Мантиқсиз уйдирмалар муносабатларимизга рахна солади

Сўнгги кунларда ОАВ ва интернет глобал тармоғида тарихчи, империячи ва монархиячи Михаил Смолин томонидан янграган гўёки ўзбеклар, озарбайжонлар ва қозоқлар ҳеч қачон мавжуд бўлмагани, инқилобдан кейин бу миллатлар сунъий тарзда пайдо қилингани ҳақидаги сафсата жонажон Ватанимиз ва туркий тилли қардошларимизнинг кенг жамоатчилигини қаттиқ ларзага солди.
Смолин ва у каби фикр билдирувчиларнинг хатти-ҳаракатлари, ўйлаб-ўйламай сўз айтишларини нафақат бизга нисбатан катта ҳақорат, балки Россия давлатининг мавқеига чапланган катта доғ сифатида баҳолаш мумкин. Негаки, бундай фикрлар айтиш билан дўст давлатнинг айрим фуқаролари ўз юртининг агрессия тарафдори сифатида намоён бўлишини исташаётганини кўрсатиб беради. Бундай чиқишлардан кутилаётган мақсад ҳар қанақа жиҳатдан ҳам мантиқсизликдир, аслида. Шу билан бир қаторда, бу стратегик ҳамкор давлатларнинг халқаро даражада бир-бирининг суверенитетини тан олганлиги ҳақидаги келишувларига нисбатан ишончсизликдир.
Шу ўринда ушбу ҳақоратли фикрлар бўйича савол қўядиган бўлсак, унда ўзбек, озарбайжон ва қозоқ халқлари қайси асосларга кўра ташкил этилди? Улар қайси асосларга таяниб номланди? Бу саволларнинг ўзиёқ “ясама” тарихчининг салоҳияти ҳаминқадарлигини яна бир бор очиб беради.
Агар тарихий манбаларга мурожаат қиладиган бўлсак, ўзбек номи XIII асрда вужудга келганини кўришимиз мумкин. Буни Дашти Қипчоқда яшовчи қабилаларга нисбатан араб манбаларида ўзбек номи ишлатилгани тасдиқлайди.
Тарих фанлари доктори, профессор Шамсиддин Камолиддиннинг илмий тадқиқотларига кўра, XVI — XVIII асрларда Ғарбий Европада нашр этилган дунёнинг сиёсий хариталарида Ўрта Осиё ҳудудлари “Usbek” (“Usbec”, “Usbeck”, “Vsbek”), “Usbekia” (“Usbechia”), унинг айрим қисмлари эса “Usbek Bucharia”, “Usbek Bochara”, “Usbek Chowaresmia”, “Usbek Mawaralnahra”, “Usbek Turkistan”, “Usbek Turan”, “Usbek Tartaria”, “Us-bek Zagatay” сингари номлар билан аталган. “Usbeck”, “Usbekia” вa “Оzbegistan” каби номлар билан аталган тарихий хариталар жами 200 дан кўп. Бу хариталар шундан далолат берадики, “Ўзбекистон” атамаси 1924 йилда руслар томонидан ўйлаб топилган эмас, у Ўрта асрларда Европанинг сиёсий ва тарихий-географик тизимида ишлатилган.
Европаликлар томонидан Ўрта Осиё минтақасининг XVI — XVIII асрларда нашр этилган хариталари ичида юнон саёҳатчиси Василио Вататзининг 1732 йилда Лондонда чоп қилинган “Каспий денгизи ва Орол денгизи харитаси” алоҳида аҳамиятга эга. Орол денгизидан бошлаб Помир тоғларига қадар ҳудудларни ўз ичига олувчи Амударё ҳавзасидаги барча ерлар харитада “OZMПЕ-ГISТАN”, яъни “Ўзбекистон мамлакати” деб кўрсатилган. Даниялик хариташунос Абрахам Мааснинг Санкт-Петербургда чизилган “Каспий денгизи ва Ўзбек мамлакати харитаси”да эса бугунги кунда мамлакатимиз жойлашган минтақа ҳудуди “Usbek”, қўлёзмасида “Usbekia” топоними билан кўрсатилган. Бу харита муаллифи Россия ҳукмдори Петр I даврида Россия Фанлар академияси Рус географик жамиятининг картографик бўлими бошлиғи сифатида хизмат қилган вақтда ишлаб чиқилган.
Тарихий хариталардаги маълумотларни ёзма манбаларда келтирилган далиллар ҳам тасдиқлайди. Масалан, сафавийлар сулоласига мансуб Эрон шоҳи Таҳмасп I (1524 — 1576) Мовароуннаҳрда жойлашган Шайбонийлар давлатини “Ўзбекистон” деб атаган. 1562 йилда испан тарихчиси Гарсия да Орта Ўрта Осиёда жойлашган “Ўзбек мамлакати” ҳақида сўз юритган. XVII асрда Бухоро шаҳрида яшаб ижод қилган Турди Фароғий ўзининг ўзбек ва форс тилида битилган шеърларида ўз мамлакатини “Ўзбек юрти” ва “Ўзбекистон” деб атаган.
Ушбу илмий тадқиқотлар натижасида олинган маълумотлар шовинист Михаил Смолин томонидан айтилган “ўзбеклар, қозоқлар ва озарбайжонлар ҳеч қачон мавжуд бўлмаган, инқилобдан кейин Лениннинг паноҳида волюнтаристик тарзда хариталарни ўзгартиришлар бошланди, РСФР парчаланди, ундан ясама миллатлар ясалди” деган иддаолар замири пуч эканлигини рўйирост очиб беради.
Агар шахсий фикрлар остида қадимги даврларда туркий қабилалар Сибирдан Ўрта Ер денгизигача бўлган ҳудудда яшагани ҳақидаги тарихий ҳақиқатларни сўзласак ва ҳудудий даъволарни илгари сурсак, Смолинда ҳам биз ҳозир ҳис қилаётган туйғулар уйғониши табиий. Бугун ўзаро ҳамжиҳат бўлган, бир-бирининг яхши-ёмон кунида елкадош бўлган халқлар орасига бундай тарзда нифоқ солиш ҳақиқий Ватан хоинининг хатти-ҳаракатидир, назаримизда. Бундай вазиятда рус илмий жамоатчилиги ва тарихчилари томонидан тарихий ҳақиқатларнинг асл моҳияти борича очиб берилиши ҳамда Смолин каби фикрловчиларга барча халқлар тарихи ва қадриятларини ҳурмат қилишга чақирувлар янграши керак. Нафрат туйғуларининг уйғонмаслиги учун ҳам бу иш амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.
Шахсий фикр ниқоби остида йирик телеканаллар орқали янграётган бу каби қарашлар ва баёнотлар халқларимизнинг аслий қадриятларига мутлақо зид бўлиб, бундай чиқишлар замирида ётган мақсадлар барчани бирдек сергак торттиради. Ишончимиз комилки, нияти соф бўлмаган кимсаларнинг бу тахлит янграган турли иғволи фикрлари Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик, дўстона муносабатлар ва ўзаро ишонч асосига қурилган мустаҳкам ришталарга дахл қила олмайди.
Айни вақтда Русь князликларини Олтин Ўрда зулмидан озод қилган буюк саркарда Амир Темур каби узоқни кўзлаб, ҳиссиётга берилмасдан, мантиққа таяниб қарор қабул қилиш барча учун манфаатли бўлади. Смолин эса Третьяковский черкови музейида сақланаётган Биби Марям иконаси тарихини чуқурроқ ўрганиб чиқса, виждони олдида қандай машаққат турганини кўпроқ англаган бўларди.
Нодир ЖУМАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг