“Бодайтўқай”нинг хонгулиси

17:43 13 Май 2020 Жамият
3024 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Ўлкамизнинг бетакрор табиатини бекаму-кўст авайлаб-асрашда қўриқхоналарнинг аҳамияти катта. Зеро, улар табиатда кам учрайдиган, йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турган ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сақлаш, қайта тиклаш, экологик ҳолатни яхшилаш, табиий жараёнларни ўрганиш, экологик таълим-тарбияни ривожлантириш каби олижаноб вазифани амалга оширади. “Бодайтўқай” қўриқхонаси ана шундай ажойиб масканлардан биридир.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 августдаги 243-сонли қарори асосида Қуйи Амударё давлат биосфера резервати сифатида ташкил этилган мазкур қўриқхона Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний ва Амударё туманлари ҳудудида жойлашган. Умумий майдони 68717,8 гектарни ташкил этади.

Резерватда ўсимликнинг 419, ҳайвонларнинг 36, балиқнинг 43, қушларнинг 246, ҳашоратларнинг эса 1124 тури учрайди. Уларнинг айримлари Қизил китобга киритилган.

Айтиш жоизки, бу ерда ўлкамиз табиатининг ажойиб ва ноёб вакили Бухоро буғулари кўпайтирилмоқда. Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари ўрталарида Тожикистоннинг Рамит қўриқхонасидан келтирилган 12 та буғу кўпайиб, бугун уларнинг сони мингдан ошиб кетди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

-Ҳар йили кузда буғуларни санаш тадбири ўтказилади,-дейди резерват бошлиғининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Ақлбек Туреев.-2019 йил куз мавсумидаги саноқ бўйича Бухоро буғулари сони 1233 бошдан зиёд эканлиги аниқланди. Хонгули, яъни Бухоро буғулари генофондини сақлаб қолиш ва кўпайтириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси фанлар Академияси ва Қорақалпоқ давлат университети билан ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишлариолиб борилмоқда. Бундай ишлар умуман резерват флора ва фаунаси бўйича ҳам юритилади.

Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти, Термиз давлат университети, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилиб, докторант, магистрант ва иқтидорли талабалар тадқиқот олиб боришлари учун имконият яратилди. Улар резерват ходимлари билан Бухоро буғусининг кўпайиши, қушлар дунёси, энтемофауна, ўсимликлар дунёси ҳамда табиат солномаси каби мавзуларда мониторинг олиб боришади.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

-Ҳозирги кунда биосфера резервати ҳудудига яқин жойлашган аҳоли, деҳқон фермер хўжаликлари, корхона, ташкилотлар томонидан ўрмон ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиниши юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда,-дейди А.Туреев.-Шунингдек, аҳолининг экологик билим даражасини юксалтириш, экологик туризмни ташкил қилиш бўйича ҳам ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳидоят АҲМЕДОВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер