“WikiOromgoh” — лойиҳа ўз мақсади сари илдам одимламоқда

Фото: Халқ сўзи
“WikiStipendiya” марафони мамлакатимиздаги ҳар бир инсоннинг, айниқса, серғайрат ёшларнинг севимли лойиҳасига айланган, десак муболаға эмас.
Марафон доирасида шу мақсадларни кўзда тутган “WikiOromgoh” лойиҳаси ташкил этилган бўлиб, лойиҳанинг иккинчи мавсуми 23-30 ноябрь кунлари Бўстонлиқ туманидаги Ёшлар оромгоҳида бўлиб ўтди.
Лойиҳада турли вилоятлардан ташриф буюрган 150 нафар иштирокчи қатнашди. Бир ҳафта давомида иштирокчиларга 8 нафар викиадминистратор томонидан маҳорат дарслари ўтилди. Дарсларда мақола ёзиш ва уни википедияга киритиш, кодлар ёрдамида Навбох, билгиқути андозаларини яратиш, шунингдек, викиомборга сифатли суратлар юклаш ҳамда маълумотларни саралаш каби бир қатор сирлар ўргатилди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар сертификат ва эсдалик совғалари, энг сифатли мақола яратган 4 нафар қатнашчи эса ноутбук билан тақдирланди. Ўзбекча википедияга энг кўп мақола киритган жамоага “WikiOromgoh” лойиҳасининг махсус кубоги тақдим этилди.
Сўз тадбир иштирокчиларига:
Меҳриноз АББОСОВА,
Ёшлар ишлари агентлиги директорининг Давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси, лойиҳа ташкилотчиси:
— Оромгоҳ кунлари давомида ўзбекча википедияга кутилганидан ҳам кўпроқ, яъни 20 мингдан ортиқ мақола киритилгани, 365 тилли википедияда ўзбекча википедия 54 ўриндан 51 ўринга кўтарилгани шахсан мени жуда мамнун қилди. Ўзбек тилини янада ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш учун бундай лойиҳаларни кўпроқ ўтказиш, шунинг натижасида ўзбек тилидаги контентларни янада кўпайтириш бизнинг асосий мақсадимиз эди.
Ўйлайманки, ушбу лойиҳа орқали мақсадимизга яна бир қадам яқинлашдик.
Ушбу натижаларга эришишда викиадминстраторларнинг меҳнати алоҳида таҳсинга сазовор. Ҳар бир мақола устида ишлаётган, бирма-бир баҳолаб бораётган Нодир Атаев, Жамшид Нурқул, Азизжон Шарипов, Николай Артемов, Муҳриддин Азимов, Лазиз Бахтиёров, Умархон Раҳимов, Аслиддин Юнусов ва Қирғизистондан айнан “WikiОромгоҳ» учун ташриф буюрган Мирзо Улуғбек Каримовларга миннатдорчилик билдирамиз.
Азизжон ШАРИПОВ,
викиадминистратор:
— Айни пайтда ўзбекча википедия озарбайжонча, галисейча ва литвача википедияларни ортда қолдириб, 54 ўриндан 51 ўринга кўтарилди. Ушбу натижага эришишда ҳар бир иштирокчининг катта ҳиссаси бор. Айниқса, улар орасида яққол ажралиб турган бир нечта қатнашчини эътироф этиш керак. Мисол учун, Икрамов Муҳаммад Али яратган мақолаларнинг мунозара саҳифаси Википедиямиз теранлигини сақлаб қолиш учун катта ёрдам беряпти.
Барча иштирокчиларни бирлаштириб, уларга ўз билимларини улашаётган, мотивация бераётган Муножат Мақсутхонова, Жаҳонгир Бобоев ва Шоҳжаҳон Собировлар ҳам эътирофга лойиқ.
Яна бир қувонарли жиҳати, бу галги оромгоҳда Қорақалпоғистонлик бир гуруҳ иштирокчилар ҳам қатнашиб, ҳам ўзбекча, ҳам қорақалпоқча википедия учун мақола яратишди.
Жаҳонгир БОБОЕВ,
иштирокчи, Тошкент тиббиёт академияси талабаси:
— Интернетдан ўзбек тилида тиббиётга доир маълумот тополмаслик мени доимий қийнарди. Айниқса, имтиҳон бўладиган вақтлар бу жуда сезилади. Ҳар бир маълумотни аввал рус, инглиз тилларидан таржима қилиб, кейин ўзлаштиришга тўғри келар ва бу кўп вақтни оларди.
Шунинг учун ҳам “WikiStipendiya” марафони эълон қилинган куннинг эртасидан бошлаб, Нодир Атаевнинг википедияга мақола жойлаштириш ҳақидаги видеоларини кўриб, материаллар кирита бошладим. Аммо ўшанда уларнинг деярли ҳаммаси «ноль» баҳо олган.
Лекин барибир ичимдаги олов тинч қўймади, вақт ўтиб яна мақола кирита бошладим. Бу орада “WikiOromgoh«нинг биринчи мавсумида қатнашдим ва ҳаммаси шундан бошланди. Оромгоҳ бизни янги босқичга олиб чиқди. Администраторлар камчиликларимизни кўрсатиб, мақолани сифатли яратиш сирларини ўргатишди, йиллар давомида йиғган тажрибаларини биз билан баҳам кўришди.
Шу тариқа википедия ҳаётимнинг бир қисмига айланди. Ҳозирда Тошкент тиббиёт академиясида 50 дан ортиқ талаба билан Викиклуб очганмиз. Клуб билан рус ҳамда инглиз тилидаги тиббиётга доир керакли маълумотларни ўгириб, ўзбекча википедияга киритишни мақсад қилганмиз.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Ўзбекистон терма жамоаси Қувайт билан 2 та ўртоқлик ўйини ўтказади
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг