Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал...

17:56 25 Январь 2023 Жамият
1002 0

Фото: Халқ сўзи

2020 йили ўзбек адабиётининг серқирра намояндаларидан бири Анвар Обиджоннинг китоби Мисрда инглиз ва араб тилларида чоп этилиб, араб китобхонлари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган эди. 2021 йили океан орти юрти – АҚШда «Ватанжон» номли китоби инглиз тилида кўп минг нусхада нашрдан чиқди.

Яқинда Ҳиндистонда «Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал...» номли шеърий тўплами инглиз ва ҳинд тилларида адабиёт мухлислари эътиборига ҳавола этилди.

Бу китоб филология фанлари доктори, адабиётшунос олима Ҳулкар Ҳамроева ҳамда ижодкорнинг фарзанди Баҳром Обиджоновлар томонидан нашрга тайёрланди. Тўплам таржимони Асрор Аллаёров бўлиб, унда асосан шоирнинг болаларга бағишланган шеърлари жамланган.

Таъкидлаш ўринлики, Ҳулкар Ҳамроева шу кунга қадар Анвар Обиджон ижоди ҳақида Хитой, Ҳиндистон, Германия, Туркия, Япония, Россия, Испания, Франция каби ривожланган давлатлардаги нуфузли нашрларда кўплаб мақолалар эълон қилди. Шунингдек, суюкли шоиримизнинг энг сара шеърлари немис ва испан тилларига таржима қилинишида фаоллик кўрсатди. Айни кунларда эса Анвар Обиджоннинг яна бир китоби Озарбайжонда озар тилида нашрга тайёрланмоқда.

Анвар Обиджон бугун орамизда йўқ. Аммо унинг бой ижодий мероси, бебаҳо асарлари қўлма-қўл бўлиб ўқилмоқда. Қувонарлиси, адиб меросидан нафақат халқимиз, балки дунёнинг турли қитъаларида яшовчи китобхонлар баҳраманд бўляпти.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер