Аравани тортса юради

13:40 17 Июнь 2025 Жамият
238 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». «Бундан тўрт йил олдин турмуш ўртоғим ҳам, ўзим ҳам ишсиз, оиламизнинг моддий аҳволи жуда танг эди. Чорасизликдан кўмак сўраб туман ҳокимлигига борганман...»

Бу деҳқонободлик ёш тадбиркор, айни пайтда ўттиздан ошиқ хотин-қизни иш билан таъминлаган Маърифат Ибрагимованинг сўзлари. Аёлнинг айтишича, ўшанда туман ҳокимлиги томонидан унга ҳеч қандай моддий кўмак кўрсатилмади, лекин ўзи ҳаракат қилиб бирор тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйса, ҳокимият қўллаб-қувватлашини билдиришди.

— Уйга қайтиб қандай фаолият билан шуғулланишим мумкинлиги ҳақида ўйлай бошладим, — дейди у. — Ўша пайтда кўпчилик оилавий боғчалар очаётганидан хабарим бор, биз яшаётган маҳаллада боғча йўқ эди. Хуллас, кейинги сафар туман ҳокимлигига худди шу таклиф билан бордим. Улар шарт-шароитимни, имкониятларимни ўргангач, чиндан қўллаб-қувватлашди. Имтиёзли кредит олиб, уйимда 25 ўринли оилавий боғчани ишга туширдим.

Орадан бир йил ўтиб тақдир Маърифат Ибрагимовани яна бир оғир синовга рўбарў қилди. Унда бош мия ўсимтаси аниқланди. Узоқ давом этган тиббий текширувлар ва муолажалардан сўнг яқинларининг руҳий ва моддий қўллаб-қувватлови остида жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлди. Аммо бу қийинчиликлар ҳам қаҳрамонимизнинг иродасини бука олмади. Шифохонадан қайтгач ёшликда ўрганган ҳунарини ишга солиб, қўни-қўшнига кўрпа-кўрпача қавиб бера бошлади. Сўнг шу ишни кенг доирада ташкил қилишда амалий кўмак сўраб, яна туман ҳокимлигига мурожаат этди. Масъулларнинг маслаҳати билан банкдан эллик миллион сўм имтиёзли кредит олиб, зарур тикув машиналарини харид қилди. «Файзинисо-Амирхон» оилавий корхонасини ташкил этиб, 2023 йилда тадбиркорлик фаолиятини бошлади.

— Бошида ижтимоий ҳимояга муҳтож бир аёлни ишга олдим, — дейди Маърифат Ибрагимова. — Иккаламиз уйимнинг бир хонасида, минг бир ҳадик ва умид билан иш бошладик. Ишимизни кўрсатишга, кўпроқ буюртмалар топишга ҳаракат қилардик. Шукрки, аста-секин буни уддаладик. Буюртмалар сони оша бошлади, молиявий ҳолатимиз яхшиланди. Шундан сўнг иккинчи, учинчи ишчиларни чорладик. Уй торлик қилиб қолгани сабаб ўтган йили туман марказида мўъжазгина бўлсада, ўз тикувчилик цехимизни қуриб ишга туширдик. Нафақат кўрпа-кўрпача, балки ўндан ошиқ турдаги тикувчилик буюмларини тайёрлашни ўзлаштирдик. Айни пайтда турмуш ўртоғим ҳам, ўзим ҳам шу фаолият билан машғулмиз. Турмуш ўртоғим ташкилий ишлар билан банд, буюртмаларни ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш менинг зиммамда.

Бугунги кунда корхонада 30 нафардан ортиқ киши иш билан банд қилинган. Уларнинг деярли барчаси аввал бекор ўтирган, 12 нафарини ногиронлиги бўлган хотин-қизлар ташкил этади. Жой торлиги ва тикув машиналари етишмаслиги боис тадбиркор аёл чеварларнинг аксарияти касаначилик асосида ишга ёллаган. Бу ҳам ҳар икки томон учун ўзига хос қулайлик яратмоқда. Мижоздан буюртма олган тадбиркор ишни касаначиларга тақсимлайди, зарур материалларни етказиб беради. Касаначи белгиланган вақтда ишни тугатиб, тайёр бўлган буюмни келтириб топширади. Ой охирида ҳар бир касаначи бажарган иш ҳажми ва сифатидан келиб чиқиб, 2 миллион сўмдан 6 миллионгача даромад топмоқда.

Халқимизда «Излаган имкон топар» деган нақл бор. Бундан атиги тўрт йил аввал ишсиз ва даромадсиз бўлган Маърифат Ибрагимова ҳам ўзининг изланиши, ташаббускорлиги, меҳнати ортидан бугун ривожланиб бораётган бир корхонага раҳбарлик қилмоқда. Яхши даромад топяпти. Аравани тортса юришини англаган бу аёл энди янада янги-янги чўққиларни мақсад қилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер