Ичимлик суви муаммоси бартараф этилмоқда
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва ҳаёт сифатини оширишга қаратилган кўплаб ижтимоий, ҳудудий дастурлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда гап кетганда, аввало, сўнгги йилларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидлаш жоиз.
Бугунги кунда тоза ичимлик сувига бўлган талаб ва эҳтиёж глобал муаммога айланган. Маълумотларга кўра, айни дамда дунё аҳолисининг камида 26 фоизи тоза ичимлик сувидан мосуво экан. Ер юзидаги 47 фоиз инсон эса асосий санитария хизматидан фойдалана олмайди. Инсониятни тубсиз жарликка тортаётган ўнлаб касалликлар ҳам айнан истеъмолга яроқсиз сув туфайли кўпайиб бораётгани БМТ маълумотларида қайд этилган.
Ана шундай мураккаб шароитда мамлакатимизда сўнгги олти йилда, аниқроғи, 2023 йилгача бўлган даврда ичимлик суви соҳасига давлат бюджетидан 14 триллион 500 миллиард сўм ёки олдинги даврга нисбатан 6 баравар кўп маблағ ажратилди, 31 минг километр ичимлик суви ва оқова тармоқлари ўтказилди, 1200 та сув иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Бу ишлар натижасида мингта маҳалладаги 6,5 миллион аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор тоза ичимлик суви кириб борди.
Бундан уч йил муқаддам Сурхондарё вилояти аҳолисининг 44,6 фоизи марказлашган ичимлик сув билан таъминланмаган, 218 та сув иншооти ва 3 минг километрдан зиёд тармоқлар таъмирга муҳтож эди. Вилоятнинг жанубий туманлари ва Термиз шаҳрида сув минерализацияси миқдори ошгани кўплаб ижтимоий муаммоларни келтириб чиқарди.
Давлатимиз раҳбари 2021 йилда Термизда бўлиб ўтган йиғилишда Сурхондарё вилоятида ичимлик суви билан боғлиқ бундай муаммоларга алоҳида тўхталиб, воҳани ичимлик суви билан таъминлаш масаласи жуда жиддий эканини алоҳида таъкидлаганди. Ўшанда Президентимиз келгуси беш йилда вилоятда 1 минг 700 километр ичимлик сув тармоқлари ва 96 та сув иншоотлари барпо этилишини, бу борада Тўпаланг сув омбори улкан ва тоза манба эканини таъкидлаб, уни аҳолига етказиш бўйича лойиҳа тайёрлаш вазифасини қўйганида воҳа аҳлининг асрий орзуларига ечим бўлганди.
Шу йилнинг ўзида вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлайдиган йирик лойиҳани бошлашга старт берилди.
Амалий ишлар кўп куттирмади — 2023 йилнинг 16 ноябрь куни Сариосиё тумани «Боғистон» маҳалласида ушбу лойиҳанинг биринчи босқичини ишга тушириш маросими бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, «обиҳаёт» йўлини очди.
Йирик лойиҳанинг дастлабки босқичи ишга туширилиши эвазига Денов тумани марказидаги 14 та маҳаллада яшайдиган 71 минг 200 киши, Қумқўрғон туманида 3 та маҳалладаги 10 минг 600 истеъмолчи, Сариосиё туманидаги 9 та маҳалланинг 32 минг 600 аҳолиси, Шўрчи тумани марказидаги 8 маҳаллада истиқомат қиладиган 27 минг 500 киши ана шу сувдан баҳраманд бўлаётир.
— Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 декабрдаги «2024 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг Раёсат баёнига асосан жорий йил 9 та ичимлик ва оқова сув объектларида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун 164,6 миллиард сўм маблағ ажратилган, — дейди «Сурхондарё сув таъминоти» АЖ директори Абдулла Маматқулов. — Бу маблағ ҳисобидан 19 километр ичимлик суви тармоғи, битта дона сув иншооти, 6,7 километр оқова сув тармоғи ҳамда иккита оқова сув иншоотини қуриш режалаштирилган эди. Бу маблағ ҳисобидан 14 км ичимлик суви қувури ётқизилиб, битта ичимлик суви иншооти барпо этилди. Қарийб беш километр оқова сув тармоғи ва битта оқова сув иншооти қурилди, реконструкция қилинди. Йил давомида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган олтита объектдан тўрттасида қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, ишга туширилди. Сурхондарё вилояти аҳолисининг ичимлик суви таъминотини «Тўпаланг» сув омбори манбалари ҳисобига яхшилаш объектида қуввати 200 минг м3/сутка бўлган ичимлик суви тозалаш иншоотида ҳам қурилиш ишлари ниҳоясига етказилди. Вилоятнинг Денов, Қумқўрғон, Сариосиё ва Шўрчи туманларида 34 та маҳалладаги қарийб 142 минг аҳоли «Тўпаланг» сув омборининг тоза, сифатли обиҳаётидан баҳраманд бўла бошлади. Айни пайтда Олтинсой туманида тармоқ тортиш, резервуар қуриш, Бандихон туманида ички тармоқ тортиш ишлари олиб борилмоқда. Йил якунига қадар қўшимча 52,7 км ичимлик сув қувурлари ва 28 та насос ускуналари профилактик кўрикдан ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, амалга ошириладиган чора-тадбирлар натижасида вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 64,1 фоиздан 64,7 фоизга етказилади.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ижтимоий ислоҳотлар аҳолининг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун қулай шароит яратишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг