Бадиият олами

Фото: Архив сурат
Мамлакатимизда «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» тамойили асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар силсиласида адабиётни ривожлантириш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш иқтидорларни кашф этиш ва тарбиялашга қаратилган ишлар бутунлай янги босқичга кўтарилди.
Зотан, инжа санъат халқнинг маънавий-руҳий озуқасидир. Бадиий сўз қудрати инсон қалбини нафақат поклайди, балки тафаккур оламини ёритади, орзу-умидлари рўёби сари қанот бўлади, уни янги-янги марралар сари рағбатлантиради.
www.xs.uz сайтимизда «Бадиият олами» рукнининг ташкил этилишидан кўзланган эзгу мақсад-муддао ҳам шу. Ўқувчиларга ушбу рукн остида ёзувчи-шоирлар, адабиёт бўстонига энди қадам қўяётган ёш ижодкорлар асарларидан туҳфа этиб борамиз.
Муштарийларимизни халқимизнинг маънавий савиясини янада ошириш, дидини юксалтириш, уларни бадиий сўзнинг бепоён жилвасидан баҳраманд этиш, орзу-умидлари рўёби томон олға интилишга ундаш, руҳлантиришдек эзгу ишларга камарбаста бўлишга чорлаб қоламиз.
Фахриёр
КУЗ ЭЛЕГИЯЛАРИ
1
Октябрь ҳам оёқламоқда,
икки ой бор йил тугашига.
Шохлар бир-бир таёқланмоқда,
шамол боғда хазон ташиган…
Кўрсичқонга ўхшайди шамол,
ғамлаб олар хазонни қишга.
Тугаб борар куз ҳам. Йил – тамом.
Изтироблар тушади ишга:
шамол тўзғутгулик ё сичқон
уясига ташиб кетгулик
ёзилмабди бир сатр, ишон,
ёки тутантириқ этгулик,
кузги ёмғирлардан жунжиккан
бир дўст учун гулхан ёқмоққа.
Гарчи, ҳаво очиқ, кун чиққан,
қўр беради на дўст, на боққа…
2
Шеър ёзгиси келар одамнинг
тўйиб-тўйиб, кун қатораси.
Гурсиллайди юрак қадами,
лекин кўринмайди қораси
бир манзилинг – бўлмайди қойим.
Ҳамма нарса сарғайган – хазон…
Куз тонгида қаноти шойи
зоғлар тинмай айтади азон.
Бу азоннинг қораси йўқдир,
мўлжал тортиб боргани шахдам.
На оч унинг ранги, на тўқдир,
териб олинмаган пахтадай
ё бутага илинган мезон
каби элас-элас кўринар…
Чир теварак бирдай баргрезон,
қораяди фақат мўрилар…
3
Хазонлайди дарахтлар аста,
қайноқ ранглар улашар ҳаёт
тўкилмоққа чоғланган хаста
япроқларга. Интиҳо – аён.
Мовий рангдан айрилар само,
энди ранглар боғни тўлдирар.
Адолатни билар тийрамоҳ,
ҳар япроқни гўзал ўлдирар.
Ҳалима АҲМЕДОВА
* * *
Мен сендан интизор мактублар кутдим,
Ёзмадинг, бунчалар оғир бу сукут.
Самарқанднинг узун хотирларидан...
Наҳот қувилганман, бўлганман унут.
Ёзмадинг. Самарқанд боғларида жим,
Кузнинг хаёллари ётарму маҳзун.
Таниш дарвозанинг тутқичларига
Дардкаш термуларми менсиз қолган кун.
Сен ёзгин, биз айтган қўшиқ омонми,
Ё кетдими у ҳам хотирдек нураб.
Ҳамон Регистонга осмон яқинми,
Ҳайратлар тирикми, қўй уни асраб.
Тунлар юрагингга бостириб кирган
Кўзимга қалбингдан сен бердингми жой?
Деразангдан ҳар кун осилиб кириб,
Менинг юзларимни эслатдими ой?
Биламан, ёзмайсан, барчаси аён,
Бугун бахтникисан. Юрак бахтга банд.
Мен эса кутаман, келади бир кун,
Мактуб қўлтиқлаган соғинч – Самарқанд.
* * *
Илинжи эриган дарахтлар титрар,
Жонга тухум очиб кетади ҳумой.
Илтижо қилади бир ўксик қайғу:
Сенинг хобгоҳингда уйғонайин, ой!
Дилим саргардонлик туманларида,
Беватан ватаннинг тушлари қаро,
Орзунинг қабрида кўкаради дил,
Зулматсевар ёруғлик аро.
Қорачиқдан ернинг тубига қадар,
Илдизлар эртаги жуда ҳам узун,
Кунлар ҳам даштининг йўлчиси, магар,
Юрак, биздан нима истар Чархидун?!
Наволар қалқиган бир тонг кетармиз –
Фанонинг ёдига мағрур ҳамда мард.
Эй кўнгил, уфқлар кўзида қолур –
Биздан сўнг ҳеч кимга етмаган бир дард.
Кузак боғларидан кетармиз бир кун,
Шамоллар ҳайдаган хазонлар мисол,
Бу дунёни моҳга чўмдириб маҳзун?
Биздан сўнг қолади муқаддас хаёл.
Наволар қалқиган бир тонг кетармиз...
Ҳусан МАҚСУД
ҲИРОТДАН КЕЛГАН МАКТУБ
Орамизда беш юз йиллик йўл,
(узоқлашар тобора у ҳам...)
Аммо менга узатганча қўл
талпинасан мудом, набирам.
Гул қўясан пойимга ҳар йил
ва таъзимлар қиласан такрор.
Чилдирмалар чалиб турфа хил
мени мақтаб айтасан алёр...
“Буюкларга муносиб авлод
бўламиз”, деб урасан лофни.
Гўёки ҳар бирингиз Фарҳод –
кул қиласиз минг Кўҳи Қофни.
Мақтовларга ўчсан, болажон,
минбарларга ўзни урасан.
Битганларинг руҳсиз, чалажон
ва уларни шеър деб юрасан.
(Тамакини тортасан аста,
май ичмоққа иштиёқинг зўр.
Шу сабабми миллат наздида
шоир зоти кашанда, майхўр...)
Ботил ҳаққа ўхшаб турганда,
эрк оёғи тушовланган пайт,
Онанг тезак ёқиб юрганда
қандай бахтли яшаяпсан, айт?
“Миллат, уйғон”, деди ойдинлар
Қўлламадинг – кетди улоқиб.
Қирғин бўлган пайти мўъминлар
тонналаб ош ейсан ютоқиб...
Халқ ҳақ сўзнинг гадоси эрур,
аммо ёлғон шеър тутдинг унга.
Устозингга ўхшадинг... Қурғур
мансабни деб сотилдинг кимга?
Чўп ҳолича қолмасин қалам,
жаҳолатга қарши тиғ бўлсин –
Разолатнинг кўзин ўй, болам,
зулм кетсин, золим йўқ бўлсин!
Ҳилола ЖЎРАҚУЛОВА
* * *
Сиёҳ бўлиб оқа бошлайман
Оқ қоғознинг томирларида...
Деворларим қулоқланади,
Кўздан нари,
мендан нарида.
Ўт кетади юрагим аро
Таскин топмам, ҳеч йўқ бир қултум.
Томоғимга тиқилди алам,
Уни эса
Тикондай ютдим.
Ердан кўкка ботмоқда қуёш,
Қовжиради унинг ҳам тани.
Сўнг баридан ўтиб тушади
Сени ҳеч ким эшитмагани.
Йиғлагим бор.
Кўзни намламай.
Кўзёш каби чиқармай уним.
Сиёҳдонга айланса ичим
Ҳавасини келтириб унинг.
Жонга оро киради бир дам
Барҳам бериб бари-барига.
Шивирлайман бори дардимни
Деворларнинг қулоқларига...
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг