Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилишига расман старт берилди
Фото: «Ўзатом» агентлиги
Ўзбекистонда биринчи АЭС қурилишига старт берилди. «Ўзатом» агентлигининг маълум қилишича, қурилиш майдончасида дастлабки бетон ишлари бошланган.
Қайд этилишича, бугун, 24 март куни Тошкент шаҳрида ва Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги АЭС қурилиш майдончасида бўлиб ўтган тантанали тадбирлар доирасида стратегик ҳамкорликка оид муҳим ҳужжатлар имзоланган ва дастлабки бетон ишларига расман старт берилган.
Тадбирлар доирасида «Ўзатом» агентлиги ва «Росатом» атом энергияси бўйича давлат корпорацияси ўртасида атом ва унга ёндош соҳалардаги ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси», шунингдек, Ўзбекистон Республикасида интеграциялашган атом электр станциясини қуриш бўйича шартномага доир келишув имзоланган. Ҳужжатни «Ўзатом» агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев ва «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв имзолаган.
Таъкидланишича, «йўл харитаси» ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини қамраб олади:
• АЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш босқичлари;
• юқори малакали кадрларни тайёрлаш;
• атом энергетикасининг жамоатчилик томонидан қабул қилинишини таъминлаш;
• бўлажак атомчилар шаҳарчаси инфратузилмасини яратиш ва соҳани комплекс ривожлантириш.
Лойиҳа ҳудудида ўтказилган тадбирда эса АЭС қурилиш майдончасида RITM-200N реакторига эга кам қувватли атом электр станцияси энергоблогини барпо этиш доирасида дастлабки бетон ишларига старт берилган. Маросимни Ўзбекистон Республикасида АЭС қурилиши дирекция директори Абдижамил Калмуратов ва «Атомстроэкспорт» АЖ вице-президенти – Ўзбекистонда АЭС қурилиши лойиҳаси директори («Росатом» давлат корпорациясининг муҳандислик дивизиони) Павел Безруков тантанали равишда очиб берган.
Ҳозирги вақтда реактор биноси остига бетон асос тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу босқични 2026 йил апрель ойида якунлаш режалаштирилган. Жами 900 м³ га яқин бетон қоришмаси ётқизилади. Ишлар якунида реактор биноси пойдевори учун гидроизоляция ва ерга улаш тизимига эга асос тайёрланади.
Шунингдек, станциянинг янгиланган конфигурациясини тасдиқловчи контрактга доир битим имзоланган:
• 3+ авлодига мансуб VVER-1000 реакторларига эга иккита энергоблок;
• RITM-200N реакторларига эга иккита энергоблок (ҳар бири 55 МВт).
Станция тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йилига қарийб 15,4 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради — бу Ўзбекистондаги умумий электр энергияси истеъмолининг 15 фоизидан ортиғини ташкил этади.
Билдирилишича, «АЭС қурилиши дирекцияси» давлат корхонаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг RITM-200N реактор қурилмаларига эга иккита АЭС энергоблогини жойлаштириш майдонидан фойдаланиш учун рухсатнома олган. Экспертиза фаол тектоник ёриқлар, юқори сейсмиклик зоналари ёки жадал карст ҳосил бўлиш ҳудудлари каби АЭСнинг реактор қурилмаларига эга иккита энергоблогини жойлаштиришни тақиқловчи омиллар мавжуд эмаслигини тасдиқлаган.
Ушбу ижобий хулоса танланган майдончанинг ядровий ва радиациявий хавфсизлик талабларига, экологик меъёрлар ҳамда техник стандартларга тўлиқ мос келишини тасдиқловчи ва ундан фойдаланиш учун энг асосий ҳужжат бўлиб, ҳар қандай АЭСнинг ҳаётий циклидаги энг муҳим босқичлардан бири ҳисобланади. У лойиҳанинг барча босқичларида максимал хавфсизликни таъминлаган ҳолда, батафсил лойиҳалаштириш, муҳандислик-тайёргарлик ва қурилишнинг кейинги босқичлари бўйича ишларни давом эттириш имконини беради.
«Ушбу лойиҳа, мамлакат энергия мустақиллиги ва барқарор ўсишининг асосий йўналиши сифатида атом саноатини ривожлантиришни шахсан қўллаб-қувватлаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қатъий назоратлари остида амалга оширилмоқда.
Жадвал ва энг юқори хавфсизлик стандартларига қатъий риоя қилган ҳолда, биз босқичма-босқич олдинга кетяпмиз: бу ишлар ўз ичига бетон тайёргарлигидан, реактор биносини қуришгача, ускуналарни ўрнатишдан токи энергия блокларини ишга туширишгача бўлган ишларни ўз ичига олади», дейди Азим Ахмедхаджаев журналистларга берган изоҳида.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг