Илм ва салоҳиятнинг эътирофи

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»
Аввал хабар қилинганидек, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети дунёнинг яна бир нуфузли рейтинг агентлиги “THE (Times Higher Education)” томонидан эълон қилинган THE World University Ranking-2025 (дунё университетлари рейтинги) натижаларига кўра, 43,2 балл билан дунё университетларининг халқаро рейтингида ТОР 601 ўринни, Марказий Осиё ва Кавказорти давлатларидаги университетлар ичида эса ТОР 2-ўринни, мамлакатимиздаги ОТМлар орасида ТОР 1-ўринни эгаллаган эди. Жорий йилнинг 11 октябрь куни ТИҚХММИ миллий тадқиқот университетида ана шу халқаро рейтинг натижаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда, тегишли вазирлик ва идора раҳбарлари, университет профессор-ўқитувчилари, талабалар, жамоатчилик вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этди. Миллий тадқиқот университетининг Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти, Қарши ирригация ва агротехнологиялар институти ва Олмаота шаҳридаги филиали жамоалари ҳам Zoom платформаси орқали ушбу анжуманда иштирок этдилар.
Дунёдаги 115 давлатнинг 10 мингдан ортиқ университетлари иштирок этган халқаро рейтинг натижаларининг ушбу эътирофи, мамлакатимиз олий таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бугунги натижаси ўлароқ қайд этилди. Чунки, кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан таълим сифатини тубдан яхшилаш, жумладан, олий таълимни дунёдаги илғор давлатлар тажрибаси асосида қайта шакллантириш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Бугунги анжуманда сўзга чиққан нотиқлар ҳам бу борадаги амалий тажрибалар асосида фикр юритдилар.
— Профессор-ўқитувчиларимиз, докторантларимиз жамоасининг самарали меҳнатлари Буюк Британиянинг “THE (Times Higher Education)” агентлиги томонидан юксак эътироф этилганидан бениҳоя мамнунмиз,-дейди, ТИҚХММИ миллий тадқиқот университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, техника фанлари доктори Шуҳрат Шокиров. — Бу натижа, аввало, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайлидир. Қолаверса, университет олимларининг илмий салоҳияти йил сайин юксала бориб, АҚШ, Хитой, Япония, Корея, Венгрия, Россия давлатларидаги ОТМ билан халқаро ҳамкорликларни изчил йўлга қўймоқда.
Илмий салоҳиятимизни янада юксалтириш орқали ушбу эътирофни сақлаб қолишимиз, олимларимизнинг илмий мақолалари ҳажми ва кўламини янада кўпайтириб, ТОР 500 ва ТОР 300 таликка киришга ҳаракат қилмоғимиз зарур.
— Дунё университетлари рейтингида 601 ўринни эгаллашимиз зиммамизга жуда катта масъулиятлар юклайди, - дейди университет Халқаро рейтинг бўлими бошлиғи Илҳом Абдураҳмонов. — Бу эътироф келажакда Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, шунингдек қатор хорижий сармоядор компаниялар, молия институтлари томонидан илм-фан ва таълимни ривожлантиришга ажратиладиган инвестицияларни университетимизга жалб этишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, хорижий давлатлардаги нуфузли олимлар, профессор-ўқитувчиларни университетимизга келиб, талаба ва докторантларимизга дарс беришлари учун ҳам асос бўлади.
Бугунги кунда университет олимлари томонидан мамлакатимиз қишлоқ ва сув хўжалигини такомиллаштириш, ер ресурсларидан унумли фойдаланишга муҳим ҳисса қўшадиган лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилаётир. Венгриянинг Nireghaza университети олимлари билан ҳамкорликдаги анъанавий ва органик деҳқон хўжалигини юритишда масофадан зонтлаш технологияларини қўллаш илмий лойиҳаси шулар жумласидандир. Юқори Чирчиқ туманидаги ўқув тажриба майдонимизда амалга оширилаётган илмий тадқиқот жараёнларида буғдойдан юқори ҳосил олиш технологиясини афзаллиги борасида илмий натижаларга эришилди. Шунингдек, университетда ўқиш, таълим ва иш сифати янгиланмоқда. Юқори модернизацияланган лабораториялар фаолияти йўлга қўйилиб, профессор-ўқитувчиларимизнинг иш тажрибаси мукаммаллашмоқда.
Шодиёр МУТАҲАРОВ,
(“Халқ сўзи”)
Тасвирчи ва монтаж устаси
Акмал МУҲАММАДОВ.
Сирожиддин ВОХИДОВ олган суратлар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг