Тошкентда BМW уриб кетиши оқибатида вафот этган ЙПХ ходимининг оиласи давлат муҳофазасига олинади
Жорий йилнинг 25 февраль куни пойтахтдаги хусусий мактабнинг 10-синф ўқувчиси BМW русумли автомашинада уриб кетиши оқибатида вафот этган Йўл-патруль хизмати ходимининг оила аъзолари давлат муҳофазасига олинади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов хабар берди.
Маълум қилинишича, Хосилбек Эшназаров ички ишлар органларида 2022 йилдан буён хизмат қилган. Фаолияти давомида у ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фаол қатнашган, юзлаб йирик ва оммавий тадбирларда жамоат тартибини сақлашда иштирок этган.
Хусусан, 2024 йилдан патруль-пост хизматида ишлаган Хосилбек 2014 та турли ҳуқуқбузарликларни аниқлашда, 4 нафар қидирувдаги шахсларни қўлга олишда фаол иштирок этган. Шунингдек, 12 нафар «закладка» йўли билан фаолият юритган наркожиноятчиларнинг фаолиятига чек қўйган.
Раҳбарият томонидан унинг ишчанлиги ва бурчига садоқати, муҳими фуқаролар билан муомаласи инобатга олиниб, 2025 йилдан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси йўл хизмати инспектори сифатида хизматга сафарбар этилган.
Эшназаров навбатдаги фаолияти давомида 1392 та, шундан 324 та қўпол қоидабузарликларни аниқлаган. 14 нафар маст ҳайдовчини аниқлаб, ҳаракатига чек қўйган. Бундан ташқари, қарама-қарши ҳаракатланиш, ҳужжатсиз транспорт воситасини бошқариш ва қизил чироққа бўйсунмаслик каби 52 та қоидабузарликларни аниқлаб, ҳуқуқбузарларга қонуний чора кўрган.
У жорий йилнинг 25 февраль куни пойтахтнинг Миробод тумани Нукус кўчасида бегона транспорт воситасини олиб қочиб, юқори тезликда ҳаракатланаётган вояга етмаган қонунбузарни йўлини тўсиб, ўз жонини аямаган ҳолда юзага келиши мумкин бўлган оғир оқибатни олдини олган.
Қаҳрамонларча ҳаракат қилган ходим оғир тан жароҳатлар олиб, шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдам ва мутахассисларнинг ҳаракатларига қарамасдан, Хосилбек кеча, 27 февраль куни шифохонада вафот этган. Марҳум эндигина 33 баҳорни қаршилаган эди. Унинг ортидан қадрли ота-онаси, икки қиз ва бир нафар ўғил фарзанди ҳамда суюкли турмуш ўртоғи қолди.
Ҳосилбек Эшназаров хизматдошлари ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан сўнгги манзилга кузатилган. ИИВ баёнотида келтирилишича, унинг оиласи давлат муҳофазасига олинади.
Маълумот учун, содир бўлган ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисми ва 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибда қамоққа олинган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг