Фидоийлик рамзи

13:35 02 Март 2021 Жамият
642 0

Убайдулла Уватов илмий фаолияти марказида турган лойиҳалар кўпроқ ўрта асрларда яратилган арабийзабон манбалар билан боғлиқ. Олим ўрганган мавзулар ўз даврининг ҳассос масалалари бўлганини ҳам таъкидлаш ўринли. Жумладан, халқимизнинг яқин ўтмишида алоҳида оғриқли бўлган иккита масала У.Уватов илмий фаолиятининг қоқ марказида бўлиб келган. Уларнинг биринчиси Соҳибқирон Амир Темурнинг шахси ва фаолияти билан боғлиқ ҳақиқатни тиклашга ҳисса қўшиш эди. Халқимизнинг азалий армонларидан бўлган ушбу эзгу интилишнинг ушалишига ҳисса қўшишга ҳаракат қилган олимлар бошига тушган мусибатлар ҳақида хабардормиз. Лекин улар У.Уватовни мазкур мавзудан қайтаролмади. У ўзининг олий мақсади– Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги асл маълумотларни мужассам этган бирламчи манбаларни ўрганиш ва уларга таянган ҳолда буюк бобокалонимиз шаънига ёғдирилган туҳматларга қарши курашишдан ҳечам чекинмади.

Ўрта асрларда яратилган Амир Темурга бағишланган манбалар ичида асли шомлик бўлган Ибн Арабшоҳнинг XV асрда яратилган «Ажоиб ал-мақдур фи таърихи Таймур» («Темур тарихида тақдир ажойиботлари») асари алоҳида ўрин тутади. Унинг юксак илмий-тарихий аҳамиятини кўрсатиб турадиган исботлардан бири сифатида асар матни XVII асрдаёқ нидерландиялик атоқли шарқшунос, математик ва астроном Якобус Голиус (1596-1667) томонидан Европада нашр эттирилгани ва у ўша пайтдан европаликлар томонидан ўрганила бошлаганини кўрсатишнинг ўзи кифоя. Лекин асарнинг тили ниҳоятда мураккаб экани тадқиқотчилар олдида турган вазифани қийинлаштириб келган омиллардан бири эди. Академик И.Крачковский эътирофича, асар “...тилининг ўта мураккаблиги ва жимжимадорлиги туфайли арабчани ўртача биладиган ҳар қандай тарихчи ҳам уни тушунавермаган». Ёш тадқиқотчи У.Уватов бел боғлаган иш ана шундай – Европа илмий жамоатчилиги эътиборига аллақачон тушган ва асрлар давомида Амир Темурга оид энг муҳим бирламчи манбалардан бири мақомида бўлиб келган тарихий битикни ўзбек тилига ағдариш ҳамда илмий тадқиқ этишдек мураккаб вазифа эди.

1962 йили Мисрга борган тадқиқотчи асарнинг қадимий қўлёзмаларини излашга киришади ва тез орада улардан бирини қўлга киритади. Ўша пайтдан бошлаб «Ажоиб ал-мақдур фи тарихи Таймур» домла столида ўзининг доимий ўрнини эгаллади ва уни ҳечам тарк этмади. Узоқ йиллар давом этган машаққатли меҳнат эвазига асар ўзбек тилига тўлиқ таржима қилинди, тадқиқотчи томонидан унга 1400 га яқин илмий изоҳлар ёзилди. Домланинг асарга бағишланган тадқиқоти 1974 йили номзодлик диссертацияси сифатида ҳимоя қилинган бўлсада, унинг тўлиқ матни мустақиллик давридагина, яъни 1992 йили нашр этилди. Келтирилган хронология замиридаги яширин сирларни шўро мафкураси хусусиятларидан хабардор ёши улуғ зиёлилар яхши биладилар.

Ибн Арабшоҳ томонидан келтирилган маълумотлар ниҳоятда серқирра, бой ва холис экани билан ушбу манба дунё тадқиқотчиларининг ишончига сазовор бўлган. Шу ўринда муаллифнинг буюк бобокалонимиз сиймоси тавсифига эътибор берайлик: «Темур баланд қадли, узун бўйли, тик қоматли, гўё у қадимий паҳлавонлар авлодларидан бўлиб, кенг пешонали, катта бошли, ғоятда кучли ва салобатли, ажойиб бўлалик, ранги оқу қизил юзли, лекин доғсиз, буғдой ранг эмас, қўл-оёқлари бақувват, елкалари кенг, бармоқлари йўғон, пойчалари семиз, қадди-қомати камолига етган, серсоқол, ўнг оёқ-қўли чўлоқ ва шол, икки кўзи бамисоли икки шам бўлсада, шодлиги билинмас, йўғон овозли эди; у ўлимдан қўрқмас, ёши саксонга етган бўлсада[1], изтиробсиз, вазмин, бадани тўла ва пишиқ, худди зич (қалин) тош мисоли қаттиқ эди...». Амир Темурни ваҳший, жоҳил ва қонхўр шахс қиёфасида жонлантиришга зўр берилган бир даврда бундай маълумотларнинг оммалаштирилиши адолатни тиклаш маъносида бениҳоя муҳим бўлиш билан баробар, олимона қаҳрамонлик ҳам эди. Зеро, бу каби хатти-ҳаракат учун тегишли идоралар олдида жавоб беришга тўғри келиши мумкин бўлган. Олимнинг шижоати туфайли жамоатчиликда Амир Темур сиймоси ҳақидаги илмий асосланган ҳаққоний тасаввур шакллана бошлади.

У.Уватов илмий фаолиятида алоҳида ўрин тутган иккинчи мавзу бу аллома аждодларимизнинг диний-маънавий меросини ўрганиш ва унинг ҳаётий мақомини тиклашга ҳисса қўшиш эди. Убайдулла аканинг ушбу йўналишдаги фаолиятининг энг сермаҳсул жиҳати, шубҳасиз, муқаддас динимизнинг Қуръони каримдан кейинги иккинчи ўринга қўйиладиган ёзма манбаи – ҳадисларни ўрганишга бағишланган. Мусулмон олами бўйлаб асрлар давомида «муҳаддислар султони» деган улуғ сифат билан эъзозланиб келинган Имом Бухорий ҳамда олти ишончли тўпламдан яна бирининг муаллифи Имом Термизий ҳақидаги халқимизнинг билимлари яқин ўтмишда ниҳоятда чекланган эди. Бундай аччиқ воқеликни ислоҳ этиш, халқимизни асл илдизларига бўлган эътиборини тиклаш, бир томондан, тақдирни белгиловчи ҳаётий вазифабўлса, иккинчи тарафдан, яна ўша мафкуравий сабаблар туфайли анчагина хатарли тадбир бўлган.

Айни шу пайтларда мустақилликнинг қўлга киритилгани диний-маънавий меросни ўрганиш имкониятларини мисли кўрилмаган даражада кенгайтирди. Бунинг натижасида юзага чиққан кўтаринкилик маҳсули сифатида олим қалами остидан якка муаллифликдаги ва ҳаммуаллифликдаги «Икки буюк донишманд», «Хоразмлик буюк аллома», «Имом ал-Бухорий», «Буюк донишманд», «Ўзбекистон – буюк алломалар юрти», «Маҳмуд Замахшарий», «Юртимиз алломалари», «Буюк юрт алломалари», «Мотуридия таълимоти ва Абу Муин Насафий илмий мероси», «Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя», «Абу Муин Насафий» каби ўнлаб китоблар ва юзлаб мақолалар чиқди.

Муҳаддис аждодларимиз, қолаверса, бошқа исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган аллома бобокалонларимиз илмий-маънавий меросини ўрганишга бағишланган ушбу қимматли тадқиқотлардан кўзланган асосий мақсад халқимиз тарихий хотирасинининг ўқ илдизларидан бири бўлган миллий-диний анъаналарни тиклаш ишига баҳоли қудрат ҳисса қўшиш эди. Ушбу маънода У.Уватовнинг саъй-ҳаракатлари ўзининг самарасини бераётганига бутун Ўзбекистон гувоҳ дейилса, асло муболаға бўлмайди.

Убайдулла Уватовнинг йирик олим сифатидаги эзгу фазилатларидан бири у кишининг илму маърифат йўлидаги мисли кўрилмаган фидоийлиги эди. Тақдир тақозосига кўра, салкам ярим аср ул зоти шарифга яқин бўлган бир шогирд сифатида бунга такрор ва такрор гувоҳ бўлганман. Устознинг вафотларидан атиги бир неча кун муқаддам қилган ишлари ушбу фазилат асл инсонларни асло тарк этмаслигини яна бир исботи бўлди.

2020 йили бошларида менга Тошкентда бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази учун мўлжалланган бир илмий лойиҳани тайёрлаш вазифаси юкланди. Академия раҳбариятининг ушбу топшириғи ижроси сифатида «Исломнинг Марказий Осиёга ёйилиши: Мовароуннаҳрда диний-маънавий ва илмий-маданий марказларнинг шаклланиши ва ривожланиши» номли илмий-амалий лойиҳа шакллантирилди. Бундай улкан мавзуни ўрганиш, шубҳасиз, йирик олимларни жалб этишни тақозо этади. Бинобарин, мен мазкур лойиҳанинг ижросида иштирок этиш таклифи билан биринчилар қаторида Убайдулла акага мурожаат қилдим. У киши таклифни мамнуният билан қабул қилдилар, лойиҳанинг Сурхон воҳаси ҳадис марказлари қисмини тайёрлаб беришга ваъда бердилар. Айтиш лозимки, ҳечам кечиктирмасдан ишга ҳам киришиб кетдилар. Афсуски, шу орада бетоб бўлиб қолдилар. Рсотини айтсам, мен ишнинг натижасини сўрашга ҳам ботинолмай қолдим ва бундан ўзимни тийиб юравердим. Бир кун у кишининг набираларидан бири менга қўнғироқ қилиб қолди ва «Додам сизга бир нарсани етказиб қўйишни буюрдилар», – деди. Мен уни академияга таклиф қилдим. Убайдулла ака учун бениҳоя азиз бўлган Темур исмли набиралари зудлик билан етиб келди ва бобоси тайёрлаган бир даста қўлёзмани менга тутқазди. Не кўз билан кўрайки, қўлёзма Убайдулла ака ўз зиммаларига олган қисмнинг якунига етказилган матни экан!

Орадан бир ҳафта-ўн кун ўтар-ўтмас Темур эрта тонгда менга қўнғироқ қилиб, додаси бандаликни бажо келтирганларини хабар қилганида ёдимга келган биринчи нарса Убайдулла ака менга юборган, эҳтимол, ушбу йирик олим томонидан ёзилган энг охирги тадқиқот бўлди... Кўзим ёшланди, овозим бўғилди, «Аллоҳ сизни Ўзининг раҳматига олсин!» дея дуо қилдим...

Убайдулла Уватов ўзининг узоқ муддатли илмий фаолияти давомида кўплаб йирик тадқиқотларни амалга ошириб, ҳам илмий жамоатчилик, ҳам кенг оммага тақдим этди. Мен зикр этган тадқиқот ҳам уларнинг қаторига киради, албатта. У киши томонидан яратилган қимматли асарлар ҳам ибратли илмий мактаб, ҳам садақаи жория бўлиб хизмат қилади, иншааллоҳ.

З. Мунавваров, сиёсий фанлар доктори, профессор.

[1] Таржимон бу масалада Ибн Арабшоҳ адашганини, ўша пайтда Соҳибқирон тахминан етмишда бўлганини қайд этиб ўтади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?