1 январдан бошлаб ер ёки давлат мулки ҚҚСсиз сотилади

13:58 20 Декабрь 2024 Сиёсат
236 0

Президент минтақадаги энг қулай ва жозибадор бизнес муҳитини сақлаб қолиш учун барқарор солиқ сиёсати давом эттирилишини таъкидлади.

Жумладан, ҳаётий зарур харажатларни молиялаш учун бюджет тушумлари қанчалик зарур бўлмасин, асосий солиқлар бўйича ставкалар ўзгармайди.

Шунингдек, 1 январдан бошлаб ер ёки давлат мулки ҚҚСсиз сотилади, мобиль алоқа учун акциз солиғи (10 фоиз) бекор қилинади.

Шаҳар чегарасидаги қишлоқ ерларига 2 карра ер солиғини ҳисоблаш тўхтатилади. Нашриёт корхоналари фойда солиғини тўлашдан 5 йилга озод этилади.

Бундан ташқари, IT-park резидентларига барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этиш бўйича имтиёзлар 2040 йилгача узайтирилади.

Хусусий мактаб ва боғчалар, хорижий ўқитувчи ва мутахассислар учун берилган барча солиқ имтиёзлари 2030 йилгача амал қилади.

Йиғилишда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнлари якуний босқичга кираётгани айтилди. АҚШ, Хитой каби йирик давлатлар билан келишувларга эришилди.

Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига зид бўлган имтиёзлар бекор қилинаётган бўлса-да, давлат тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, адолатли рақобат муҳитида ишлаши учун зарур бўлган барча шароитларни яратишда давом этиши таъкидланди.

Бу йил қўшни мамлакатлар билан чегарадан ўтиш билан боғлиқ бир қатор масалаларга ечим топилди.

Хусусан, 13 йил ёпиқ бўлган Андижоннинг “Хонобод”, “Мингтепа” ва “Қорасув” ҳамда 8 йил ишламаган “Учқўрғон” чегара постлари тикланди. Натижада аҳоли ва тадбиркорлар йўли 100 километрга қисқарди.

Умуман, ўтган 11 ойда чегара орқали ҳаракатланган транспорт сони 400 мингга ошиб, 3 миллионга етди.

Келгуси йилда “Ғишткўприк”, “Навоий”, “Довут-ота”, “Шовот” ва “Гулбаҳор” чегара постларида қўшимча коридорлар қурилиб, ўтказиш қуввати 5 карра оширилади.

Умуман, мураккаб геосиёсий шароитга қарамай, иқтисодиётимиз 6,3 фоизга ошиб, 111 миллиард доллардан кўпайгани таъкидланди.

Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасига 38 миллиард доллар инвестиция кирди, экспорт 26 миллиард доллардан ошди.

Очиқ мулоқотда кўп тадбиркорлар ўзига ижтимоий масъулият олиб, эҳтиёжманд одамларни ишли қилишга тайёр эканлигини билдирган эди.

Ўтган қисқа вақт ичида тадбиркорлар 387 минг камбағал оила аъзолари ва 40 минг ногиронлиги бор одамларни даромадли қилди.

Мамлакатимизда камбағаллик даражаси йил якуни билан 9 фоиздан пасаяди.

“Аминманки, ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлигимизни шу суръатда давом эттирсак, келгуси йилларда бу кўрсаткични
бемалол 6 фоизга туширамиз.

Шу ўринда, ваъдасини устидан чиқиб, янги қувватлар ҳисобига минглаб иш ўрни яратаётган, замонавий технология олиб кириб, янги ташқи бозорларни забт этаётган, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишига муносиб ҳисса қўшаётган барча тадбиркорларимизга чин дилдан миннатдорлик билдираман”, деди Президент.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер