Энди Сирдарёда ҳам кулолчилик бор

Уч йилдирки, Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида ўқувчиларга бадиий кулолчилик йўналиши бўйича назарий-амалий таълим берилмоқда. Мазкур машғулотларни бадиий кулолчилик мутахассислиги фани ўқитувчиси Жасур Эргашев олиб бораётир.
Шу ўринда бу ёш мутахассисни Сирдарё вилоятига миллий кулолчилик бўйича ҳунармандчиликни ҳамда ушбу соҳага оид таълимни олиб кирган илк кулол-ўқитувчи дейиш мумкин. Чунки, бунгача вилоятда бадиий кулолчилик мутахассислиги фанидан дарс берадиган мутахассис йўқ эди. Жасур Эргашев Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтида таҳсил олган. Шу билан бирга у юртимизнинг уста кулолларидан соҳанинг кўп сир-асрорларини ўрганиб бораётир.
— Ҳозирда 10 нафар ўқувчига кулолчилик бўйича дарс беряпман, —дейди Ж. Эргашев. — Ўйлайманки, яқин йилларда улар малакали кулол бўлиб етишади ва вилоятимизда мазкур соҳанинг ана шунча устаси фаолият бошлайди. Натижада тез орада Сирдарёда миллий ҳунармандчилигимизнинг ноёб йўналишларидан бири ҳисобланмиш кулолчилик бўйича ҳам кўплаб устахоналар, тадбиркорлик субъектлари пайдо бўлади.
Шунингдек, мазкур мактаб-интернатда ўқувчилар дастгоҳли рангтасвир рассоми, интерьер дизайни, ҳайкалтарошлик, ёғоч ўймакорлиги, бадиий каштачилик, наққошлик, либос дизайнери каби ўзлари қизиққан кўплаб мутахассислик фанлари бўйича таълим олмоқда.
Эътиборлиси, ушбу ўқув масканининг жорий йилги битирувчиларининг бари, яъни 16 нафари давлат гранти, 12 нафари тўлов- контракт асосида нуфузли олий таълим муассасалари талабалари бўлди.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг