«Дарҳол жавоб зарбаси» — Афғонистон Покистонга қарши ҳарбий операция бошлади
Фото: Reuters
Афғонистон Покистонга қарши ҳарбий чегара операциясини бошлади. Бу ҳақда «Толибон» ҳукумати вакили Забиҳулла Мужоҳид маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, жанглар Хост, Пактия, Нуристон ва бошқа бир қатор музофотларида бўлиб ўтмоқда. Ўтган ҳафта охиридан бери вазият кескинлашиб бормоқда. Дам олиш кунлари Покистон Афғонистондаги нишонларга қарши ҳаво ҳужумларини бошлади ва «Толибон»ни мамлакатда яқинда содир бўлган бир қатор террорчилик ҳужумларига алоқадорликда айблади.
Афғонистоннинг «TOLO News» телеканали ҳам Афғонистон қуролли кучлари Покистонга қарши ҳарбий операция бошлагани ҳақида хабар берди. Манбада айтилишича, жанглар икки мамлакат ўртасидаги чегара бўлган «Дюранд чизиғи» бўйлаб жойлашган Нангарҳор, Нуристон, Кунар, Хост, Пактия ва Пактика музофотларида бўлиб ўтмоқда. Бу икки мамлакат ўртасидаги Кобул томонидан тан олинмаган чегара ҳудуди ҳисобланади.
«Дюранд чизиғи» бўйлаб Покистон ҳарбий иншоотларига кенг кўламли жавоб операциялари бошланди», — дейилади хабарда.
«Reuters» агентлигининг хабар беришича, Покистон тўқнашувларни тасдиқлаган ва хавфсизлик кучлари икки мамлакат чегараси бўйлаб бир нечта нуқталарда Афғонистон «Толибони»нинг «сабабсиз ўқ узишига» жавоб берганини маълум қилди.
Покистон Ахборот вазирлиги мамлакат кучлари ҳужумларга «дарҳол ва самарали қарши ҳужумлар» билан жавоб берганини, Афғонистон «Толибони» кўплаб қурбонлар ва катта миқдордаги техникаларнинг йўқотишига дуч келганини хабар қилди.
Икки исломий давлат ўртасидаги сўнгги ҳарбий кескинлик ўтган ҳафта охирида Покистон Афғонистондаги нишонларга ҳаво ҳужумларини амалга оширганидан кейин бошланди. Бу ҳужумларга Покистон тупроғида яқинда содир бўлган бир қатор худкушлик портлашлари сабаб бўлган. Исломобод «Толибон» жангариларга Афғонистондан хавфсиз бошпана сифатида фойдаланишга рухсат бераётганини даъво қилмоқда. Кобул эса бу айбловларни рад этиб, жангарилар Покистоннинг ички муаммоси эканлигини таъкидламоқда.
Ҳаво ҳужумлари натижалари икки томон томонидан турлича баҳоланди. Покистон мамлакатга кириб келган бир нечта жангарилар лагерларининг вайрон қилингани, бунинг оқибатида 70 нафар одам ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Афғонистон барча ҳужумлар тинч аҳолининг нишонлари, мактаблар ва мадрасаларга қаратилганини, саккиз боланинг ўлдирилганини ҳамда бир боланинг яраланганини маълум қилди.
Кейинги тўқнашувлар 2025 йил октябрь ойида ўнлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган бир қатор шунга ўхшаш чегара тўқнашувларидан сўнг имзоланган заиф сулҳ битимига таҳдид солмоқда. Жанглар «Толибон» 2021 йилда Кобулни эгаллаб олганидан бери «энг шиддатли» деб ҳисобланмоқда.
Икки давлат чегара можаросининг моҳияти
Покистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара тўқнашувлари XIX асрга бориб тақалади. Мамлакатлар Ҳиндистоннинг мустамлака маъмурияти бўйича Буюк Британия давлат котиби сэр Мортимер Дюранд номи билан аталган «Дюранд чизиғи» деб номланувчи баҳсли, асосан белгиланмаган чегарага эга.
1893 йилда, иккинчи англо-афғон урушидан сўнг, у Афғонистон амири Абдур Раҳмон билан ҳудудий низоларни музокара қилди, натижада Афғонистоннинг Пишин округи Буюк Британия мулкларига қўшилди. Чегаранинг умумий узунлиги 2640 километрни ташкил этади.
Покистон «Дюранд чизиғи»дан тўлиқ мамнун, аммо Кобул буни Афғонистонни тарихий пуштун ерларининг бир қисмидан маҳрум қилган адолатсиз мустамлака чегараси, деб ҳисоблайди. Ҳеч бир Афғонистон ҳукумати «Дюранд чизиғи» чегарасини ҳеч қачон тан олмаган.
Покистон 2000 йилларнинг бошларида Афғонистон ҳукуматига қарши қўзғолонларида «Толибон»ни қўллаб-қувватлаган ва уларнинг 2021 йилда ҳокимиятга қайтишини олқишлаган. Ўша пайтдаги Бош вазир Имрон Хон афғонлар «қуллик кишанларини ташлаб юборганини» эълон қилди. Бироқ, тез орада уларнинг муносабатлари ёмонлашди.
Исломобод «Таҳрик-и-Толибон Покистон» гуруҳи раҳбарияти ва унинг аъзоларининг катта қисми Афғонистонда жойлашганига ва у ердан Покистон ҳудудига ҳужумлар уюштираётганига ишонади. Жануби-ғарбий Балужистон вилоятининг мустақиллигини ҳимоя қилаётган дунёвий қуролли исёнчилар ҳам шунга ўхшаш тактикалардан фойдаланадилар. Афғонистон томони бу айбловни ҳам рад этиб келади.
Ўз навбатида, Покистон «Таҳрик-и-Толибон Покистон» гуруҳини террорчилар деб ҳисоблайди.
Покистон нуқтаи назарига кўра, Афғонистоннинг чегара ҳудудларига ҳужумлар шунчаки «Толибон» ҳукуматининг тажовузкор ҳаракатларига жавобдир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг