Бир асрлик тарихга гувоҳ бино тақдири

15:42 11 Март 2026 Жамият
1223 0

Ўтмишга назар ташланса, ўз даврида Ўрта Осиё ҳудудида бир неча сулола ҳукмронлик қилган турли давлатлар мавжуд бўлган. Фақат 1924 йил охири ва 1925 йилнинг бошларида бу давлатлар ўрнида янги республикалар ташкил этилди. Шулардан бири Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси эди.

Миллий ҳудудий чегараланиш 1924 йил ноябрь ойи охирида ўтказилган, 1925 йил 6-12 февралда Ўзбекистон компартиясининг II съезди, 13-17-февралда Ўзбекистон ССРнинг II съезди бўлиб ўтганди. Янги давлат ўз фаолиятини расман шу вақтдан бошлайди. Ушбу жараён эса юқори даражадаги тадбирларни ташкил этишга мос бинонинг қурилиши муносабати билан орқага сурилиб келаётган эди. 1924 йил охири ва 1925 йилнинг февраль ойи бошларида Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти даврида “Халқ уйи”нинг қурилиши билан катта тантаналар бўлиб ўтди. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон номли давлат ташкил топгани айнан шу бинода расман эълон қилинди, Бухоро уч ой мобайнида унинг пойтахти бўлиб турди.

Бино қурилиши жараёни ўша давр матбуотида кенг ёритиб борилган. Жумладан, “Озод Бухоро” газетасининг 3 февралдаги 205-сонида “Халқ уйи” сарлавҳаси остидаги мақолада қуйидаги маълумотлар келтирилади: “Ленин майдонида (Регистон майдони 1920 йилдан сўнг “Истиқлол майдони” деб, кейин эса “Ленин майдони” деб номланган – таъкид бизники) қурултой учун белгиланган “Халқ уйи” таажжубли равишда таъмир қилинмоқдадир. Бунда эртаю кеч тўхтамасдан иш давом қиладир. Бино электрик чироқлари билан ёритилди. Қурултойда нутқ сўзлайтурғон ўртоқларнинг овозларини кўчага еткармак учун махсус аппарат қўйиладур. Бунинг орқасида нотиқларнинг сўзлари кўчадаги халққа ҳам эшитилиб турғусидир. Бу мошина учун электрик кучи етгуликдир. “Халқ уйи” ҳузурида вакиллар учун 1000 кишилик ошхона тайёрланди. Ҳозирда бунда қурултойға келган 120 га яқин вакилга овқат берилмакдир.”

Мақоланинг иккинчи қисми “Кўрсатиш” деб номланиб, унда: “Халқ уйи”нинг иккинчи қаватида мол кўрсатиши очиладур. Бунда бир тарафга Ўзбекистондан чиқарилатурғон, иккинчи тарафга Чиндан Ўзбекистонға киргизилатурғон моллар қўйилмоқдадир. Кўрсатишдан иқтисодий ва савдо ташкилотларимизнинг ҳаммаси деярлик иштирок қилдилар. Мол кўрсатиш билан бирликда ўрта жойда “истипорт” (фирқа тарихини ўрганиш комиссияси)ни кўрсатиш бўладир. Кўрсатишнинг бу қисми учун мукаммал суратда материаллар тайёрланди. Ленин майдонидағи аввалги ғалла коппонида қишлоқ хўжалиғи кўрсатиши очиладур. Бунинг учун ҳар хил деҳқончилиқ мошиналари келтирилди. Бу мошиналар қурилтой вакиллари ҳузурида тажриба қилиниб кўрилур.”

“Саҳна” сарлавҳаси остида мақола давом эттирилиб, у: “Халқ уйи”да театр саҳнаси ясалиб тамом бўлди. Керакли декаратсия (манзара)лар ишланди. Қурултой вақтида томоша кечалари ясамоқ учун Тошканддан Ўзбек давлат туруппаси чоқирилиб келтирилди. Туруппа тарафинда вакиллар учун бир маротаба спектакл ва икки маротаба шарқ кечаси ёсаладир. Қурултойға Масковдан келатурғон меҳмонлар учун махсус жойлар тайёрланди. Қурултойга вакиллар кела бошладилар, ҳозирда 120 вакил бор. Булар ётоқхоналарга жойлаштирилиб керак яроқлари таъмин этилди.”, деган сўзлар билан якунланади.

Аслида эса 1922 йилдаёқ Регистонда умумий боғ, халқ театри, дорулмуаллимин қуриш масаласи кун тартибига қўйилганини “Бухоро ахбори”ни мутолаа қилиш жараёнида билиб оламиз. Кейинчалик буларнинг барчаси бирин-кетин барпо этилади. Бинонинг очилишига келсак, у катта хурсандчилик билан бўлиб ўтади.

Бир неча муддат “Халқ уйи”да турли тадбирлар ўтказилади. Сўнгра иншоот ён томонларида янги бинолар қад ростлаши билан ундан фақат маросимлар ўтказишда фойдаланилади. Кейинчалик эса Садриддин Айний номидаги вилоят драма театри шу ерда фаолият юритади. 2010 йилда театр жамоаси учун янги замонавий бино қурилгач, бу тарихий ёдгорлик қаровсиз қолди. Тўғри, ҳозирги кунда унда таъмирлаш юмушлари олиб борилаяпти. Лекин назаримизда, ишлар суст бораяпти. Зеро, юз йилдан зиёд вақт давомида яхши сақланган саҳна ёғочларини ёғин-сочиндан, ташқи таъсирлардан асраш долзарб масала саналади.

Хўш, эндиликда бу бино тақдири нима бўлади? Бизга маълум бўлишича, унга яна вилоят мусиқали драма театрини жойлаштириш режалаштирилган. Ваҳоланки, театрнинг замонавий биноси бор. Қолаверса, тарихий иншоот яна абгор ҳолатга тушмасмикан, деган хавотир ҳам йўқ эмас .Фикримизча, у келгусида «Ўзбекистоннинг ташкил топиши ва унда жадидларнинг ўрни» мавзусидаги музейга айлантирилса айни муддао бўларди. Бухорода «Жадидлар музейи» ташкил этилиши режалаштирилган. Лекин у уй – музей мақомида ва нисбатан кичик. Биз «Халқ уйи»нинг ноёблиги ва жойлашув ўрнини инобатга олган ҳолда юқоридаги таклифни билдираяпмиз. Ундан Ўзбекистон тарихининг янги саҳифаларини ёритишда фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Чунки бино Арк қўрғони, Болоҳовуз масжиди, Қўшмадраса, Исмоил Сомоний мақбараси каби турли тарихий ёдгорликлар қуршовида. Агар шу таклиф инобатга олинса, у шаҳарга ташриф буюрган сайёҳлару меҳмонлар учун туристик манзил вазифасини ҳам ўтарди.

Қолаверса, музей – қўриқхона жамоасининг анжуманлар, хотира кечалари ўтказиши, Бухоронинг бой ўтмиши, меросини ёритишга қаратилган асарларни намойиш этиши учун ҳозиргача саҳна мавжуд эмас. Бинонинг марказий қисмидан шу мақсадда, биринчи ва иккинчи қаватдан эса кўргазма сифатида фойдаланилса бу республикамизнинг ҳали тўлиқ ёритилмаган даврини халқимиз ва юртимиз меҳмонларига кўрсатишда жуда қўл келган бўлур эди.

Ўктамали РАВШАНОВ,

Бухоро давлат музей-қўриқхонаси Тарих илмий бўлими мудири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер