Инсоний некбинлик моҳияти

11:02 15 Август 2025 Маданият
231 0

Фото: Иллюстратив фото

Миллий менталитетимизнинг асосий хусусиятларидан бири — бу ватанпарварликни шахсий нарсадан устун қўйиш истаги: миллат сифатида ҳар қандай таҳдидларга дуч келганимизда, биз доим бирлашганмиз, ўзлигимизни намоён этганмиз. Бунга тарихий мисоллар кўп.

Узоққа бормасдан жадид боболаримизни олайлик: халқнинг маънавий уйғоқлиги ва маърифати учун ўз ҳисобидан мактаблар қурди. Ёки отасининг азасига боришга тақиқ қўйилган даврларда ҳам миллат вакиллари ўз илдизлари, менталитетини сақлаб қолди. Бундай рефлексивлик, асосан, ўзбекларга хосми ёки бошқа халқлар ҳам ўзларининг миллий характери ҳақида ўйлашадими?

Таниқли ёзувчи ва журналист, филология фанлари доктори, профессор Хуршид ДЎСТМУҲАММАД билан миллатнинг ғоялари ва идеалларини белгилайдиган миллий менталитет ҳамда қадриятлар ҳақида суҳбатлашдик.

— Менталитет ниҳоятда муҳим, ҳамиша долзарб ва ғоятда серқирра мавзу. Уни ҳар ким ўзича талқин қилиши мумкин, — дейди суҳбатдошимиз Хуршид Дўстмуҳаммад. — Тўғри, ватанпарварлик туйғуси миллий менталитетимизнинг ўзак томирини ташкил этади. Уни миллийлигимизнинг умуртқасига қиёсласак ҳам янглишмаймиз. Сиз иккита мисолни тилга олдингиз. Академик Азамат Зиёнинг “Ўзбек давлатчилиги тарихи” асари ёзув столимда туради. Имкони топилди дегунча, уни варақлайман. Милоддан аввалги 1-минг йилликдан бошланган, жами 3 минг йиллик диёримиз, халқимиз тарихи ихчам бир шаклда қамраб олинган. Воқеалар силсиласини ўйлаб ўйингизга сиғдиролмайсиз, қатъий бир тўхтам ёки хулосага келиш шу қадар қийинки, унинг қийинлиги ва мураккаблиги ҳам, умумлаштириб айтганда, ватанпарварлик туйғусига бориб тақалади. Ким кимга қарши жангга отланмасин, “Мен ота юртим, она заминим учун курашмоқдаман!” деган ишонч ва эътиқод-ла қилич яланғочлаган. Энг аянчли жойи халқимиз тарихи, асосан, ўзга юртларни истило қилиш — забт этиш эмас (Амир Темур даврини истисно этганда), ўз юртини муҳофаза қилишдан иборат. Ватанпарварлик туйғусининг тарихий шакллангани боиси ҳам шунда. Ўзаро қирғинларда эса асл ватанпарварлик қай томонда аниқлаш мушкул, лекин ҳар қандай маҳаллий қирғинбарот пировард оқибатда Ватан манфаатига путур етказгани муқаррар.

Жадидлар ҳаракати моҳиятини ватанпарварлик, миллатпарварлик ғоялари ташкил этди, тўғри, лекин шундай улуғ ҳаракат узоққа бормади, жиддий самара кўрмай, йўқликка юз тутди. Саводхонлик истаги жиноятга тенг кўрилди. Шу ўринда жуда ҳақли ва нозик савол туғилмоқда, биз, авлодларни чуқур мулоҳазага ундамоқда: жадидлар ҳаракати халқимиз, миллатимиз менталитетига нима берди? Миллий менталитетимизни бойитдими, мустаҳкамладими? Президентимиз ташаббуси билан учинчи Уйғониш орзуси жадид боболаримиз саъй-ҳаракатини қайта англашдан бошланаётгани моҳиятида қанчалар чуқур маъно-мазмун мужассамлиги кенг замондошлар оммасини қўя турайлик, зиёли афкор омма томонидан нечоғли тўғри идрок этилмоқда?

Мен шу каби саволлар айни палладаги кечиктириб бўлмас маънавий-маърифий муаммоларимизга чамбарчас боғланиб кетмоғи зарурлигини назарда тутмоқдаман. “Мозийга қараб иш тутмоқ”қа ҳеч ким қарши эмас, аммо ҳозирги ҳаёт олдимизга қўяётган муаммолар миллий, тафаккурий, фикрий ва таҳлилий салоҳиятимиз имкониятларидан бир неча ўн (эҳтимол, юз!) карра катталиги ниҳоятда жиддий ташвишлантирмоғи зарур. Давр, умр ўтаверади, ҳеч бир куч унинг этагидан тутиб қололмайди, лекин ҳамма гап қандай ўтишида, нечоғли омилкорлик, ақл-заковат билан ўтишида. Инсон давр шамойиллари ўйинчоғига-қурбонига айланмасин, балки давр ва умр машмашаларини ўзига бўйсундира билсин, инсоний некбинлик моҳияти шунда!

2017 йилдан мамлакатимизда бошланган кенг кўламдаги инқилобий ислоҳотлар дунё миқёсидаги глобал эврилишлар жараёнига қўшилиб-чатишиб кетди. Башарият (шу жумладан, Ўзбекистон халқи) мисли кўрилмаган чорраҳалар олдида йўл танлашга мажбур бўлмоқда. Чорраҳаларда эса ҳаёт ақл бовар қилмайдиган шиддат билан кечмоқда, у тезлик ғоятда бетоқат, бесабр, шафқатсиз ва муросасиз. Таниқли америкалик футурист олим Элвин Тоффлер ўтган асрнинг 60-йилларида чоп этилган тадқиқотларида инсоният даҳшатли эврилишлар палласига кириб келаётганини башорат қилган, буни “Келажак талвасаси” асарида батафсил баён этган. Бунинг учун ўз вақтида олимни муболағавозликда айблаганлар ҳам бўлган. Оқибат-чи? Бир сўз билан айтганда, Тоффлер башорат қилган талваса келтириб чиқарувчи ваҳмкор воқеа-ҳодисалар бизнинг замондошларимиз кўз ўнгида рўй бермоқда!

— Масалан?..

— Масалан, биз азал-азалдан миллий қадриятлар, чунончи, удумлар, урф-одатлар, тушунчаларга икки қўллаб тармашган халқмиз. Бундай ҳолатни миллий фазилат мақомига кўтарганмиз. Глобаллашув ва сунъий интеллект замони ўзгаришлари эса, истаймизми-йўқми, бизнинг бир қўлимиздан тортиб, тамомила бошқа иқлимларга олиб қочмоқда. Бунинг устига, халқимиз шу қадар “миграциябоп” — жаҳонгашта чиқиб қолдики, асти қўяверасиз! Умумлаштириб айтганда, бир қўлимиз миллий, иккинчи қўлимиз умумбашарий қадриятлар, тушунчалар, қизиқишлар томон чўзилган. Бошқа чора йўқ, бироқ худди шу нуқтада келиб чиқаётган руҳий, ҳиссий, ижтимоий, маънавий-ахлоқий ва бошқа-бошқа зўриқиш ҳамда босимларни кимдир билиб-англаган ҳолда, кимдир билмай-англаб етмаган зайлда, унинг мушкулликларига дош бериб яшамоқда. “Дош бериб”ни истаганча талқин этиш мумкин. Бизнинг одамлар учун хос бўлмаган, кўз кўриб-қулоқ эшитмаган жиноятлар ҳам ана ўша “дош бериб”нинг ичида. Билмадим, мутахассислар таҳлил қилишадими-қилишмайдими, фикримча, ўта оғир жиноятга қўл урганларнинг ўзлари ҳам ўз қилмишларини тушунтириб беролмайдилар. Чунки ҳозирги жиноятларнинг илдизи бошқа томонларда.

Ҳаммага таниш, аниқ мисол келтирайлик. Бир неча йиллардан буён мамлакатимизда кўча ҳаракати муаммоларини бартараф этиш оғир кечмоқда. Энг катта муаммо — автомашина ва пиёда йўловчилар муносабатидаги номутаносиблик. Унинг турли сабаблари ўрганилмоқда, чоралар ишлаб чиқилмоқда, лекин натижа, самара деярли кўринмаяпти. Сабаби фикри ожизимча, автомашина ва пиёда йўловчилар муносабатидаги номутаносиблик ҳозиргина юқорида айтганим икки ўт орасидаги психологик босим оқибатларидан бири. Тўғридан-тўғри менталитет масаласи бу.

— Қандай қилиб?

— Хусусий енгил автоулов кўпайгандан-кўпайди, бу янгилик ва енгиллик автоуловдан малакали фойдаланиш маданиятини тақозо этади. Сон-саноқсиз ҳайдовчиларимиз эса бу қулайликка савод, малака борасида тайёр эмас. Ҳайдовчи тайёрлаш тизими мутлақо яроқсиз. Бу етмагандай, кўчада ҳаракатланувчи пиёда йўловчилар ҳам амалдаги қонун-қоидаларга мукаммал риоя қилмайди. Йўл ҳаракатини йўлга қўйиш тизимлари ҳам мазкур янгиликка тўла шай эмас. Айтмоқчиманки, кўча ҳаракати маданияти бамисоли катта бир фан, илм, алоҳида йўналиш даражасига кўтарилмоғи зарур бир пайтда соҳа ўзини ўнглолмайдиганга ўхшаяпти. Ваҳоланки, бу борадаги янгиликларни оммалаштириш, кенг омма онгига, тушунчасига муттасил етказа бориш мутлақо ўзгача-янгича тизим яратишни, жўн қилиб айтганда, ялпи саводсизликка барҳам беришни тақозо этмоқда.

— Саводсизликка барҳам беришнинг биргина йўли — бу маънавият. Бизда маънавият моддиятга эмас, руҳий комилликка интилган. Прагматизм кўпинча қораланган. Миллий тафаккуримиз тасаввуфга асослангани боис виждонга қарши борилмаган. Инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсатган Шомаҳмудовлар оиласини олайлик, Иккинчи жаҳон уруши даврида турли миллатга мансуб қаровсиз ва етим қолган 13 нафар, урушдан сўнг яна 3 болани ўз тарбиясига олишган. Буни тарихда қолиш учун эмас, чин юракдан қилган. Агар яна бирор муаммо юзага келса, ўзбеклар миллатидан қатъи назар, бутун дунёга ёрдам беришни истаган. Шундан ҳалигача бизнинг давлатимиз кўп миллатли, турли маданиятларга ҳурмат ва бир-бирига муҳаббат сақланиб қолган. Бироқ бугунги глобаллашув барча инсонлар маҳражини йўқотиб, фақат суратни қолдиришга зўр бермоқда. Йўлчи, Обид кетмон, Ўзбекойимлардаги миллий характер замонавий ўзбекларда учрамаяпти. Сизнингча, бугун қадриятларимизни қай даражада қайта кўриб чиқишга эҳтиёж сезилмоқда?

— Йўқ, халқона-миллий қадриятлар қайта кўриб чиқиладиган муаммо эмас, у ўз ҳолича, яшаш ва фикрлаш тарзига қараб гоҳ секин, гоҳ шиддат билан ўзгарувчан ҳодиса, жараён. Миллий қадриятларга реал ҳаёт тарзи сайқал беради, маромга келтиради, тоблайди. Бизда бу жараён ғоятда суст кечади.

Бизда алоҳида таълимот даражасига кўтарила бораётган “Маънавият-маърифат” тушунчаси моҳиятини ташкил этган маъно-мазмун, мақсад-муддао, муаммою иддаолар Тоффлер таълимоти мағзига яқин. “Маънавият-маърифат”нинг қудратли кучига, унинг енгилмаслигига кўпроқ урғу берамиз, бунда биз миллий қадриятларимизга ишонамиз, ўтмишимиз безагига айланган бир қатор мисолларни қайта-қайта тилга олишдан чарчамаймиз. Бу ўринда тасаввуфни қўя турайлик, лекин диний эътиқод таъсирида бўлса керак, миллий тийнатимизда мазлумга, эҳтиёжмандга беминнат ёрдам қўлини чўзишга мойиллик бор. Шу билан бир вақтда савол туғилмоқда: нима учун бугун одамларимизда Йўлчи, Обид кетмон, Ўзбекойимдаги миллий феъл-атвор учрамаслигидан ранжимоғимиз керак? Сиз тилга олган ҳар учала исм ХХ аср ўзбек адабиётининг ўзига хос бадиий образлари сифатида тарихда қолади, бунга шубҳа йўқ, бироқ улар кенг китобхонлар оммасига, хусусан, ёшларимизга ибрат-эталон бўлолмайди. “Ўткан кунлар”ни эслайлик. Марғилонда, Зиё шоҳичининг хонадонидаги меҳмондорчиликда Отабек Шамайга борганидан сўз очилади. “Рус шаҳарларига бориб, савдо қилувчилар Туркистонда жуда оз ҳисобда бўлиб, уларни кўрган Отабек мажлисга тансиқланди”. Яъни Отабек дунё кўрган-юрт кўрган одам сифатида ёнидагилардан бир бош юқорилади. “Бизнинг идорамиз, — дейди у ўйчанлик билан, — бугунги тартибсизлиги билан кета берса, ҳолимизнинг нима бўлишига ақлим етмай қолди”.

Қодирий ҳазратлари Отабек тимсолида дунё кезган инсон назари билан маҳаллий ҳаёт тарзини ўхшатиб тафтиш этмоқда. Айрим адабиётшунос дўстларимиз ушбу ҳолат таъсирида туғилган ҳайрат ҳаяжонида Зиё шоҳичи ва Мирзакарим қутидор даражасида қолиб кетишлари ажаблантиради одамни. Ваҳоланки, Отабекнинг Шамай (Семипалатинск шаҳри) таассуротларига берилиши таъсирида биз бугунги ҳолатга теран қарамоғимиз даркор. Бугунги ҳолатни эса кўриб турибмиз: эндиликда ватандошларимиз оёғи етмаган мамлакат қолмади ҳисоб! Мағрибу Машриқни қўйинг, йирик ё майда давлатларни қўйинг, дунё харитасида кўз илғамас нуқта билан белгиланган оролларда ҳам ўзбеклар яшаётгани жуда чуқур ўйларга, мушоҳадаю мулоҳазаларга толдирмоғи керак! Дунё узра сочилиб ётган ватандош-миллатдошларимиз ҳам ўзбек, ўзбекистонлик, ишонинг, уларнинг бирортаси она юртга, Ватан тақдирига бефарқ эмас, қолаверса, улар Ўзбекистоннинг мислсиз бойлиги, хазинаси ҳисобланади! Улар тўплаган-тўплаётган бебаҳо тажрибалари — Ўзбекистоннинг мулки. Ўзларини миллий қадриятларимиз жонкуярлари деб билган айрим нуфузли зиёлиларимиз аҳён-аҳёнда ижтимоий тармоқлар орқали тарқатаётган “сачратма”лари майда ва бачканалиги билан, “хонаки сафсата”лиги билан ғашга тегади, энсани қотиради, холос. Келинглар, бир таклиф теварагида машваратлашайлик: республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан 15 — 20 та саволдан иборат анкета тузилса-да, Ер юзидаги юзлаб давлатларда ҳижратда яшаётган миллионлаб ватандош-миллатдошларимизга номма-ном тарқатилса. Жавоблар олинса, ўрганилса, умумлаштирилса — ҳаётимизга татбиқ этилса! Эҳ-ҳе-е, озмунча қимматли таклифлар, истаклар ёғиладими?!

Ҳозирги техник воситалар ёрдамида бундай тажрибаларни жуда осонлик билан амалга ошириш мумкин, хоҳиш бўлса, бас.

— Дейлик, сиз хорижда яшаяпсиз, қандай таклифлар айтган бўлар эдингиз? Саволни давом эттирсак, бизнинг менталитетимиз марказида турган “суверенитет” сўзи бутун мазмун-моҳияти билан ҳали қалбимизга чуқур сингиб кетмаган, бу сўз аслида Ватанимизнинг ҳимояси ва ривожи йўлида бирлашиш, ташвишланишни билдиради. Агар биз суверенитетни англасак, мустақиллик қадрига етамиз. Соҳибқирон Амир Темур: “Куч — адолатда” дейди. Она Ватанига хиёнат қилмаган Широқ ҳам суверен онгнинг ёрқин намунасидир. Айтинг-чи, “суверен онг” ҳақида сентябрда таълим масканларида бир-икки соат ўтилаётган “Ватаншунослик”, “Мустақиллик куни” дарслари... Ёки мустақиллик майдонлари, Адиблар хиёбонидаги қаҳрамонлар ҳайкали тўлиқ тушунча бера оладими? Бу борадаги таъсирчанликни ошириш учун қандай таклиф-тавсиялар айта оласиз?

— Аввало, мен хорижда яшамайман. Менга ҳеч ким 15 — 20 та савол билан мурожаат этганича ҳам йўқ. Сўзни мухтасар қилсак, ватанпарварлик, мустақиллик ва ҳоказо муқаддас туйғуларни тарғиб қилишдаги алмисоқдан қолган шакллардан, воситалардан воз кечмоқ керак. Бу борадаги сохтакорликлар, жимжималар акс таъсир кўрсатади, кўрсатмоқда ҳам. Соҳибқироннинг сиз эслаган бағоят ёқимли сўзини кўп такрорлаймиз. Лекин савол туғилади: қандай жамиятда “Куч — адолатда” қарор топади? Назаримда, ўша даврнинг мирзолари, журналисту блогерлари Темур бобога бундай савол билан мурожаат қилишга ботина олишмаган...

“Суверен онг” суверен шахсда камол топади. Ҳозирги турмуш тарзи шахслашув учун айни муддао, буюк Уйғонишга ҳам фавқулодда шахсларсиз эришилмайди, фақат бу борада ҳам “соатбай”, “тадбирбай” тантанавозликлардан воз кечилмаётгани ажаблантиради одамни.

Ҳар ишда тарғибот керак, лекин тарғибот услуби янгиланмоғи шарт. Биласизми, тарғибот — қанчалар тарғибот эканлиги сезилмаса, шунча кўп самара беради. Акс ҳолда...

Таъсирчанликнинг энг синалган усули — китоб, бадиий адабиёт, илмий адабиёт! Бизнинг замонга келиб, одамзод ўзи ўтирган шохга арра тортмоқда. Ишонч билан айтаман, катта адабиёт, катта истеъдод ва маҳорат билан ёзилган бадиий асарлар курраи заминимиз, бепоён осмонимиз, замон ва замондошларимиз тақдири билан ўйнашаётган валломатларни тартибга чақиради, ҳушёрликка ундайди, уларни дунёга ва одамзодга эзгу нигоҳ билан қарашга даъват этади! Зеро, одамнинг кўзига тик қараб туриб, “Сен — инсонсан!” дея уқдиришга фақат ва фақат адабиёт, бадиий сўз қодир!

— Сиз “Соф ўзбекча қотиллик”, “Жажман”, “Бозор” каби асарларингизда ўзбек характери, руҳи ва дунёсини очишни қойиллатгансиз. Мақолаларингизда эса халқимиз тийнатида ортиқча дабдабаларга мойиллик борлигидан куйиниб ёзасиз. Айтинг-чи, ўзбекчилик бошқа халқлардан нимаси билан фарқ қилади? Чунки бу сўзнинг бошқа тилларда аниқ муқобили йўқ. Ўзбекчилик ўзи нима? Бундай тушунча ҳақида бошқа халқлар қандай ўйлайди?

— Қаранг, милоддан аввалги VII-VI асрларда Хоразмда сунъий суғориш тизимлари ишлаб турган. Ижтимоий табақалар шаклланган. VIII-VII асрларда шаҳар маданиятига асос солинган. Жўн гаплар эмас булар. Ақлга-тасаввурга сиғдириш маҳол денг! Таассуфлар бўлсинки, олис тарих бизнинг халқимизга узлуксиз тараққиёт, узлуксиз юксалиш, узлуксиз ва давомли барқарорликни раво кўрмади. Соғлом ва пухта менталитет эса барқарор муҳитда вужудга келади, шаклланади, улғаяди. Халқимиз ниҳоятда ижтимоий барқарорликка муҳтож. Кўр-кўрона дабдабага мойиллик Темур боболар, хонликлар давридан мерос. “Меҳмондўст миллат” эканлигимиз кўп тилга олинади, мен миллатимиз тийнати ҳақида сўз очилса, меҳнаткаш, ҳалол, маданиятли, зиёли, илмпарвар, инсоф-эътиқодли, мулоҳазали, уддабурон ва аҳил-иноқ халқ дея ном қозонишини жуда-жуда орзу қиламан.

— Хуршид ака, маънавият ва қадриятларга, анъаналарга таҳдидлар кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Нажот нимада деб ўйлайсиз?

— Ҳозир одамзод қавми эрта тонгдан кўзини очиб-очмай қандай қилиб жон сақлаш ташвишида бош қотирмоқда. Бирор тирик жон, кимлигидан қатъи назар, фавқулодда тажовуздан кафолатланмаган. “Фалон минтақадаги икки қўшни давлат келишолмай турибди, унинг бизга дахли йўқ” дейдиган замонлар ўтди-кетди. Биз эса давлатимиз раҳбари далдасида учинчи Уйғониш чўққисини кўзламоқдамиз. Бу — оламшумул некбинлик, оламшумул дадиллик! Бу некбинлик ва дадиллик тўлқинига, албатта, уйғоқлик ярашади. Бу мақсад-муддао йўлида барча-барча имкониятдан самарали ва оқилона фойдалана билишдан ўзга чора йўқ, деб ўйлайман.

Нажот — янги замон одамларининг онги, тафаккури, интилишидаги фойдали ҳаракат улушини ягона куч-қувват сифатида амалиётга татбиқ эта билишимизда!

Суҳбатдош: Адиба УМИРОВА

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?