Темурийлар Регистонга қайтди (фотолавҳа)

20:17 12 Апрель 2026 Маданият
559 0

Бир марта бўлса ҳам ўтган асрларда яшаб кўришни хаёлингизга келтирган бўлсангиз керак. Масалан, XIV аср, Амир Темур даврида.

Айни кунларда самарқандликлар ва шаҳарга келган саёҳатчилар худди шу даврда яшамоқда. Улар Темур салтанати даврига шўнғиди.

Амир Темур ва Темурийлар салтанати даври либослар кўргазмаси Бибихоним мадрасасидан бошланар экан, бир пайтлар Темур дунёнинг ярмини пойтахт Самарқанддан туриб бошқаргани кўз олдингизга келади ва ўзингиз хоҳламаган тарзда шу давр кишисига айланасиз.

Қўшин олдида кетаётган отлиқлар, пиёда аскарларнинг қадам ташлаб, дадил юришини кўриб ўзингизни гўё улар билан биргаликда мамлакат мудофаасига отланган ёки бирор бир узоқ юришга шайлангандай сезасиз.

Саф тортганлар Регистон майдонига қараб юрмоқда… Амир Темурнинг ярим умри от устида ўтган бўлсада, у мамлакатда улкан бинолар барпо этишни, илм-фанга эътиборни сусайтирмаган. Бир пайтлар Темур тарихи қирувчи, дея ўргатилган, аслида қурувчи арбоб эканлигига гувоҳ бўласиз.

Темур қиличининг бир учи Европани ҳам золимлардан ҳимоя қилгани маълум. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Темур тарихига қизиқиб Европадан келган сайёҳлар ҳам қўшин орасида секин, маъноли ва ишонч билан қадам босиб келаётган Амир Темурни кўриб хаёлан етти аср бурунги Самарқандни кезган бўлса ажаб эмас.

Темур олдида эса салтанат ва қурилиш ишларида доим маслаҳатчи бўлган Бибихонимни кўриш мумкин.

Темурийлар Регистонга кириб келар экан, мовий рангда акс этган уч доирали салтанат байроғи апрель ҳавосида ҳилпирайди. Бир томондан Самарқанднинг енгил шабадаси…

Темур Тиллакори мадрасаси олдида нутқ ирод қилмоқда. Унинг лашкару сафдошлари майдонга тизилган. Уларнинг қаторида эса сайёҳларни ҳам кўриш мумкин. Темурнинг баланд ва қатъиятли нутқи уларни диққат билан тинглашга мажбур қилди.

«Биз буюк салтанат яратдик, уни асрангиз, фарзандларим…»

Шунингдек, шу кунларда Темурийлар пойтахтида Амир Темур шахсига бағишланган республика театрларининг спектакллари намойиш этилмоқда. Орадан қарийб етти аср ўтди, айни йилда эса Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Спектаклларни томоша қилар эканман, бу сиймодан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп эканлигини яна бир марта ўзимга тасдиқладим. Темурдан кейинги салтанатдаги таназзулу сотқинликлар бизга дарс ва йўл-йўриқ бўлгай. «Куч — адолатда» шиори эса доимий эслатмадир.

Зеро, мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер