Бадиий ижод эркинлиги кафолатланади

15:37 04 Апрель 2023 Сиёсат
2251 0

Бадиий ижод – юксак маънавий воқеликни акс эттирувчи бадиий образларни турли жанр ва ифодавий услубда яратишга қаратилган инсоннинг ақлий фаолиятидир. Бадиий ижод адабиёт, меъморчилик, ҳайкалтарошлик, тасвирий ва амалий санъат, мусиқа, рақс, театр, кино ва инсон фаолиятининг бошқа турларини ўз ичига қамраб, дунёни англашнинг хаққоний ва мажозий шаклларини кашф этиб намоён қилади.

Бадиий ижодда муаллифнинг муайян жамият ҳаётининг муайян даври муаммоларига нисбатан шахсий назари, ўзига хос бадиий талқини, ҳис-туйғулари ўз ифодасини топади. Яъни турли адабиёт ва санъат асарида ҳаётнинг турфа ранглари ҳамда воқеалари орасидан ибратли ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлганлари танлаб олинади ва бадиий таҳлил ва тасниф этилади.

Бадиий ижод мураккаб жараён бўлиб, инсон фаолиятининг идрок этиш, баҳолаш, қадрлаш сингари турлари билан боғлиқ ҳолда амалга ошади. Бунинг учун ижодкор эркин хаёл, кенг қамровли тафаккур, бой рамзий тасаввур, миллий онг ва юксак махоратга эга бўлиши керак. Бадиий ижод маҳсулининг долзарблиги ва ижтимоий моҳияти ана шу билан белгиланади. Ижоднинг тараққий этишида жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий барқарорлик ва маданий-маънавий тафаккурнинг юксалган даражаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Ижодкорлик – сифат жиҳатдан янги моддий ва маънавий қадриятларни яратишни тақозо этадиган фаолият жараёнидир. Ижодкорликни ишлаб чиқаришдан ажратиб турувчи асосий мезон унга тегишли бўлган натижанинг ўзига хослигидир. Негаки, муайян ижод маҳсулининг сўнгги натижасига муаллифдан бошқа ҳеч ким эришолмайди. Шундай экан, муаллиф ижод жараёнида мантиқ билан ўлчанмайдиган баъзи имкониятларни ишлатадики, натижада у ўз шахсиятининг айрим қирраларини ифода этади. Шу билан, муаллифнинг бадиий ижод намунаси якка нусхада яратилган эксклюзив асар бўлади. Айнан шу ҳолат ижод маҳсулининг ишлаб чиқариш маҳсулотига нисбатан қўшимча қийматини белгилайди.

Мамлакатимиз тарихига назар ташлар эканмиз, унда Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод сингари бадиий ижоднинг юксак поғоналарига эришиб, бу соҳада тараққиётнинг янги уфқларини белгилаб берган атоқли намояндаларни кўрамиз. Ушбу намояндалар адабиёт ва тасвирий санъат соҳаларида бадиий ижоднинг янги тенденцияларини белгилаб берганлар.

Дарҳақиқат, жаҳон тарихида ренессанснинг вужудга келишида илм-фан, адабиёт ва санъатнинг тараққий этиши муҳим ўрин тутган. Бу соҳаларда кўтарилган буюк ғоя ва кашфиётлар инсон тафаккурининг маҳсули сифатида жаҳон тамаддунини янада юксак босқичга олиб чиққан.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 53-моддасида ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқий кафолатланиши, давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилиши белгилаб қўйиляпти.

Бугунги кунда юртимизда бадиий ижоднинг тараққий этиши учун барча шароитлар яратилди. Президентимизнинг «Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш «Илҳом» жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорларида бадиий ижод ва китобхонлик маданиятини фаол қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистонда маданият, санъат ва журналистикани ривожлантириш учун маблағ ажратиш ва йўналтириш каби вазифалар белгилаб берилган.

Ҳозирги кунда бадиий ижод эркинлиги маданият ва санъатнинг барча соҳаларида кўзга ташланади. Ўзбек мусаввирлари бўлмиш Ч.Ахмаров, Р.Аҳмедов, А.Абдуллаев, Д.Рўзибоев, Б.Жалолов, Ж.Умарбеков, А.Нур, О.Қозоқовларнинг асарлари сўнгги йилларда жаҳоннинг энг нуфузли экспозицияларидан жой эгаллади. Адибларимиз А.Орипов, Э.Воҳидовларнинг асарлари жаҳоннинг кўплаб тилларига ўгирилган.

Давлатимиз раҳбарининг «Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида Миллий кино санъатини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни тизимли давом эттириш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, юртимизда жаҳон тажрибаси асосида кино ишлаб чиқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш, замонавий киносаноат инфратузилмасини яратиш ва кинопрокат тизимини ривожлантириш мақсадида кўплаб вазифалар белгиланган.

Шунга кўра, сўнгги йилларда ўзбек киноси соҳасида юқори савияли қатор бадиий фильмлар суратга олиниб, улар жаҳон кинофестивалларида муваффақият билан намойиш этилди ва мутахассисларнинг юксак даражадаги эътирофига сазовор бўлди. Кино санъатида юқори малакали миллий кадрларни тарбиялаш мақсадида Тошкентда тарихда илк бор ВГИК (Умумроссия давлат кинематография институти)нинг филиали ўз фаолиятини бошлади.

Эътиборлиси, юртимизда ижод соҳасига кенг кўламли имтиёз ва шарт-шароитлар яратилиши асносида ёшларимизнинг ижодга эҳтиёж ва иштиёқи тобора ортмоқда. Жумладан, ёш композиторларнинг мусиқий асарлари ҳориж мамлакатларининг нуфузли саҳналарида янграмоқда, ёш драматургларнинг асарлари асосида республикамиз театрларида янгидан-янги асарлар саҳналаштирилмоқда. Ўзбек адабиётида иқтидорли ёш адиб ва шоирларнинг номлари йилдан-йилга кўпаймоқда.

Умуман олганда, турли соҳа санъаткор аҳли ўзининг онгу шууридаги ижодий мақсад ва ғояларини хеч бир мафкуравий тазйиқсиз, эмин-эркин баён этиб, уни ўзининг шахсий ижтимоий-бадиий тафаккури доирасида истаган услуб ва шаклда ифода этиш имкониятига сазовор бўлмоқда. Шундай экан, мамлакатимизда бадиий ижод эркинлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устивор йўналиши даражасига кўтарилиб, конституцион жиҳатдан мустаҳкамланиши умуминсоний демократик тамойилларнинг том маънода замонавий ижтимоий Янги Ўзбекистон давлатини барпо этишда тўлақонли ишлашига хизмат қилади.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер