“Ўзбекистоннинг туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига қўшилиши улкан тарихий воқеадир”

15:40 20 Сентябр 2019 Сиёсат
2405 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонунни имзолаши халқаро миқёсда, хусусан, хорижий оммавий ахборот воситаларида катта акс садо берди.

Жумладан, ушбу тарихий воқеа хусусида Туркиянинг “Daily Sabah” газетасида “Анқара Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга аъзо бўлишини олқишлайди” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотига ҳавола қилган ҳолда, материалда “Расмий Тошкентнинг ташкилотга тўлиқ аъзолиги туркий тилли давлатлар ҳамжиҳатлигига ҳисса қўшади, ҳамкорликни чуқурлаштиради, халқларимиз ­фаровонлиги йўлида мувофиқлаштириш даражасини оширади”, дейилади.

Россиянинг “Regnum” ахборот-таҳлилий агентлиги мазкур воқеага бағишланган махсус мақола эълон қилди. Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг ташкилот тўлақонли аъзосига айланиши унинг фаолиятини такомиллаштириш, аъзо давлатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш имконини беради. “Қулай жуғрофий жойлашуви ва юксалиб бораётган салоҳияти туфайли Ўзбекистон бугунги кунда нафақат қардош мамлакатлар, балки бутун минтақани ривожлантириш учун янги имкониятлар яратмоқда”, деб ёзади агентлик мухбири.

Эътироф этилишича, бугун дунёда шаклланаётган геосиёсий вазият, кучайиб бораётган хавфсизликка таҳдидлар шароитида ҳамкор давлатлар саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш эҳтиёжи ортиб бораётир. Ўзбекистоннинг Кенгашга аъзо бўлиши улкан тарихий воқеа бўлиб, у туркий тилли давлатлар учун янги имкониятлар очади, минтақанинг барқарорлиги ва хавфсизлиги, унинг иқтисодий ривожланиши ва фаровонлигига кўмаклашади.

Қозоғистоннинг “Хабар 24” телеканали намойиш этган махсус репортажда Ўзбекистон ташкилот фаолиятига сезиларли туртки бериши қайд этилади. Буюк Ипак йўлининг маркази, шонли Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари жойлашган замин — Ўзбекистон туркий тилли давлатлар дунёсининг иқтисодий ва маданий бешиги, илм-фан ва маданият маркази бўлиб келган. Ўзбек халқи ўзининг бой миллий ва тарихий мероси билан жаҳон тамаддунига улкан ва бебаҳо ҳисса қўшган, бугунги кунда эса мамлакат ўзининг ўсиб бо­раётган имкониятлари билан нафақат қардош давлатлар, балки дунёнинг барча мамлакатлари билан ҳамкорликнинг янги бобини очмоқда. Қайд этилишича, Кенгашга аъзолик Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси, доно раҳбарлиги ва фаол дипломатияси маҳсули бўлгани баробарида, туркий тилли давлатлар ўртасидаги алоқаларнинг мутлақо янги тарихий босқичини бошлаб беради.

“Azrbaycan 24” телеканали Озарбайжон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши таркиби Ўзбекистон ҳисобига кенгайишини тўлалигича қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Журналистларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикасининг Нахичеван Битимини ратификация қилиши туркий тилли давлатларнинг ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашда тарихий муҳим воқеа бўлди. Озарбайжон ­Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги эса “Қардош Ўзбекистонни ушбу қарор қабул қилинганлиги муносабати билан табриклаймиз” мазмунидаги расмий ­баёнот тарқатгани ҳам қайд этиб ўтилади.

“Жанубий Кавказ” сиёсатшунослар клуби раҳбари Илгар Велизаденинг фикрига кўра, Ўзбекистоннинг Кенгашга қўшилиши ушбу тузилма фаолиятининг янги, фаол динамикасини таъминлайди, унинг минтақа ва дунёдаги ўрни ҳамда аҳамиятини оширади.

“Ўзбекистон минтақадаги марказий давлат бўлиб, нафақат Марказий Осиё­нинг барча давлатлари, балки Афғонистон билан чегарадош ягона мамлакатдир. Шу сабабли республиканинг ташкилотга қабул қилиниши унинг кун тартибини сезиларли даражада диверсификация қилади, умумий салоҳиятини юксалтиришга ижобий таъсир этади. 33 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистон минтақанинг энг йирик мамлакати бўлиб, унинг ташкилотга аъзолиги Кенгашда туркий аҳоли сонини сезиларли даражада оширади. Ушбу муҳим воқеа ташкилотнинг Шарқий қанотини мустаҳкамлайди”, дейди эксперт.

Анвар МИРЗАЕВ (“Халқ сўзи”) тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер