Бухоро амирига совға қилинган дурбин

Бухоро давлат музей–қўриқхонаси қошида Арк ўлкашунослик музейи фаолият кўрсатмоқда. Тарихимиз, маданиятимиз ихлосмандлари учун бу ерда 2500 дан зиёд экспонат намойиш этилмоқда. Улар орасида дурбин ҳам бор. “Бухоро хорижий сайёҳлар нигоҳида” деб номланган экспозициядан ўрин олган бу антиқа ускуна тарихига назар солиш учун XIX асрнинг 40-йилларини ёдга олишга тўғри келади.
– Ўша йиллар Россия империяси ва Бухоро амирлиги муносабатларида муҳим давр бўлди, – дейди Бухоро давлат педагогика институти Ижтимоий фанлар кафедраси ўқитувчиси, музейшунос Шерали Жўраев. – 1841–1842 йилларда Константин Фёдорович Бутенёв бошчилигидаги рус экспедицияси Бухорога келади. Бу сафар тарихда “Бутенёв элчилиги” номи билан машҳур. Айрим манбаларга кўра, миссиянинг асосий мақсади Афғонистон ва Эрон орқали Туркистонга кириб келишга интилаётган Англия таъсирини чеклаш, Бухоро билан Россия ўртасида иқтисодий ва сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаш, ўлканинг ер ости бойликлари ҳамда геологик тузилишни ўрганиш, шунингдек, савдо-сотиқ ва дипломатик муносабатлар бўйича маълумотлар тўплашдан иборат эди.
Таркибида шарқшунос олим Н.В. Ханников ҳам бўлган экспедиция иштирокчилари тўплаган маълумотлар кейинчалик “Горный журнал” саҳифаларида эълон қилинган. Россиянинг Марказий Осиёга оид илмий тасаввурини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этган.
Бутенёв Амир Насруллахон билан учрашади. Мулоқот давомида унга совға-салом, жумладан, жумладан Европада ишлаб чиқарилган дурбин туҳфа қилади.
– Дурбиннинг ташқи қисми кўк фонда, унда яшил ва сариқ баргсимон, ўсимлик тасвирли нақшлар ишланган, – дея давом этади Ш. Жўраев. – Унинг тўртта асосий қисми бир-бирининг ичига киритилган ҳолда ясалган бўлиб, кўриш қисми махсус мослама билан ёпилади. Оптик тузилишига келсак, буюмнинг линзалари ён-атрофни катталаштириб кўриш имконини берган. Музей экспонатида шундай линзалардан иккитаси сақланган. Энг қизиқ жиҳати – унинг корпусида “W. ASHMORE / DAY or NIGHT / LONDON” деган ёзув борлигидир.
Буюм тўлиқ ҳолда сақланмаган, охирги қисми йўқолган. Манбаларга кўра, дурбиннинг металл резвалик томонига ёғочдан ясалган якуний асосий қисм уланган. XIX асрда Англиянинг W. Ashmore фабрикаси ишлаб чиқарган бундай дурбинлар одатда денгизчилар ёки саёҳатчилар учун мўлжалланган. У бундай турдаги буюмларнинг қўлда осон кўтариб юриладиган, кўчма турига мансуб. Кўпроқ умумий кузатиш ва йўналиш олиш мақсадида ишлатилган. Асосий қисми жез ёки латундан ясалган бўлиб, чарм ёки ёғоч қопламаси билан безатилган.
Музей экспонати билан бирор бир объектни кўриш ҳозир имконсиз. Тасвир тушунарсиз ва хира. Бунга балки дурбиннинг барча қисми сақланмагани сабабдир. Одатда, ўша даврда тайёрланган дурбинлар тасвирни 3-10 мартагача катталаштириб кўриш имкониятини тақдим этган. Бундан тахмин қилиш мумкинки, мазкур тоифадаги дурбинларнинг узоқни кўриш масофаси 5 километргагача бўлган.
Музейшунос таъкидлаганидек, салкам 200 йиллик тарихга эга бу экспонат XIX асрдаги дипломатик алоқаларни ёритувчи қимматли тарихий ашё ҳисобланади.
Истам ИБРОҲИМОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг