Бир замин фарзандлари
Иллюстратив фото
Ижтимоий тармоқларда Жанубий Америка мамлакатларидан бирида коронавирус пандемияси туфайли оғир турмуш шароитига тушиб қолган қавм ташвиши ёритилибди. Ишсиз, даромад ва егулик ҳеч вақоси йўқ кишилар хонадонларининг тепасига қизил мато боғланган.
Бу белги оиланинг оч эканлигини билдирар экан. Афсуски, бундай хонадонлар деярли ҳар бир қадамда учрарди... Синовли кунларда бу мамлакатда одамлар “SOS” байроғини кўтаришга мажбур бўлибди.
Коронавирус инсониятни тарихнинг мураккаб синовидан ўтказмоқда. Бир қатор мамлакатларда вирус таҳликаси билан бирга кишиларга очлик, йўқчиллик балоси ҳам азоб бермоқда. Кечагина оғиз-бурун ўпишган Евроиттифоқ ҳам дастлабки кунларда шошиб қолди. Оғир аҳволга тушиб қолган мамлакатлар ёрдам сўрай бошлади. Мамлакатимиз шу кунга қадар дунёнинг коронавирусдан азият чекаётган 10 га яқин мамлакатига гуманитар ёрдам кўрсатди. Шулар баробарида ҳудудимизда касаллик ёйилиши жиловланмоқда.
Карантин давом этаётган шу кеча-кундузда кучли довул ва ёмғир Бухоро ва Сирдарё вилоятларида юртдошларимизни яна бир синовдан ўтказди. Сардоба сув омборининг ўпирилиши натижасида кўплаб қишлоқларнинг сув остида қолгани, ҳудуддан 70 минг нафар кишининг эвакуация қилингани халқимиз томонидан елка тутиб қабул қилинди.
— Сирдарёликлар учун “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати лойиҳаси доирасида Қизилтепа туманида истиқомат қилаётган 500 нафарга яқин кўнгилли фуқаролар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, уй-рўзғор жиҳозлари ҳамда кийим-кечак, кўрпа-тўшаклар тақдим этилди, — дейди туман бош имом-хатиби Завқиддин Орипов. — Ушбу кўмак талафот кўрган сирдарёлик ватандошлар учун вилоят штабига биринчи хайрия карвони сифатида юборилди.
Бирдамлик, ҳамжиҳатлик каби тарих синовларидан ўтган асрий қадриятлар яна бўй кўрсатиб, бугун табиий офатлар оқибатини тезроқ бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган юртдошларимиз, меҳнат жамоалари ёрдам қўлини чўзишмоқда.
Бундай хайрли ишларда Навоий кон-металлургия комбинати ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омборидаги тошқин оқибатларини бартараф этиш мақсадида НКМК биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзди.
— Тошқин бўлган сув омборига комбинатнинг махсус ва қудратли техникалари жўнатилди, — дейди НКМК бош директори матбуот котиби Абдумажид Жўраев. — Айни пайтда корхонага тегишли 42 та автосамосвал, йўл қурилиши, юклаш, тушириш ва бошқа махсус техникалар офатни бартараф этиш ишларига тўла сафарбар этилди.
Сирдарёликларга кўмакка борган ишчи-ходимлар, муҳандис ва мутахассислар учун комбинат томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, сирдарёликларга моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида комбинат ишчи-ходимлари ўз шахсий жамғармаларидан 10 миллион сўмдан ортиқ маблағ, шунингдек, турли уй-рўзғор буюмлари, бадиий адабиётлар ва ўқув қуроллари билан моддий ёрдам кўрсатишди.
Шунингдек, Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларида юз берган табиий офат натижасида зиён етган ижтимоий объектлар ва аҳоли уй-жойларини тиклаш ишларига ҳам комбинат беғараз ёрдам кўрсатишга қарор қилди. Бугун 3 минг 800 дона шифер, 40 куб метр ёғоч материаллари, 1 тонна мих юкланган карвоннинг дастлабки қисми ушбу ҳудудларга етиб борди. Шунингдек, комбинатдан борган 40 нафар тажрибали дурадгор ва усталардан иборат гуруҳ ҳам тиклаш ишларини бошлаб юборишди.
— Вилоятимиздаги ҳар бир корхона ва ташкилот мазкур саховат ишларига бефарқ қараб тургани йўқ, - дейди “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг Молия ва иқтисод масалалари бўйича директори Бобир Исломов. – Хусусан, Бухоро вилоятидаги табиий офат зарарларини юмшатиш учун ҳодиса содир бўлган куннинг ўзидаёқ “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 20 нафардан зиёд ходимимиз махсус техникалар билан бирга юборилди.
Кўпнинг бошига тушган ташвиш аввало жамиятда маънавий муҳит соғломлигини синовдан ўтказади.
— Карантиннинг дастлабки кунларида қарийб олти минг нафар аҳоли яшайдиган бизнинг маҳалламизда ҳам айрим оилалар аввалига таҳликага тушиб қолди, - дейди Навоий шаҳридаги “Ишонч” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳаммад Нуржанов. – Ахир 70 оила кунлик даромаддан рўзғор тебратиб, таксичилик, умумий овқатланиш шохобчаларида ошпазлик каби фаолият билан шуғулланишар эди. Буни қарангки, ўзига тўқ, ойлик даромадини йўқотмаган қўни-қўшнилар бу ҳолатни кўриб, бир чеккада қараб туришмади. Мамлакатимиз Президентининг доимий эътибор ва ғамхўрлиги туфайли ҳар бир оиланинг аниқ манзилли ҳимояси таъминланди.
Мақоламиз аввалидаги “қизил мато”га қайтсак. Уни таъна ва маломат учун келтирганимиз йўқ. Аҳамиятсиздеккина кўринган биргина шу воқелик дунёнинг кўплаб иқлимларида ўртадан меҳр-оқибат кўтарилганини англатиши билан кишининг қалбини титратади. Зеро, дунёнинг қайси бурчида бўлмасин, юзага келган муаммо, албатта барча ҳудудларда ўз таъсири кўрсатади. Боиси Ер юзи аҳолиси бир қуёшдан баҳра, бир осмондан нафас олган бир замин фарзандларидир.
Темур ЭШБОЕВ,
(“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг