Алимент қарздорларини оммавий эълон қилиш амалиёти инсон ҳуқуқларига зид — Омбудсман
Фото: Кун.уз
Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятида алимент бўйича қарздор шахсларнинг рўйхатлари маҳалла Telegram-гуруҳларига тарқатилаётгани, шунингдек уларнинг фотосуратлари маҳалла бинолари ва масжид ҳудудларига илиб қўйилаётгани ҳақидаги хабарлар кенг тарқалди. Ҳолат юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили муносабат билдирди.
Омбудсманнинг маълум қилишича, бу амалиёт инсон ҳуқуқларига зид ҳисобланади.
«Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланган. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 7 моддасига кўра, жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламайди», — дейилади муносабатда.
Шунингдек, алимент тўлаш ота-онанинг қонуний мажбурияти ва боланинг дахлсиз ҳуқуқи экани, боланинг таъминот олиш ҳуқуқи давлат ҳимоясида бўлиб, уни таъминлаш бўйича чоралар қонун доирасида қатъий экани таъкидланган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили қарздорларни оммавий равишда обрўсизлантириш, шахсий маълумотларини тарқатиш ёки фотосуратларини жамоат жойларига илиб қўйиш каби амалиётлар ҳуқуқий давлат тамойилларига мос келмайди ва инсон қадрини камситишга олиб келишини қўшимча қилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг