Дориломон кунлар шукронаси

10:16 27 Февраль 2026 Жамият
175 0

Шарқона ёғоч дарвозали, шинамгина ҳовлига кирсангиз, Усмонжон ота Раҳимов сизни илк қадамдаёқ манзират билан кутиб олади. Дастурхони доимо очиқ – ҳолваю патир, бир пиёла кўк чойи тайёр туради. Кўксида саноқсиз орден ва медаллари ярқираб турган 102 ёшли отахоннинг ёруғ кунларга шукронаси чексиздир.

— Юртбошимизнинг умрлари узоқ бўлсин, — дейди уруш фахрийси. —Ўтган йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан эсдалик нишон билан тақдирлашди. Кўнглим тоғдек кўтарилди. Ахир, бундай дориломон кунларга етиб келишнинг ўзи бахт эмасми?

Болалиги ҳозирги Ўзбекистон тумани маркази – Яйпан атрофидаги маҳаллаларда ўтган отахон ҳовлисида 10 қути асалари уяси борлигини, қаҳатчилик йилларида асал, майиз, ўрик қоқиси, жийда билан оилалар тирикчилик қилганини эслайди.

– Ота-онам далада ишларди, – дейди Усмонжон ота. – Бир куни раис Қўқон арава уланган бир жуфт ҳўкиз берди. Аёллар қизилчаларни териб беради, уни хирмонга ташийман. Бир куни уйда қора қозонни қайнатиш учун ҳўкизим бўйнига икки дона қизилчани боғлаб олдим. Ўшанда тунда назоратчилар келиб, жазо сифатида урушга юборишди. Қисқа муддатли ўқув-машғулотларидан сўнг турли қўшинларда хизмат қилдим. Баъзан жанг майдонларида оч қолиб, дарахтлар илдизини еган пайтларимиз ҳам бўлган. Ана шундай вазиятларда юрт соғинчи, яқинлар дийдори умиди ва уйдан келган хатлар, суратлар тасалли берган. Урушда кўп дўстларимни йўқотдим, улардан қолган жароҳатлар ҳали ҳам битмаган. Бир жангда оёғимнинг орқа томонига ўқ тегиб, ўнг оёғимнинг бош бармоғи жарроҳлик амалиёти орқали олиб ташланган. Уруш тугагандан сўнг уйимга қайтдим. Отам дунёдан ўтган, онам касаллик туфайли тўшакка михланиб қолган экан. Дастлаб далада ишладим. Ўша йилларда қишлоқда ҳаёт оғир эди. 1954 йили оила қуриб, фарзандлар кўрдик.

– Усмонжон ота урушдан сўнг узоқ йиллар темир йўл соҳасида ишлади. Ҳозир 5 миллион сўмдан ортиқ нафақа олади, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Фарғона вилояти бошқармаси мутахассиси Давлатжон Полвонов. – Ҳар куни патронаж ҳамшираси отахон аҳволидан хабар олади. Асрларни қаритган бундай нуронийлар маҳалламиз фахридир.

Отахоннинг файзли ҳовлисини набиралару эвараларининг шодон кулгиси тўлдириб турибди. Улар ҳар байрамда совға-саломлар, тансиқ таомлар билан бобосини қутлагани келишади. Бобо ҳам эвараларига ўзи эккан дарахтлардан мевалар узиб беради.

— Мен орзу қилган замонни эвараларим кўряпти, – дейди отахон кўзига севинч ёшини олиб. – Буларнинг бахтига замонимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз тўкис. Уларга айтадиган гапим битта – ёруғ кунларнинг қадрига етинглар, меҳнатдан бўйин товламанглар, ҳаёт синовларига енгилманглар, инсонни чиниқтирадиган, улуғ қиладиган фазилат сабру қаноатдир. Асло уруш кўришмасин, уруш ҳақида фақат китоблардан ўқишсин! Унутманг, тинч-осойишталик инсон учун энг қутлуғ неъматдир.

Шу кунларга етказганига шукрона айтиб яшаётган Усмонжон отага сиҳат-саломатлик, омонлик тилаймиз. Шундай нуронийларимиз бор экан, юртимизнинг файзу баракаси асло камаймайди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?