Дунё кулоллари Риштон жам бўлишди

20:05 22 Сентябр 2023 Жамият
248 0

Фото: Халқ сўзи

Қўқон шаҳрида ўтказилаётган II Халқаро ҳунармандчилик фестивали доирасида бугун Риштон туманида Халқаро кулолчилик форуми ташкил этилди.

Халқаро кулолчилик марказида форумнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда фестивалга ташриф буюрган хорижлик ва маҳаллий меҳмонлар, шунингдек, Туркиянинг Кутахя шаҳри ҳамда қўшни Қирғизистоннинг чегарадош туманлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

— Ҳунармандчилик фестивали ва кулоллар форуми ўзаро уйғун ҳолда бўлиб ўтаётгани ушбу анжуманга ўзгача файз, шукуҳ бахш этаётир,—дейди Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев. —Ишонамизки, эзгу ташаббус келгусида Қўқон фестивали кўлами дунё бўйлаб янада кенг қулоч ёзишига хизмат қилади.

Форум қатнашчилари риштонлик кулоллар маҳсулотлари кўргазмаси билан танишиб, мумтоз куй-қўшиқлар оҳанрабоси, миллий ўйинлар томошасидан бир олам завқ олишди. Кулолчилик марказидаги иккинчи қаватда жойлашган кулоллар хонадонлари, устахона ва савдо дўконларини кўздан кечиришди.

Таъкидлаш ўринлики, кейинги йилларда бевосита давлатимиз раҳбари эътибори ва ташаббуси билан Риштонда 4 та кулолчиликка ихтисослашган Ҳунармандчилик маркази ҳамда 2 та кулолчилик маҳалласи барпо этилди. Ўз навбатида ўнлаб туризм объектлари ўз фаолиятини бошлади ва туман иқтисодиётида кулолчилик драйвер соҳага айланиб бормоқда.

— Бу ердаги муҳит ва манзара эртакнома,—дейди Янги Зеландиядан ташриф буюрган Лайло Вольтер. —Кулолларнинг қўл меҳнати орқали шундай мўъжизалар яратилиши жуда ҳам ҳайратланарли. Ўзимни худди мўъжизалар оролига тушиб қолгандек ҳис қилмоқдаман. Бундан буён ҳар йили сайёҳ сифатида Фарғонага келиш ниятидаман.

Форум давомида жаҳоннинг турли қитъаларидан келган кулоллар, соҳа мутахассислари, олимлар иштирокида “XXI аср кулолчилиги: анъаналар ва инновациялар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ҳам бўлиб ўтди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер