20 июнь – Абдували Қутбиддин таваллуд топган кун

11:41 20 Июнь 2024 Маданият
396 0

«Ҳофиз эмасман, ишқда Абдувалиман гўё…»

Абдували Қутбиддин ўзбек шеъриятида ўз ўрни ва овозига эга шоирдир. Унинг битиклари оҳангдорлиги, сермазмун ва фалсафий мушоҳадаларга бойлиги билан кенг адабиёт муҳиблари орасида маълум ва машҳур. Шоир бугун орамизда эмас, аммо оташин шеърлари юракларимизга ҳарорат, шууримизга теранлик бахш этиб, умрбод яшаяжакдир.

* * *

Қуёш, юртинг қайда, сўраган эдим,

Тонг-ла нурингга дил ўраган эдим,

Мен ҳам сен бор ерга бораман дедим,

Аммо осмонингга кўймадинг, қуёш,

Бирор бор бошимга теккизмадинг бош.

 

Муйишиб, мунграйиб ишлаган эдим,

Мен ҳам кўп тошларни тишлаган эдим,

Қаҳринг шомларида қишлаган эдим,

Ҳайрон ёшлигимни ҳўнгратдинг, қуёш,

Бирор бор бошимга теккизмадинг бош.

 

Урфу русумингдан бошлаган эдим,

Эски дўконингни хушлаган эдим,

Дуру маржонингни ушлаган эдим,

Оқибат манглайим муштладим, қуёш,

Бирор бор бошимга теккизмадинг бош.

 

Тилимни кундага кўйгил, чоп дедим,

Кейин дил уйига бориб ёт дедим,

Ўғлим у, ўзим у, аста ёқ дедим,

Кулу тўзонидан маҳв бўлгин, қуёш,

Бирор бор бошимга теккизмадинг бош.

 

Мен одам эдимку, мен одам эдим,

Лойданда йўғрилган матодан эдим,

Иблисга алданган атодан эдим,

Эй қуёш, мен сени севаман, қуёш,

Бирор бор бошимга теккизмадинг бош.

* * *

Пайғомлар йўлладим, уйғон, ҳилолим,

Жунун оқшомлари очди жамолин,

Поялар боғладим домингга сенинг,

Сен менинг,

Сен менинг,

Сен менинг.

 

Тийра гирёнларда отлиқ дард ҳоким,

Ки зулфи оташи аждардир балким.

Ииғлайди дўзахий оловдан ашки,

Сен менинг,

Сен менинг,

Сен менинг.

 

Там-там малаксиймо чачвонин ташлар,

Яғмо шамларига ибодат бошлар,

Ризвон олмасида лабларинг сенинг,

Сен менинг,

Сен менинг,

Сен менинг.

 

Некбин манзилларда бахтлар сочилган,

Қўлиму қўлингга занжир осилган,

Биздан нима қолар, вақтлар ичилган,

Сен менинг,

Сен менинг,

Сен менинг.

 

 

* * *

Ҳофизга

 

Соҳибдилим — дилоро,

Аййит, тўхтасин карвон.

Най пуфлаган қуюннинг

Энасими биёбон.

 

Соҳибдилим — дилоро,

Қайда у чашма гирён.

Жилға бўлган кўнглимни

Қуритиб бўлди мижгон.

 

Соҳибдилим — дилоро,

Кўзим менинг қулфмидур?

Очиб нигоҳим чиқса,

Чопган қилич зулфмидур.

 

Соҳибдилим — дилоро,

Қақнус гулхани қани.

Бор бўлса юзга суртай,

Ўтини ё кулини.

 

Соҳибдилим — дилоро,

Кўп риёзат чекдимку,

Ўзим кетдим. Йўлингга

Тоқатимни экдимку!

 

Соҳибдилим — дилоро,

Васлинг саробми, рўё.

Ҳофиз эмасман, ишқда

Абдувалиман гўё…

 

Соҳибдилим — дилоро!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?