Дунёдаги энг бахтиёр аёлман

16:12 04 Март 2026 Жамият
306 0

Фермер хўжалигимиз ташкил этилганига 25 йил, қишлоқ хўжалигида ишлаётганимга 42 йил бўлди. Ҳозирда салкам 60 гектар ерда деҳқончилик қиламиз. Лекин ҳеч қачон бу юмушдан зериккан эмасман. Далаларимни бир кун кўрмасам соғинаман. Кейинги йилларда эътибор ва рағбат туфайли пахтачилик ва ғаллачилик тармоғида ютуқлар салмоғи жадал юксалмоқда. Айни пайтда ғалла ҳосилдорлиги гектарига 85-90 центнердан ошди. Ўтган йили янги пахта нави экиш орқали ҳар гектар ердан қарийб 50 центнердан даромад олишга муваффақ бўлдик. Аслида яқин йилларгача ҳам бу борадаги кўрсаткичларимиз мақтанарли эмасди. Йилдан йилга қўшимча тармоқлар жадал ривожланяпти. Чорвачиликка катта эътибор қаратганмиз.

Ҳозирда барча турдаги қишлоқ хўжалиги техникаларимиз бор. Ўзим энг замонавий автомашина ҳайдайман. Даромадларимиз ошиб бораётгани маҳалладаги эзгу ташаббусларга бош-қош бўлиш имконини бермоқда. Яқин йилларда фермер хўжалигимиз ҳомийлигида “Жаҳонобод” МФЙда 100 ўринли муҳташам болалар боғчаси қуриб битказилди. Натижада маҳалламиз кичкинтойларининг узоқ йиллик орзуси ушалди. Эндиликда яна 100 ўринли қўшимча бино қуриш, бу ерда яратилган иш ўринларини 30 тадан ошириш мақсад қилинган.

Ўз навбатида маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш доимий эътиборимизда. Шу мақсадда маҳаллага ҳар йили ўртача 30 миллион сўм ҳомийлик ёрдами кўрсатамиз. Фермер хўжалигимиз ҳисобидан нуронийлар, беморлар ва боқувчисини йўқотган оилаларга доимий равишда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилади. Ҳудуддаги машина трактор парки раҳбариман. Тасарруфимизда 22 та фермер хўжаликлари мавжуд бўлиб, умумий экин майдони деярли 1,5 минг гектарни ташкил этади. Тажрибали фермерлар билан ҳамкорликда замонавий ёндашувлар асосида ишлаб, янги-янги тармоқлар кенгайтирилмоқда. Куни кеча давлатимиз раҳбари фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирланганим ерга меҳр берганимиз ва элдан меҳр кўраётганимизнинг амалдаги яна бир тасдиғидир.

Лобархон НОРМАТОВА,

Риштон туманидаги “Фурқат” фермер хўжалиги раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳиби

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер