22 нафар ўқитувчининг “декрат” пули ундириб берилди
Фото: Иллюстратив фото
Мамлакатимизда ўқитувчилар меҳнатига муносабат ўзгарганига анча бўлиб қолди. Давлатимиз раҳбари ўз фаолиятининг илк кунларидаёқ ўқитувчи меҳнатини қадрлаш таълим сифатини яхшилашнинг асосий омили эканлигини таъкидлаб, жамиятда уларнинг мавқейини кўтариш вазифаларини белгилади. Шу асосда мажбурий меҳнат кўринишидаги турли жамоат ишларига жалб этиш, улар фаолиятида ортиқча қоғозбозликларга барҳам беришнинг ҳуқуқий базаси яратилди. Ойлик маошлари босқичма-босқич оширилмоқда. Фаолиятида муайян ютуқларга эришган педагоглар меҳнати муносиб рағбат топаётир.
Бир сўз билан айтганда бугун ўқитувчи эркин нафас олиб, жамиятда уларнинг обрў-эътибори, меҳнати қадр топмоқда.
Шу ютуқлар билан бирга афсуски, ўқитувчилар меҳнатига беписанд муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Хусусан Конимех тумани Адлия бўлимига мурожаат қилган ўқитувчи аёл шулардан бири бўлиб, у олти ойдан буён “декрет” (ҳомиладорлик ва туғиш таътили) пулларини ололмаётганини баён этади.
— Мазкур мурожаат асосида Конимех туманидаги мактабгача ва мактаб таълим бўлимида “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низом талаблари ижроси таҳлил қилинди, — дейди Конимех тумани адлия бўлими бошлиғи Нурали Исроилов. – Таҳлиллар натижасида мурожаатчининг шикояти тасдиқланибгина қолмасдан мазкур муассасада Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 404- моддаси ва юқорида қайд қилинган Низом талаблари қўпол равишда бузилгани маълум бўлди. Конимех тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими 2023 йилнинг март апрель, май ойларида ҳомиладорлик ва туғиш таътилга чиққан 22 нафар ходимга ҳисобланган 191 миллион 896 минг сўм миқдордаги маблағ тўлаб берилмаганлиги аниқланди.
Таъкидлаш жоиз, ушбу ҳуқуқбузарлик суд аралашувисиз туман Адлия бўлимининг тақдимномаси билан ечим топди. 22 нафар она, педагог-аёл ўз саломатлигини тиклаб, хотиржам бола парвариши билан шуғулланмоқда. Бироқ ҳақли савол туғилади, уларни олти ой сарсон қилганлар ушбу вақт оралиғида балки улардан нимадир умидвор бўлишгандир. Балки бу тўлов тартибини инсон омили аралашмайдиган, рақамлаштирилган тизимга ўтказиш керакдир.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- Тошкентда «UzFood 2026» ва «OʻzuPACK 2026» Халқаро кўргазмалари бўлиб ўтмоқда (+фоторепортаж)
- Шайха Носир Ал Новайс: “Мен бу каби ёндашувни аввал кўрмаганман”
- “Енгилмас: Токиога йўл” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди
- Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида
- Тошкентда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад ўтказилмоқда (фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг