“Бунёдкор” улкан ўзгаришлар манзилига айланмоқда
Фото: Халқ сўзи
Янги Наманган туманидаги “Бунёдкор” маҳалласи – давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 18-19 февраль кунлари вилоятга ташрифи чоғида огоҳлантирмай борган манзил. Ўшанда бу ердаги ночор инфратузилма, жумладан, электр энергияси, ичимлик сув таъминоти, автомобиль йўллари ва ички кўчалардаги аҳвол жиддий танқид қилиниб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатъий топшириқлар берилган эди. Ўтган қисқа вақт ичида улар ижроси бўйича астойдил иш олиб борилди. Хусусан, шаҳар марказигача бўлган автомобиль йўлининг асфальти янгиланиб, кўчаларга бетон таянч устунлар ўрнатиш, электр тармоғи тортиш, трансформаторларни таъмирлаб, соз ҳолга келтириш, энг асосийси, тоза ичимлик суви, табиий газ таъминоти бўйича зарур чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди.
Бугун маҳаллада қад ростлаган дастлабки кўп қаватли турар жойлардаги хонадонлар калити ўз эгаларига топширилди. Ҳар бири 20 хонадонга эга беш қаватли ушбу биноларда аҳолига муносиб турмуш шароитлари яратилган бўлиб, улар асосан муҳтож фуқароларга ипотека кредити асосида тақдим этилди.
- Турар жой муаммоси яқин вақтга қадар оиламизни қийнаб келаётган эди, энди эса ўз уйимиз бор,-дейди икки хонали хонадон соҳибасига айланган Барно Маъмурова. – Ёлғиз онаман. Уйнинг бошланғич тўлови давлат ҳисобидан қоплаб берилгани оиламиз учун мадад бўлди. Бугун икки фарзандим билан шинам хонадонга кўчиб кирдик. Болаларимнинг қувончини сўз билан таърифлаб беролмайман.
Замонавий бинолар тақдимоти ўтказилган турар жой мажмуаси ҳозирда бешта бинодан иборат. Қурилиш ишлари давом эттирилиб, улар қаторига яна 50 таси қўшилади. Бир пайтнинг ўзида мактаб, болалар боғчаси ва бошқа ижтимоий иншоотлар ҳам қад ростлайди. Бу билан ушбу жойни “Янги Ўзбекистон массивига” айлантириш кўзда тутилган.
0,8 гектар майдонда қурилиши тугалланган “Бунёдкор” кичик саноат зонаси ҳам маҳалла аҳлига катта туҳфа бўлди. Унда 25 миллиард сўмлик тўртта лойиҳа рўёбга чиқарилиши билан 500 кишига доимий иш ўрни яратилди. Тадбиркорлик жамоаларининг асосий қисми текстиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Улардан бири – “NT home textile” масъулияти чекланган жамияти ҳозирнинг ўзидаёқ маҳалла ёшларидан 100 нафарини ишга олди. Йилига 100 минг дона трикотаж буюмлари тайёрлаш қувватига эга корхона ўз маҳсулотининг 85 фоизини экспортга чиқаради.
“Бунёдкор”даги ўзгаришлар маҳалла фуқаролар йиғини, давлат хизматлари маркази филиалини ўз ичига олган замонавий гузарни ишга тушириш билан бошланган эди. Эндиликда улар ёнига вилоят марказидаги “Янги Ўзбекистон ёшлар зиё маскани” ахборот кутубхонасининг филиали ҳам қўшилди. 4 мингдан зиёд босма, кўплаб миқдорда электрон адабиётларга эга бу масканда интернет алоқасининг кенг имконияти яратилган. Зиёхона ёнида республика маҳаллалари орасида биринчи бўлиб “IT-school” ўқув маркази очилди. Бу рақамли маҳалла тизимини жорий этиш борасидаги илк қадам бўлиб, унда ҳудуд аҳолиси, ҳусусан, ёшлар бепул асосда IT соҳасидаги энг замонавий билимларни эгаллайди.
“Бунёдкор”даги тақдимот маросими маҳалла аҳли ва меҳмонлар учун чинакам байрамга айланди. Тадбир иштирокчилари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан рўёбга чиқарилаётган бундай улкан ўзгаришлардан мамнун эканликларини қайд этдилар.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ. “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- Тошкентда «UzFood 2026» ва «OʻzuPACK 2026» Халқаро кўргазмалари бўлиб ўтмоқда (+фоторепортаж)
- Шайха Носир Ал Новайс: “Мен бу каби ёндашувни аввал кўрмаганман”
- “Енгилмас: Токиога йўл” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди
- Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида
- Тошкентда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад ўтказилмоқда (фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг