Депутатларнинг танқидига нима сабаб бўлди?

17:59 20 Октябр 2023 Жамият
181 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталарининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида»ги ҳамда «Республика буджетидан ажратиладиган маблағлардан фойдаланиш ҳолати тўғрисида»ги ахборотлари эшитилди.

Дастлаб жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат органларининг аҳоли билан мулоқотини такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда уларнинг муаммоларини ҳал этишнинг замонавий механизмларини жорий қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида мазкур соҳага оид бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, янги таҳрирдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

Шунингдек, ҳар бир соҳа ва йўналишда фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ва тўлиқ ўрганиш, улар юзасидан қонуний чоралар кўришга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир ташкилот раҳбарларининг мурожаатлар билан ишлашда шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, вазирлик ва унинг тизим ташкилотларига жорий йилнинг тўққиз ойида 299 439 та жисмоний ва юридик шахслардан мурожаат келиб тушган. Шундан, 147 682 таси ижобий ҳал этилган, 135 385 тасига тушунтириш ишлари берилган, 2 182 таси тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотларга юборилган, қолган мурожаатлар эса кўриб чиқилмоқда.

Ҳисобот даврида вазирлик ва унинг тизим ташкилотларида мурожаатларини кўриб чиқишда хато ва камчиликлар ҳамда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 154 нафар масъул ходимга нисбатан тегишли интизомий чоралар кўрилган.

Эшитувда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилаётган долзарб масалаларни ҳал қилиш юзасидан амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бирга, бу борада ечимини кутаётган айрим муаммолар борлиги ҳам алоҳида қайд этилди. Айниқса, хорижга ишлаш учун кетган фуқароларнинг касбий малакасини ошириш бўйича комплекс тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, бу ишлар ҳали талаб даражасида эмаслиги, шу боис, фуқароларнинг чет тилларини билиш ва касбий малака даражасини оширишга эътиборни кучайтириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

— Йиғилишда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожааатлари билан ишлаш борасида амалга оширилган ишларни атрофлича кўриб чиқдик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова. — Тўғри, берилган ахборотга кўра эришилган натижалар, ютуқлар бор. Шу билан бирга, ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжуд. Шу боис, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, уларни ҳал қилиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини янада ошириш, хусусан, мурожаатларни маҳалланинг ўзида ҳал этиш чораларини кўриш юзасидан таклиф ва тавсиялар бердик.

Шундан сўнг, республика буджетидан ажратиладиган маблағлардан фойдаланиш ҳолати тўғрисида ҳам маълумот берилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор Фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлашда, меҳнат бозорини шакллантириш жараёнида Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги, «Хусусий бандлик агентлиги тўғрисида»ги қонунлари мустаҳкам ҳуқуқий асос, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Хусусан, вазирлик тизимдаги 85 та мономарказ ва касб-хунарга ўқитиш муассасалари, шунингдек 200 дан ортиқ давлат ва нодавлат муассасаларида 98 минг ишсиз ва иш қидираётган шахслар касб-ҳунарлар, тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларни ўргатиш учун ўқишга жалб қилинган. Шундан бугунги кунда 57 минг нафари ўқишни тугатиб, уларнинг 78 фоизи иш билан таъминланган.

Эшитувда депутатлар жойларда субсидияларнинг вақтида берилмаётганлиги, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича давлат буджетидан олинаётган маблағлар мақсадли сарфланмаётгани, меҳнат бозорининг талаб ва таклифлари мономарказ ҳамда аҳоли бандлигига кўмаклашиш бошқармалари ва бўлимларига интеграция қилинмагани, аксарият иш ўрни ва ишсизлар билан боғлиқ маълумотлар бир бирига тўғри келмаётганлигини танқид остига олишди.

Депутатлар янги соҳа ва йўналишларда фаолият юритувчи мутахассислар тайёрлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан амалий таклифлар беришди.

— Кун тартибидаги ҳар иккала масала ҳам жуда долзарб. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир масалани атрофлича муҳокама қилдик ва соҳаларда учраётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклифларни бердик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мадина Баратова. — Масалан, депутатлар томонидан энг кўп мурожаатлар келиб тушаётган ҳудудлар фаолиятини ишчи гуруҳ ташкил этган ҳолда ўрганиш ва тегишли чора-тадбирларни белгилаш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси фаолиятига ижобий баҳо берилиб, вазирлик вакилларига ушбу йўналишдаги ишларни ташкил этишда яқиндан ҳамкорлик қилиш таклифи билдирилди.

— Сайлов округларидан келиб тушаётган мурожаатларнинг асосий қисмини аҳоли бандлигини таминлаш билан боғлиқ масалалар ташкил этади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида Раҳмонова. — Шундан келиб чиқиб, мурожаатларга ўз вақтида жавоб қайтариш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича давлат буджетидан ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш, меҳнат бозорининг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб, мутахассислар тайёлаш бўйича бир қатор таклифларни бердик. Ўйлайманки, берилган таклифлар соҳада учраётган камчиликларнинг бартараф этилишига хизмат қилади.

Тадбирда депутатлар вазирликнинг вакилларига келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини белгиланган муддатларда сифатли ижросини таъминлаш юзасидан назоратни янада кучайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар бердилар.

Депутатлар ўз округларидан келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан вазирлик мутасаддиларидан таҳлилий жавоблар талаб қилдилар, мурожаатларни баҳамжиҳат ижобий ҳал этиш борасида келишиб олинди.

Муҳокамаларга бой бўлган эшитувда қўмиталарнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер