Бадиият олами

Салим АШУР
КУЗГИ ЯПРОҚЛАР
Йиллар рангларини ўзгартирмоқда,
Куз ёлғиз кезади яқин қирғоқда,
Оловранг тўлқинлар оқар ирмоқда –
Кузги япроқлар, кузги япроқлар...
Ёш боғни айрилиқ тирилтирмоқда,
Маҳкума дарахтлар юпун титроқда,
Йўлини йўқотган севги сиртмоқда –
Кузги япроқлар, кузги япроқлар...
Кўприкда учрашди иккита достон,
Битта ўриндиққа келди тўрт томон,
Йиғлаган куз эмас, эски патефон –
Кузги япроқлар, кузги япроқлар...
Олис чеҳранг каби милтирар қуёш,
Ўчган муҳаббат ва узилган бардош,
Барини бир четга супурар фаррош,
Тонгги изғиринда изиллаган ёш –
Кузги япроқлар, кузги япроқлар...
* * *
Ёғаётган ёмғирда – малол,
Шамолларда тўзди сўзларинг.
Тун пардаси зич тушган. Хаёл
Сураётган сенинг кўзларинг.
Борган-келган ул-булларимиз
Бўлмас энди дўсту дугона.
Бир-бирига зор қўлларимиз
Бири-бирига энди бегона.
Тупроқларга чўкди изимиз,
Исмимизни унутди тонглар.
Бир-бирини кутган кўзимиз
Бир-бирининг йўлига томар.
Кипригингга ҳаловат инди,
Кўзларингдан ўпдими биров?
Қўлимизни иситмас энди
Кўнглимизни куйдирган олов.
Ёғаётган ёмғирда – малол,
Шамолларда тўзди сўзларинг.
Тун пардаси зич тушган. Хаёл
Сураётган сенинг кўзларинг.
Фароғат ХУДОЙҚУЛОВА
ШОДА-ШОДА БАХТДАН...
Мезон шамолида тоблаб ҳисларни,
Сахий куз йўл солди чанқоқ боғларга.
Юртма-юрт учириб мовий қушларни,
Чинорлар қўл чўзди азим тоғларга.
Орзулар қизарди анорюз бўлиб,
Умидлар жой олди ҳилол ёнидан.
Ариқлар оқдилар ўпкаси тўлиб,
Олмалар ранг олди кўнгил қонидан.
Шода-шода бахтдан эгилди шохлар,
Булутлар ташрифи энди ғам бўлмас.
Илҳом булоқлари қайнаган маҳал
Ноклардек тўкилиш – шоирга ҳавас.
Дунёни тутмоқда япроқлар ҳиди,
Юлдузлар кўзида сирли ийманиш.
Бу оқшом ғарқ пишган сатрлар аро
Заминга виқор-ла мамнун боқар қиш...
БАҲОРНИНГ СЎНГГИ КУНЛАРИ
Устоз Ойбекни хотирлаб
Шамолни йўлидан тўхтатиб қўйди
Тоғларнинг бағридан келаётган сас.
Қиш бўйи томирдан томирга оқиб
Юракни ўртаган баҳорий ҳавас.
Қирларнинг белидан қучоқлаб олди
Лолалар кулгусин ўпган чаманзор.
Эй Қуёш, ботмоққа шошилма бирпас,
Ҳали очилмаган деразалар бор.
Юлдузлар ёнидан япроқлар аста
Сирғалиб тушдилар сувнинг юзига.
Шоир ухлолмайди, бедор, дилхаста,
Баҳор оқшомлари тортар ўзига.
Қаламни лабига босиб тебранар
Наъматак нозига сармаст тунлари.
Қирлардан шоирга туҳфа тайёрлаб
Келмоқда баҳорнинг сўнгги кунлари...
Хорун МУСО
КУЗАК
Янгиланар сен билан руҳим,
Янгиланар сенда кечмишим.
Тетиклашар шаштим, шукуҳим,
Улкан бахтдир тонгга етишим.
Топилгандай чўғланар қалов,
Мушкулотга бордайин ечим.
Оқшомлари тушгандай қиров,
Пайқамаган келганинг ҳеч ким...
Сен ҳисобдор хирмон далада,
Баракани келарсан бошлаб.
Рози қилмоқ кўйи ҳаммада...
Қолдирарсан туҳфалар шошмай.
Менга таниш ҳислар қаъридан,
Хониш қилар тинмай елвизак.
Сариқ мактуб элтар Tангридан
Остонамга ястаниб Кузак...
МАЪСУМ ДИЛБАР
Бугун яна замин узра тонг,
Уйғонади ғала-ғовурлар.
Деразамда чумчуқлар гирён
Бўлиб тинмай чуғур-чуғурлар.
Ғичирлайди қадрдон товуш,
Очилади хонам эшиги.
“Болам”, дейди онам сал хомуш,
“Уйғон, яна юрма кечикиб...”
Илкис бежо ташлаб қадамлар,
Қайтиб тетик руҳим танамга.
Ёдга тушар ваъда, қасамлар,
Шошиламан кўча томонга.
Тизгинини унутган шаҳар,
Оломонни қилади тақиқ.
Менга бугун ёт бутун осмон,
Менга бугун ёт бутун мантиқ.
Фақат аён эрта-саҳардан,
Бор вужуди интизор маҳтал.
Ўз эркига қарши кўз тикиб,
Мени кутар бир маъсум дилбар.
Мен борарман ҳамон тентираб,
Ҳовлиқтирар шубҳалар дайди.
Ё телбаман, қолдим сенсираб,
Сенсирашга сабаб кўпайди.
Вужудимдан анқийди соғинч,
Кўринмайди манзил поёни.
Қамраб олган қобиқларига,
Фикру ёдим ишқнинг каломи.
Саробларни қучдим тутамлаб,
Васлинг ойда бўлмайди зоҳир.
Мен сенликка айландим, ё Раб,
Сен менликка айландинг охир.
Ўйларимда кечикиш ёди,
Сендан бироз “ранжиш”ни илғар.
Интиқликда бутун ҳаёти,
Мени кутар бир маъсум дилбар...
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг