Худои таоло бандалар учун осмондан туширган биринчи қадрият китобдир. Илк нозил бўлган оят “Ўқи!” деб бошланиши ҳам бежиз эмас. Демак, асосий вазифа белгилаб қўйилган: китоб ўқишимиз керак!

Президентимиз маънавият соҳасига, адабиётга жуда катта эътибор бериб келмоқда. Лекин биз бунинг қадрига етаётирмизми, қутлуғ даъватларга “лаббай!” деб жавоб беряпмизми?

Мана қаранг: ёзувчиларнинг яшаш шарт-шароитларини яхшилаш, уюшманинг маъмурий биносини, ижод уйларини қуриш ишлари аъло даражада адо этилди. Кўплаб китоблар нашр қилинмоқда, тақдимотлари ўтказилмоқда. Фақат янги китобга бағишланган бу тақдимотлар, китоб қолиб, асосан, муаллифга ҳамду сано ўқишларга айланиб кетмоқда. Ҳолбуки сўз, пайдо бўлган янги асар китоб ҳақида бўлиши жоиз. Янги китобни тарғиб этмоқ керак, токи унинг мазмун-моҳияти кишиларга етиб борсин. Тарғибот — катта масала. Имконларимиз кўп. Бу ерда аудиторияси кенг бўлган телевидение бизга ёрдамга кела олади.

Ҳар бир таниқли ижодкорга (шоир, адиб ва ҳоказо) бағишлаб алоҳида-алоҳида мазмунли ва ибратли кўрсатувлар тайёрланиши керак, токи уни томошабинлар катта қизиқиш билан кўрсин, шунга ўргансин. Телевидениемиз анъанасида “Шеърият билан учрашув”, “Адиб билан мулоқот” сингари сермазмун кўрсатувлар бўларди, уларни тиклаш лозим. Учрашувлар телекошонадагина эмас, балки университетлар залларида, маданият саройларида, мактабларда, ҳарбий қисмларда, вилоятларда ўтказилса, мақсадга мувофиқ. Кўрсатувлар ўқувчи-талабалар иштирокида савол-жавоблар йўсинида олиб борилади, жонли мулоқот рўй беради. Адибнинг янги романи, достони, китобининг ўзига хос муҳокамаси қизиқ, кейин шоир янги ижод намуналаридан ўқийди, орада шоир шеърига басталанган бирор қўшиқ янграса, нур устига нур бўлади.

Бундан ҳамма нафланади: томошабинлар эстетик завқ олади, телевидение мухлислари ортади, ижодкорга руҳий мадад бўлади, оқибатда адабиёт, китоб тарғиботи амалга ошади. Бундай учрашувларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тавсияси билан эл ҳурматига сазовор, танилган шоир ва адиблар таклиф этилиши жоиз. Чунки саҳна олдида телетомошабинларни тутиб туришга қодир, маънавий ҳуқуққа эга, бошқача айтганда, аравани торта оладиган ижодкорлар бўлмоғи керак.

Айни пайтда шоир ва адибларнинг ижодий сафарларга кўпроқ жалб этилмоғи ҳам замон талабига айланмоқда.

Ҳозир бизга айнан жонли мулоқотлар, ўзаро дилкаш самимий суҳбатлар етишмай турибди, инсонлар ўз ташвишлари билан бўлиб бир-биридан йироқлашиб кетмоқда. Яқин суҳбатдошни эса интернетдан изламоқдамиз.

Адабиёт кўнгил фани экан, унинг бонг урадиган, доим жаранглаб турадиган қўнғироғи — тил, она тилидир. Адабиётнинг ривожи она тилга боғлиқ. Бунинг учун ҳар бир ўзбек боласи, аввало, она тилини яхши билиши жоиз. Ундан кейингина хоҳлаган тилини ўргансин. Кўп ота-оналаримиз ўттиз тўрт йилдан бери мустақил Ватанда яшаётганларига қарамай, ўз болаларини узоқни ўйламай ҳамон бошқа тилли мактабларга бермоқда. Бу мулоҳаза қилиб кўриш керак бўлган чуқур муаммо. Юқорида айтгандай, эртасига ишонч билан қараган халқмиз, буни ёдда тутайлик.

Фикримизча, мамлакатда олий ўқув юртларига ўқишга кираётган ҳар бир талаба турли касб-кори, ихтисослигидан қатъи назар, барча университетга ўзбек тилидан иншо топширмоғи шарт қилиб қўйилиши ва унинг бали ҳисобга олиниши керак.

Ватанга муҳаббат, ота-онага ҳурмат, фидойилик, ватанпарварлик каби улуғ туйғулар она тилни севишдан бошланади.

Юқорида айтганимиздек, адабиёт — кўнгил фани. У дилларни аллалайди, руҳларни маънавий поклантиради. Адабиётни севайлик, қадрига етайлик! Шунда маънавиятимизни асраган бўламиз.

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?