Байрам арафасида ҳарбийларга янги уйлар топширилди
Фото: Халқ сўзи
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Самарқанд шаҳри Қорасув массивида ҳарбий хизматчиларга 90 та хонадон тантанали равишда топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, сектор раҳбарлари иштирок этди.

Унда мамлакатимиз мудофаасини мустаҳкамлаш, миллий армиямизнинг салоҳиятини ҳар томонлама ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, ушбу янги хонадонлар ҳарбийларга имтиёзли ипотека кредити асосида берилган бўлиб, бошланғич тўлов суммаси Мудофаа вазирлиги томонидан тўланган. Муддати 20 йилгача бўлган кредитнинг дастлабки уч йилида ҳарбийлар 7 фоиздан, кейин қайта молиялаш ставкаси бўйича тўловларни амалга оширади.
14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ургут туманининг Ваткан-Қўзибек маҳалласидаги 9224-сонли ҳарбий қисмга қарашли чегара қўриқлаш бўлинмасининг ҳарбий хизматчилари учун ҳам янги қуриб битказилган 32 хонадондан иборат кўп қаватли хизмат уйи фойдаланишга топширилди.

Вилоятда, шунингдек, Ватанпарварлик ойлиги доирасида қатор тарғибот тадбирлари бўлиб ўтяпти. Куни кеча Самарқанд гарнизонидаги Маънавият ва маърифат марказида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун Ўзбекистон давлат драма театри жамоаси томонидан байрам дастури намойиш этилди. Дастур давомида ижодкорлар томонидан «Отасининг қизи», «Жинлар базми», «Тўмарис» спектаклларидан парчалар намойиш этилди.
Бундан ташқари «Миллий армиямиз – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!» шиори остида ўтаётган қатор учрашувлар давомида ёшлар ҳарбийлар ҳаёти, қурол-аслаҳа ва техникаларни бевосита кўздан кечириб, Қуролли Кучларимизни янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўляптилар. Бу эса уларда миллий армиямизга бўлган ифтихор туйғуси оширишга хизмат қилмоқда.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкентда «UzFood 2026» ва «OʻzuPACK 2026» Халқаро кўргазмалари бўлиб ўтмоқда (+фоторепортаж)
- Шайха Носир Ал Новайс: “Мен бу каби ёндашувни аввал кўрмаганман”
- Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида
- “Енгилмас: Токиога йўл” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди
- Тошкентда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад ўтказилмоқда (фоторепортаж)
- Сурхондарёда 3 минг йиллик шаҳар қолдиқлари топилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг