Фаол ҳаёт сари қадам

15:43 12 Сентябр 2025 Жамият
323 0

Самарқанд туманидаги 74 та маҳаллада ёлғиз яшовчи, ўзгалар парваришига муҳтож, ногиронлиги бўлган фуқаролар “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида қамраб олинган. Уларга уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам бериш, қараб туриш, тиббий-ижтимоий реабилитация ва шахсий ёрдамчи хизматлари кўрсатилмоқда.

Шу ўринда якка тартибдаги тадбиркор Хумора Жўрақулова томонидан кундузги қатнов асосида қараб туриш маркази ташкил этилиб, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун 5 турдаги янги хизматлар йўлга қўйилгани ҳам эътиборга моликдир.

— Мамлакатимизда ҳеч ким эътибордан четда қолгани йўқ, — дейди Равонак маҳалласида яшовчи Дилноза Сатторова. — Турмуш ўртоғим вафот этган, қизим турмушга чиқиб кетган. Қаровчим йўқ, энди кунимни қандай кўраман, деб турганимда менга ёрдам қўлини чўзадиганлар топилганидан хурсанд бўлдим. Маҳалладаги ижтимоий ходим Гулруҳ Наимова ҳолатимни ўрганди ва кўмак кўрсата бошлади.

“Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида ёлғиз яшовчи ногиронлиги бўлган шахс сифатида рўйхатга киритилган Д.Сатторовага қиш мавсумида сарфланадиган электр энергияси учун компенсация пули тўланди, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, санаторийга йўлланма берилди.

Шу тариқа туманда ижтимоий хизматлардан фойдаланувчилар, фаол ҳаётга қадам қўяётганлар сони ортиб бормоқда.

Оқдарё туманидаги Лойиш маҳалласида ташаббускор тадбиркор томонидан давлат-хусусий шериклик асосида ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизмати ташкил этилди. Ушбу муассасанинг очилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Шерали Юлдашев, Оқдарё тумани ҳокими Шерзод Қудратов, нуронийлар ҳамда ота-оналар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Айтиб ўтиш жоизки, бундай ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш орқали оилаларнинг бандлиги ҳамда меҳнат қилиши учун имконият ва шароитлар яратилади, болаларнинг эса ижтимоийлашувига эришилади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер