Бугун тежамасак, эртага тополмаймиз
Оддий истеъмолдан тортиб, қишлоқ хўжалигида етиштириладиган ноз-неъматларгача сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Иқлим ўзгариши туфайли табиат инъом этган бу бебаҳо неъматнинг захиралари йилдан-йилга камайиб бормоқда. Эндиликда қишлоқ хўжалигида обиҳаётни тежаш маданиятини шакллантирмасдан туриб, соҳада муваффақиятга эришиб бўлмайди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, тежамкор технологияларни жорий этиш, каналларни бетонлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида канал ва ариқларни бетонлаш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, сувни етказиш харажатларини қисқартиришга қаратилган ислоҳотлар катта самара бермоқда.
— Сув ўз номи билан ҳаёт манбаи, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Бахтияр Юсупов. – Ҳудудимиздаги мавжуд каналларнинг 95 фоизи тупроқ ўзанли бўлиб, сув йўқотишларни камайтириш мақсадида уларни бетонлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Яшириб нима қилдик, яқин-яқингача Шимолий ҳудудимизда туб қисми тўлиқ бетонланган каналлар йўқ эди. Илк бор Хўжайли туманидаги “Ташли жап”, “Ширин жап” каналлари қисқа муддатда бетонлаштирилиб, суғориш мавсумида фойдаланилаётганидан аҳоли миннатдор.

Айни пайтда Тахтакўпирдаги “Эски Қуваниш жарма”, Нукусдаги “Ақманғит”, Тахиатошдаги "Эски Кенегэс”, Қўнғиротдаги “Жинишке” каналлари реконструкция қилиниб, бетонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Кластер ҳамда фермер хўжаликларининг ички канал ва ариқларини бетонлаштирилаётгани уларнинг даромадларини оширмоқда. Ўтган йили Қорақалпоғистон Республикаси туманларидаги “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаларига 9 дона экскаваторлар олиб келинди. Бу замонавий техникалар кўмагида каналлар ўз вақтида тозалагани боис энг олис овулларгача сув етиб бормоқда.
– Жорий йилда каналларни бетонлаш ишларини тезлаштириш мақсадида барча туманнинг “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари 16 дона бетон қаргич билан таъминланди, – дея давом этди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Бахтияр Юсупов. – Бу иш сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Яқинда Нукусда Қорақалпоғистон сув хўжалиги тизимида илгари қўлланилмаган 3 та инновацион технология намойиш қилинди. Улардан бири “Ковш-косилка” бўлиб, бу техника ёрдамида коллектор ҳамда каналларни қамишлардан тозалаш йўлга қўйилди. Яна бир янги технология — каналга бетон ётқизувчи махсус машина келтирилди. Қўл кучи ёрдамида бир неча ўнлаб ишчилар кунига 40-50 метр бетонласа, ушбу техника ёрдамида соатига 60 метр ички канални бетонлаш имконияти яратилди. Бугунги кунда ҳудудларда бетон ўрнини босувчи янги инновацион технология – ички ариқларга қуруқ бетон тўшамаси ҳам ётқизилмоқда. Албатта, бу усул харажатларни камайтириб даромадни оширишга, сув йўқотишларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Нукусдаги “Дўстлик – 1” сув тақсимлаш иншоотида сув хўжалиги тизим ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ҳам Тахтакўпир, Қораўзак, Чимбой, Қонликўл, Шуманай туманларидаги “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаларининг моддий техник базасини янада яхшилаш мақсадида қўшимча 5 дона экскаватор берилди. Сув хўжалиги тизим ташкилотларида ишловчи 55 нафар ходимга скутер калитлари топширилгани сув таъминоти оғир ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.
Ғайрат ОТАЖОНОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг