Деҳқонободдан хорижга кийим-кечаклар экспорт қилинмоқда

17:16 26 Сентябр 2023 Жамият
507 0

Фото: “Халқ сўзи”

Жорий йилда туман марказида “Деҳқонобод текстиль” корхонасининг иш бошлаши Мавлуда Менглиева учун ҳам айни муддао бўлди. У ҳудуддаги кўплаб хотин-қизлар қаторида ушбу корхонага ишга қабул қилинди. Бугун Мавлуда Менглиева ва чевар ҳамкасблари замонавий корхонада меҳнат қилишмоқда. Улар тиккан турли кийим-кечаклар эса дунё бозорида ўз ўрнига эга.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, “Деҳқонобод текстиль” корхонаси 2023-йилда туманда рўёбга чиқарилган энг йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади. Ушбу замонавий корхонада туркия технологияси асосида йилига қарийб 1,5 миллион дона эркаклар, аёллар ва болалар кийим-кечаклари тайёрланади. Бу фаолият ортидан эса ҳудуддаги 500 нафар хотин-қизнинг доимий иш билан таъминланиши кўзда тутилган.

— Корхонамиз “Зарафшон текстиль” корхонаси негизида барпо этилган, — дейди “Деҳқонобод текстиль” корхонаси бош технологи Нежме Дегермани. “Зарафшон текистиль” корхонаси мамлакатимиздаги энг йирик текстиль корхоналаридан бири ҳисобланади. Шу вақтга қадар ушбу корхона 10 та ҳудудда ўз филиалларини ишга туширган эди. “Деҳқонобод текстиль” корхонаси эса бу борада ўн иккинчиси бўлди.

Туркиялик мутахассиснинг қўшимча қилишича, айни вақтда корхонада ойига 170 минг донага яқин аёллар ва эркаклар футболкалари тайёрланмоқда. Уларнинг асосий қисми европа давлатларига экспорт қилинаётган бўлса, қолгани ички бозорга йўналтириляпти. Бу фаолият ортидан эса 375 нафар кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланган.

— Бундан ташқари, яна 175 нафар чевар учун тикув машиналарини олиб келиб ўрнатдик, — дейди у. – Шу боис яна ишчиларни қабул қиляпмиз. Шуни ҳам айтишим жоизки, бошқа ҳудудлардаги филиалларимизда ҳам ишлаб кўрганман, аммо деҳқонободлик хотин-қизлар тикувчиликка жуда уста экан. Улар икки-уч куни ичида ишни тўлиқ ўзлаштириб, дарҳол фаолиятга киришиб кетмоқда. Бу ерда ходимлар танлашда умуман муаммо кузатилмади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер